Сезги органларидан эшитиш органлари анча мураккаблашган. Балиқларда
фақат ички қулоқ бўлса, амфибияларга келиб ўрта қулоқ ва ноғора пардаси
ҳосил бўлган. Ўрта қулоқ (ноғора) бўшлиғи оғиз бўшлиғи билан махсус –
евстахиев найи орқали бирлашиб туради. Товуш тўлқинларини ички қулоққа
етказувчи эшитиш суяги – устунча пайдо бўлган. Устунчанинг бир учи ноғора
пардасига, иккинчи учи ички қулоққа бирлашган бўлади. Товуш тўлқинининг
таъсири натижасида ноғора пардаси тебранади. Бу тебраниш ички қулоқнинг
перилимфасига ўтказади. Перилимфа суюқлиги эса тўлқинланиб нерв учини
қитиқлайди. Натижада ҳайвон товуш тўлқинини сезади. Ўрта қулоқ бўшлиғи
балиқларнинг пуркагичи (олдинги жабра тешигидан), устунча эса балиқларнинг
тил ости ёйи суягидан ҳосил бўлган.
Кўриш органлари қуруқликда яшовчи ҳайвонларга хос типда тузилган.
Кўзларининг шох пардаси қавариқ линза шаклида, кўз гавҳари эса икки
томонлама қавариқ линза шаклида тузилган бўлиб, кўзни қуриб қолишдан ҳамда
механик таъсирлардан сақлаб турувчи ҳаракатчан қовоқлар пайдо бўлган.
Ҳид билиш органии ташқи бурун тешигидан бошланади. Ташқи бурун
тешигида махсус клапанлари бор. Бурун бўшлиғи оғиз бўшлиғига очилади.
Ҳаракат қилиш органлари ва скелети. Асосий ҳаракатга келтирувчи куч
мускуллар бўлиб, уларнинг балиқларникидан фарқи метамер ҳолда
бўлмаслигидадир. Оёқларни ҳаракатга келтирувчи мускуллар кучли тараққий
этган бўлиб, улар айрим мускуллар тўпламларини ҳосил қилади. Метамер
мускуллар қисман қорин ва елка қисмида сақланиб қолган. Амфибияларда
мускулларнинг кўпчилигида метамерликни йўқолиши уларни типик қуруқликда
яшовчи ҳайвонларга хос тузилишга эга бўлишидадир.
Бош мия қутисининг асосий қисми тоғай тўқималаридан ташкил топган.
Умуртқа поғонаси 1 та бўйин, бир неча гавда (энг ками 7 та), 1 та думғаза ва дум
умуртқаларидан (думсизларда дум суяги уростил суякчадан иборат) ташкил
топган.
Тоғай элементлари суяк элементларига нисбатан чидамсиз ва енгил
бўлади. Амфибияларнинг кам ҳаракатда бўлиши, уларни гоҳ сувда, гоҳ
қуруқликда яшашлари шунга боғлиқ бўлса керак. Тил ости ёйи эшитиш суягига
айланганлиги туфайли пастки жағ мия қутиси билан квадрат суяк ёрдамида
бирлашади.
Олдинги оёқнинг скелети елка билан, тирсак, билакузук кафт ва бармоқ
суякларидан, кейинги оёқ эса сон, катта ва кичик болдир, товон, панжа ҳамда
бармоқлардан ташкил топган.
Оёқ камарлари балиқларникига нисбатан анча яхши тараққий этган ва
қуруқликда яшовчи ҳайвонларга хос учта суякдан: елка камари – курак,
каракоид ва прокаракоидлардан, чаноқ камари ёнбош, ўтирғич ва қов
суякларидан ташкил топган. Бироқ уларда тоғай элементлари кўп.
Do'stlaringiz bilan baham: