е) рус ва совет тарихшунослиги
Рус ва совет тарих фанида асосий эътибор илк ислом ва ўрта аср араб маданияти тарихига берилган ҳолда арабларнинг исломолди давр тарихига иккинчи даражали мавзу деб қараб келинди. Шундай бўлсада, асримиз бошидаёқ машҳур рус арабшунослари томонидан ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотмаган асарлар яратилди. Булар жумласига И.Ю.Крачковскийнинг жоҳилия шеъриятига бағишланган мақолалари, А.Е.Кримскийнинг халифат тарихи курсидаги исломдан олдинги даврга оид қисмларини киритиш мумкин.
Совет шарқшунослигида ислом ва исломолди тарихининг биринчи жиддий тадқиқотчиси сифатида академик В.В.Бартольдни эътироф этиш мумкин. 20-йилларда ёзилган мақолаларида ва айниқса «Мусайлима» номли асарида у ислом динининг вужудга келиш масаласини VI аср охири ва VII аср бошида Арабистонда юзага келган диний-сиёсий ҳаракат билан боғлади. Бартольд бу ҳаракатни «кўпхудолилик ва яккахудолилик» ўртасидаги кураш сифатида таърифлаб, у «фақат диний ғоялар соҳасида эмас, балки кўпроқ ижтимоий муносабатлар доирасида кечганлигини» таъкидлади.
Аммо 1925 йили академик В.В.Бартольд, бизнингча, бир хато фикрни илгари сурди. «Ҳамма динлар ичида, - деб ёзган эди у, - ислом ўз халқининг ўтмиши билан энг кам боғлангандир». Афсуски, бу фикр ҳалигача ўз тарафдорларига эга. Улар ислом дини асосан ўша вақтда Арабистонда тарқалган иудаизм, христианлик, зароастризм, яман монотеизми ва турли диний-фалсафий системаларнинг таъсири натижасида вужудга келган деб ҳисоблаб, унинг генезисини ўрганишда Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаёти ва унга таъсир қилган муҳитни таҳлил қилишдан нари ўтмадилар. 30, 50-60-йилларда юз берган баҳсларда қатнашган кўп совет шарқшунослари ҳам ислом дини бир неча минг йиллик тарихий жараённинг ҳосили сифатида VII аср бошида бадавий араблар эмас, балки ярим оролнинг ўтроқ аҳолиси, энг муҳими, пул-товар муносабатлари юксак даражада ривожланган Макка, Мадина каби шаҳарлари аҳолиси орасида вужудга келганини кўрсата билмадилар.
Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди, чунки совет тарихчи- арабшуносларидан биронтаси 60-йилларгача қадимги Арабистон тарихи билан махсус шуғулланмаган. Балки буни манбаларнинг характери билан боғлаш мумкиндир. Бизгача етиб келган ёзувларнинг аксарияти сирёний (оромий) ёки муснад (жанубий араб) хатида битилган. Қандай бўлганда ҳам қадимги Арабистон тарихи бўйича биринчи жиддий асар муаллифи - йирик сиролог Н.В.Пигулевскаядир. 1941 йили у сирёний манбаларига асосланиб, VI аср арабларига бағишланган катта мақоласини эълон қилди. Кўп йиллар давомида юнон, сирёний ва араб манбаларини чуқур ўрганиш натижасида Н.В.Пигулевская 1951 йили Византиянинг IV-VI асрлардаги ташқи савдоси ҳақида йирик монография нашр қилдики, унда Жанубий Арабистонга тааллуқли махсус боб бор. Шундан сўнг арабларнинг Эрон ва Византия билан муносабатлари олимани қизиқтирган етакчи масалалардан бири бўлди. 1964 йили унинг бу мавзудаги бир қанча тадқиқотларини бирлаштирган янги асари чиқди. Муаллифнинг ўзига хос новаторлиги шундаки, у араб кўчманчи қабилаларини ўрганиш билан чегараланиб қолмай, Арабистон ярим оролини тўлиғича - Ямандан тортиб Суриягача «Яқин Шарқдаги учинчи куч сифатида» тадқиқ қилишга ҳаракат қилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Н.В.Пигулевскаянинг асарлари, шарқ манбаларидан мўл фойдалангани учун бўлса керак, тарихга «европоцентристик» нуқтаи назар билан қарашдан холидир. Н.В.Пигулевскаянинг, А.Г.Лундин, П.А.Грязневич, М.Б.Пиотровский, И.Ш.Шифман ва О.Г.Большаков сингари шогирдлари ва ёш ҳамкасблари илмий йўналишларининг шаклланишида хизмати катта бўлди.
Таниқли тарихчи-арабшунос олим Е.А.Беляевнинг изланишлари асосан илк халифат даври билан чегараланди. Бу мавзудаги унинг қаламига мансуб энг машҳур монография «V-VI асрларда Арабистон ва араблар» сарлавҳали боб билан бошланган.
60-80-йилларда совет арабшунос олимларидан катта гуруҳи бир қатор араб мамлакатларида илмий сафарларда бўлдилар. Улар ўрта аср араб қўлёзмалари ва уларнинг нашрлари билан кенгроқ танишиш, қадимги яман ёзувларидан нусхалар кўчириш, дала кундаликлари олиб бориш имкониятига эга бўлдилар. Натижада бизни қизиқтираётган мавзуларда талайгина диссертациялар ёқланди ва китоблар нашр қилинди.
А.Г.Лундин асосан жанубий Арабистон ёзувларига асосланиб, ўнлаб катта ва кичик асарлар ёзди. Бемалол айтиш мумкинки, унинг тадқиқотлари совет сабошунослиги фанига асос солди. А.Г.Лундин Г.ва Ж.Рикманслар, В.Каскель, А.Бистон ва А.Жамм сингари кўзга кўринган ғарб сабошуносларининг таржималари ва изоҳларини ҳаққоний равишда танқид қилди ва кўп ҳолларда ўз талқинини берди. Аммо ўзининг «Жанубий Арабистон VI асрда» деб номланган дастлабки йирик асарида А.Лундин, бизнингча, хато равишда Ҳимёр давлатининг барпо бўлиш вақтини IV милодий аср охири билан белгилаб, бу фикридан у кейинги асарларида ҳам воз кечмади. Жумладан, 1971 йили чоп қилинган «Сабо мукарриблари давлати» номли фундаментал китобида у Сабо давлати ҳукмини эр.авв. 115 йилгача эмас, балки то IV милодий асргача давом эттиради.
А.Г.Лундин илмий анжуманларда қадимги араб давлатлари ва ислом динининг ижтимоий илдизлари хусусида ҳам чиқишлар қилди.
П.А.Грязневич 60-80 - йиллар мобайнида дастлаб оддий таржимон, сўнг БМТ стипендиати ва, ниҳоят, етук илмий ходим сифатида Яманга сафарлар қилди. Шу аснода у 400 дан ортиқ ҳали ҳеч ким кашф қилмаган қадимги яман ёзувларини тўплади, жуда кўп археологик ёдгорликларни ўрганди ва катта тарихий-географик дала ишларини олиб бордики, уларнинг натижаси бир неча китобларни ташкил қилди.
1983 йили Яманнинг Ҳадрамавт вилоятида совет-яман комплекс экспедицияси иш бошлаб, унинг аъзолари 5 йил давомида осорий, тарихий, тарихий-жуғрофий, этнографик ҳамда тилшунослик ва архитектура соҳаларида чуқур тадқиқотлар олиб бордилар. Бу тадбирнинг ташаббускорлари ва фаол қатнашчиларидан бири П.А.Грязневич эди. Тўпланган маълумотлар пухта ишланиб, тўлиқ эълон қилинганича йўқ. Ҳозирча бу ҳақда дастлабки илмий ахборотлар қилинди, холос. Яманда араб тилида 2 қисмдан иборат «Қадимги ва ҳозирги Ҳадрамавт» номи билан мақолалар тўплами нашр қилинди. Унда П.А.Грязневич масъул муҳаррир ва бир неча мақолаларнинг муаллифи сифатида қатнашди.
Қадимги Яман тарихини ўрганиш билан бир қаторда асосий ихтисослиги арабшунос-тарихчи бўлган П.А.Грязневич ислом динининг генезиси билан боғлиқ мавзуларда қатор асарлар ёзди. Бир неча ленинградлик таниқли исломшунос олимларнинг 1984 йили чоп қилинган махсус китобидаги жами 25 мақоладан 7 таси П.А.Грязневичга тегишлидир. Чамаси 80-йиллар бошида П.А.Грязневич ва СССР ФА Шарқшунослик институти Ленинград бўлими қошидаги Яқин Шарқ кабинети аъзолари ислом дини генезиси бўйича баҳсни янгитдан бошлашни мўлжалладилар. Хусусан, П.А.Грязневич Бартольд давридан бошлаб то 80-йилларгача совет тарихшунослигида бу муаммо бўйича билдирилган барча фикрларни кескин танқид қилди ва бир ибора билан айтганда «исломнинг вужудга келиши ва тарқалиши жамоа-уруғчилик тузумини бошидан кечираётган жамият доирасида юз берди», деган тезисни илгари сурди.
Бу мавзу тадқиқотимиз доирасидан ташқарида бўлсада, шуни айтиш жоизки, ленинградлик олимларнинг ислом генезиси масаласини тубдан қайта кўриш ҳақидаги фикрлари ҳеч қандай ижобий натижа бермади, зеро бу тадқиқотчилар ҳали ҳам формацион таълимот қобиғида қолаётганлари боис уларнинг ниҳоий хулосалари объектив ва мантиқий бўлиши амри маҳол эди. Бизнингча, Арабистон ярим оролининг Яман, Ҳижоз ва ўтроқ аҳоли яшаган бошқа қадимий маданият ўчоқлари ҳали етарлича ўрганилгани йўқ, талабга жавоб берадиган даражада манбашунослик базасига эга эмасмиз. Шундай экан, қадимги Арабистон тарихига оид мавжуд маълумотлар П.А.Грязневичнинг ислом «жамоа-уруғчилик тузуми доирасида» вужудга келгани ҳақида қатъий ҳукм чиқаришига асос бўла олмайди.
60-йилларнинг иккинчи ярмида қадимги Арабистон тарихи тадқиқотчилари сафига ёш, забардаст олим, М.Б.Пиотровский қўшилди. У 1965 йилдан 1984 йилгача Миср, Сурия, Иордания, Ироқ, Кувайт ва Яманга илмий сафарларда бўлди ва шунингдек, Ҳадрамавтда олиб борилган совет-яман комплекс экспедициясининг ишларида қатнашди. Истеъдодли арабшунос М.Б.Пиотровский бир неча йил Адандаги ижтимоий фанлар олий мактабида Яман тарихидан лекциялар ўқиди, Сана, Бағдод, Мосул, Басра, Кувайт университетларида айрим чиқишлар қилди, араб тилидаги кўп жилдли «Яман тарихи» китобини тайёрлашда қатнашди.
М.Б.Пиотровский қадимги ва илк ўрта аср Ямани бўйича кандидатлик сўнг докторлик диссертацияларини ёқлади, уларнинг мазмуни бир неча мақола ва монографияларни ташкил қилди. М.Б.Пиотровский илк ислом тарихи мавзуларида бир қатор мақолалар муаллифи ҳамдир. Зикр қилинган асарларнинг катта қисми араб тилига таржима қилиниб, Аданда босмадан чиқарилган.
Юқорида эслатилган Ҳадрамавт совет-яман комплекс экспедициясида қатнашган археолог Х.А.Амирханов Жанубий Арабистоннинг тош асри тарихига бағишланган докторлик диссертациясини ёқлади.
О.Г.Большаков асосан ўрта аср Яқин Шарқида ижтимоий-иқтисодий муносабтларни тадқиқ қилиш билан машғул бўлсада, унинг Халифат тарихига бағишланган йирик монографиясида I-II боблар бизни қизиқтирган даврга тегишлидир.
Қадимги Арабистон тарихини ёритишда иврит, грек, лотин, оромий (сирёний) тилларидаги манбалардан энг кенг фойдаланаётган тадқиқотчи И.Ш.Шифмандир. Асли ихтисоси қадимги Юнонистон ва Рим тарихи бўлган бу олим исломдан олдинги Шимолий араб давлатларидан наботийлар ва тадмур ҳақида монографияларни ёзди. I-III милодий асрлар давридаги Сурия жамиятининг ижтимоий-иқтисодий тарихига бағишланган монографиясида И.Ш.Шифман илгари кўчманчилик тарзида яшаган арабларнинг бу пайтда Дамашқ, Пальмира сингари йирик шаҳарларда муқим бўлиб қолганларини кўрсатди. Айниқса китобнинг Пальмирага тегишли қисмлари изланишларимиз йўналиши учун катта аҳамият касб қилди.
Айни вақтда шуни қайд қилиш керакки, И.Ш.Шифман яҳудий-исроил ва юнон-рим қадимги адабиётидан олинган наботийлар ва Пальмира тарихига оид баъзи маълумотларни мавжуд араб ёки қадимги Месопотамия ёзувлари билан қиёсламайди. Масалан, яҳудий анъанасига кўра Пальмиранинг асосчиси подшо Соломон (мил.авв.X аср) деб эътироф этган ҳолда бошқа манбага мувофиқ Тиғлатпалассар (мил.авв. XI аср) давридаёқ бу шаҳар - давлати мавжуд бўлганини эслатмайди.
Вл.В.Полосин ибн ал-Калбийга оид 2 мақола ва «Китоб ал-Асном»нинг рус тилига таржимасини сўзбоши ва шарҳлар билан нашр қилди.
Москвалик олимлардан бевосита қадимги Арабистон тарихи билан Г.М.Бауэр ва Л.В.Негрялар шуғулландилар. Қадимги Яман ёзувлари бўйича бир неча мақола эълон қилгач, Г.М.Бауэр 1964 йили кандидатлик диссертациясини ёқлади. Унинг жанубий Арабистон ёзувларининг тилига бағишланган ажойиб монографияси босмадан чиқди. Л.В.Негря ўзининг 1981 йил чоп қилинган монографиясини Шимолий ва Марказий Арабистонда кўчманчи чорвадорчилик билан шуғулланган араб қабилаларида V-VII асрларда юз берган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар таҳлилига бағишлади.
Хулоса қилиб аўтганда рус тилидаги тарихий адабиётда қадимги Арабистон тарихига оид мақола ва монографик асарлар асосан 60 - 80 йиллар орасида пайдо бўлди. Аммо шу пайтгача Арабистон ярим оролининг исломдан олдинги даврини тўлиғича ёритган бирон асар ёзилгани йўқ.
Мустақиллик йилларигача ўзбек тилидаги тарихий адабиётда қадимги Арабистон тарихи махсус тадқиқ қилинган эмас. Йирик ўзбек исломшунос олимлари М.А.Усмонов ва Н.Иброҳимовларнинг Қуръони карим билан боғлиқ илмий фаолиятларида мазкур мавзуга билвосита тегишли маълумотлар мавжуд. Охирги йилларда ушбу сатрлар муаллифи бевосита мавзу бўйича қатор илмий асарлар эълон қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |