10.2. Иситиш тизимини туркумлари.
Иситиш тизимлари асосий элементларини жойлашишига қараб маҳаллий ва марказий тизимларга бўлинади.
Маҳаллий тизимларда битта хонани иситиш учун 3 та асосий элемент битта қурилмада конструктив бирлашган бўлиб, унда иссиқлик бевосита олинади, кўчирилади ва хонага узатилади. Иссиқликни ташувчи муҳит иссиқ сув, буғ, электр токи ёки ёқилғини ёқиш орқали қизитилади.
Маҳаллий иситиш тизими мисоли сифатида газ ҳаволи иситиш агрегатини келтириш мумкин. (11.2-расм).
Ёндиргичда газсимон ёқилғини ёқиш натижасида олинадиган иссиқлик энергияси сиртли иссиқлик алмаштиргичда вентилятор ҳайдайдиган ҳавога узатилади. Иссиқ ҳаво иссиқлик ўтказгичлар - каналлар (йўналиш йўллари стрелкалар билан кўрсатилган) орқали фильтрда тозалангандан сўнг хонага чиқарилади. Газнинг совуган ёниш маҳсулотлари тутун қувури орқали(пунктир стрелкалар) атмосферага чиқарилиб юборилади.
Электр энергиясидан фойдаланиладиган маҳаллий тизимда иссиқлик суюқ ёки газсимон иссиқлик ташувчиси ёрдамида ҳамда бевосита қаттиқ муҳит орқали узатилиши мумкин.
Битта иссиқлик марказидан бир гуруҳ хоналарни иситиш учун мўлжалланган тизимлар марказий дейилади. Иссиқлик марказида иссиқлик алмаштиргичлар ёки иссиқлик генераторлари (қозонхоналар) жойлашган бўлади. Улар иситилаётган бино (маҳаллий иссиқлик пункти ёки қозонхона)да, шунингдек бинодан ташқарида – марказлаштирилган иссиқлик пунктлари (МИП) да, иссиқлик станцияси (алоҳида турган қозонхона) да ёки иссиқлик электр маркази (ИЭМ)да жойлашиши мумкин. Марказий тизимларнинг иссиқлик ўтказгичлари магистралларга (узатиш, улардан иссиқлик ташувчиси узатилади ва қайтиш, улардан совуган иссиқлик ташувчиси қайтади), стоякларга (вертикал қувурлар ёки каналлар) ва шахобчаларга (горизонтал қувурлар ёки каналлар, улар магистралларни иситиш асбобларнинг улаш қувурлари билан боғлайди) бўлинади.
Маҳаллий қозонхонага эга бўлган марказий тизимнинг мисоли сифатида 1.1-расмда кўрсатилган принципиал схемани келтириш мумкин, бу ҳолда иситиш асбоблар бинонинг барча хоналарида жойлашган бўлиши керак.
Агар бинолар гуруҳи алоҳида турган марказий иссиқлик станциясидан иситилса, бундай марказий иситиш тизими туманли дейилади. Бу ҳолда ҳам тизимнинг иссиқлик алмаштиргичлари ва иситиш асбоблари алоҳида бўлади: исиқлик ташувчиси (масалан сув) иссиқлик станциясида қиздирилади, ташқи ва ички (бино ичидаги) иссиқлик ўтказгичлари орқали ҳаракатланиб, ҳар бир бинонинг алоҳида хоналаридаги иситиш асбобларига узатилади ва совугандан сўнг яна станцияга қайтади. (10.3-расм)
Фуқаро биноларини ИЭМ ва йирик иссиқлик станцияларидан таъминлайдиган замонавий иссиқлик таъминоти тизимларида иккита иссиқлик ташувчисидан фойдаланилади. Бунда юқори ҳароратли бирламчи иссиқлик ташувчиси ИЭМ ёки станциядан шаҳар тақсимлаш иссиқлик ўтказгичлари орқали МИП (ёки алоҳида бинолар)гача бориб, ундан қайтади. Иккиламчи иссиқлик ташувчиси иссиқлик алмаштиргичлар (ёки бирламчи иссиқлик ташувчиси билан аралашиш)дан сўнг ташқи (квартал ичидаги) ва ички иссиқлик ўтказгичлари орқали ҳар бир иситилаётган хонадаги иситиш асбобларига бориб, кейин МИПга қайтади.
Бирламчи иссиқлик ташувчиси бўлиб, одатда сув, буғ ёки ёқилғи ёнишининг газсимон маҳсулотлари хизмат қилади. Агар, масалан, бирламчи юқори ҳароратли сув, иккиламчи сувни қиздирса, бу ҳолда бундай марказий иситиш тизими сув-сувли деб аташ лозим. Шунга ўхшаш сув-ҳаволи, буғ-сувли, буғ-ҳаволи, газ-ҳаволи ва бошқа марказий иситиш тизимлари мавжуд бўлиши мумкин. Асосий (иккиламчи) иссиқлик ташувчисини турига қараб, маҳаллий ва марказий иситиш тизимларини сувли, буғли, ҳаволи ва газли иситиш деб аташ қабул қилинган
Do'stlaringiz bilan baham: |