3.Лисоний бирликлар индексини тузиш усули. Бадиий матннинг лингвопоэтик таҳлили жараёнида асардаги лисоний бирликларнинг индексини тузиб чиқиш талаб қилинади. Бунинг учун дастлаб, асардаги энг кўп қўлланилган, асар бадиияти учун характерли бўлган бирликлар (масалан, иборалар, синономлар, антонимлар ёки эпитетли бирикмалар, метонимия, метафоралар бўлиши мумкин) аниқланади. Кейин алифбо тартибида териб чиқилади. Бу ёзувчининг лисоний маҳоратини ёритишда фактик материал вазифасини ўтайди. Масалан, моҳир сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романида қўлланган юздан зиёд ибора, метафора ёки метонимияларнинг индексини қуйидаги тарзда тузиб чиқишимиз мумкин: (5 жилдлик. 1-жилд. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1987 йил.)
Иборалар:
Афтини буриштирмоқ – Қимирласам, биқиним санчади, –деди Саидий худди ҳозир санчадигандай афтини буриштириб. (41-бет)
Бўйнига олмоқ – Саидий хайрлашиб чиқди, қишлоққа боришни бўйнига олиб қўйди. (83-бет)
Дами ичига тушмоқ – Саидий Ёқубжоннинг айтганини қилганида Кенжанинг дами ичига тушди. (124-бет)
Оқизмай-томизмай етказмоқ – Сўз ўрни келганда, у Саидийда заковат белгилари кўрганини, бу йигит оддий студентлардан юқори туришини сўзлар, буни эса Мунисхон оқизмай-томизмай Саидийга етказар эди. (67-бет)
Таъби очилмоқ – У қишлоққа келганида дастлаб янги муҳитга ўрганолмай кўп қийналган эди, аммо ўрганганидан сўнг, таъби очилиб кетди. (89-бет)
Юраги дов бермаслик – Мунисхон пальтосининг ёқасини кўтарди-ю, эшикдан чиқишга юраги дов бермай, туриб қолди. (43-бет)
Уҳда қилолмаслик – Шеф билан ишлаб ҳам уҳда қилолмаётирсизми? (82-бет)
Қулоқ бермоқ – Қиз унинг сўзига ўзи устидан чиқарилган ҳукмни тинглагандай қулоқ берар эди. (35-бет)
Метафоралар:
– Ассалому алайкум, шервачча, – деди бир кекса товуш ва бу товушнинг эгасидан илгари «тўқ» этиб ҳасса кирди.(88-бет) – Шервачча, – деди чол иккала қўлини кўкрагига қўйиб, хириллаб, - газетага берсалар... (89-бет)
Дори – Ё бош оғриғини дори билан босайликми? Бир рюмка-бир рюмка... (129-бет)
Яқинлик иплари – Бора-бора икки орадаги Эҳсон туғдирган яқинлик иплари узила бошлади. (42-бет)
«Тўнгак» билан профессор ўртасида ўтган бу гап бутун университетга довруқ бўлди. (43-бет)
Метонимиялар:
Зал – Яна қарсак зални кўтаргудай бўлди. (94-бет) Бутун зал домлага қаради (94-бет)
Катта, майда – У «катта» ёзиш учун аввал «майда» билан ўқувчи орттириш керак, деди. (136-бет)
«Ошиқлар» – Хусусан, Кенжа Саидийнинг «Ошиқлар»и очиқдан-очиқ шўро ҳукуматининг хотин-қизлар озодлиги тўғрисидаги сиёсатига зарба бериш, (...) Аббосхоннинг ўзи тасаллига муҳтож бўлиб қолди. (139-бет)
Факультет – Факультетни ташлашга ўзингизда бу қадар мажбурият сезсангиз ноилож давом этманг, чунки бу нарса факультетдан ҳайдалишга олиб келади. (106-бет)
Фирқа – Шунда, албатта фирқа кўрсатган йўлдан борамиз. (94-бет)
Университет – Университет чақиртираётир. (91-бет) «Тўнгак» билан профессор ўртасида ўтган бу гап бутун университетга довруқ бўлди. (43-бет)
Шиша – Буни эса кўпроқ шиша осонлаштиради. (112-бет)
Таҳлил типлари
Бадиий матнни таҳлил қилишнинг тамойил ва усуллари бўлганидек, ўзига хос типлари ҳам мавжуд. Таҳлилнинг мақсади, йўналиши ва қамровини асар ҳажми жиҳатини ҳисобга олиб иккига ажратиш мумкин: тематик ва комплекс таҳлил.
Do'stlaringiz bilan baham: |