Зид маъноли сўзлар
Тилда зид маъноли сўзларнинг мавжудлиги бадиий нутқнинг ифодалилиги, экспрессивлиги, таъсирчанлигини таъминлашда қулай воситалардан биридир. Шарқ адабиётда жуда қадим замонлардан буён тилдаги бу ифода имкониятидан кенг фойдаланиб келинган. «Шоир учун жуда зарур бўлган санъатлардан бири тазоддир. Бу санъат яна мутобақа, тибоқ, татбиқ, муттазод, иттизод ва такофу деб ҳам аталади. Бу санъатда, бадиъшуносларнинг айтишича, зид маъноли сўзлардан фойдаланилади.»63 Европа филологик анъанасида бу санъат «антитеза» деб юритилади. Бадиий матннинг лингвопоэтик таҳлилига бағишланган ишларда зидлантириш, қаршилантириш атамаларидан фойдаланилади. Зид маъноли сўзларни ёнма-ён қўллаш орқали тушунчалар, белгилар, ҳолатлар, образлар зидлантирилади. Одатда, лисоний ва контекстуал ёки нутқий зид маъноли сўзлар фарқланади. Масалан: Эски қишлоққа янги одат. (Мақол) Ҳали анча баландда бўлса ҳам унинг камолидан заволи яқинроқ экани кўриниб турарди. Шунча ер қўлдан чиққан бўлса, унинг бараварига қанча давлат қўлга киргандир, муни худо биладию худонинг севимли бандаси қоракўз Мирёқуб билади!..(Чўлпон) Баъзан маҳоратли ёзувчилар қаҳрамонлар руҳиятидаги контрастликни бўрттириб тасвирлаш мақсадида муайян бир контекстуал синонимик қатордаги бир неча сўзни бошқа бир контекстуал синонимик қатордаги бир неча сўзга бирданига зидлантирадилар. Масалан: У вақтда ўзи – кулди, очилди, қувонди, гердайиб, осмондан қараб қадам босди... Хадичахон эса эзилди, куйди, ўртанди, хўрланиб – хўрланиб, аччиқ – аччиқ йиғлади. (Чўлпон)
Контекстуал антонимлардан бадиий асарда тасвирнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишлатилади. Масалан:
«Зелихон Элчиндан қасос ҳақидаги гапларни биринчи марта эшитганда сергакланди. У муштдек юракни қоядек дард босиб турибди, деб юрса, бу вужудда вулқон куч тўплаётган экан...» (Т.Малик)
Бу нутқий парчада муштдек ва қоядек сўзлари «кичик» ва «катта» маънолари билан антонимик муносабатга киришган.
Зид маънолиликни барқарор бирикмаларда ҳам кўплаб кузатишимиз мумкин. Ибораларда: кўкка кўтармоқ – ерга урмоқ, юзи ёруғ – юзи шувут, кўнгли оқ – ичи қора, кўзига иссиқ кўринмоқ – кўзига совуқ кўринмоқ каби. Ёки сўз ва ибора ўртасидаги – лексик-фразеологик зид маънолилик: хасис – қўли очиқ, хафа – оғзи қулоғида каби. Мақол ва маталларда: Каттага ҳурматда бўл, кичикка иззатда. Яхшидан от қолади ёмондан дод. Осмон йироқ – ер қаттиқ. Ҳикматли сўзларда: Билмаганни сўраб ўрганган – олим, орланиб сўрамаган – ўзига золим. (А.Навоий)
Do'stlaringiz bilan baham: |