Марказий банкнинг ҳисоб (дисконт) сиёсатининг моҳияти шундаки, у тижорат банклардан векселларни сотиб олади. Айтайлик, мол сотиб олувчи корхонанинг етказиб берилган мол (товар, хизмат ва ҳ.қ)ларнинг ҳақини тўлаш учун маблағи етарли бўлмаса, у товар учун тўловни маълум вақт ўтгандан кейин амалга ошириши тўғрисида вексель бериши мумкин. Мол сотувчи корхонага пул маблағлари зарур бўлган вақтда у векселни тижорат банкига сотиши мумкин. Тижорат банки векселни сотиб олганда унда кўрсатилган суммадан кам суммага (маълум фоиз ушлаб қолган ҳолда) сотиб олади. Зарур бўлганда, тижорат банки векселни Марказий банкда ҳисобга қўйиши мумкин. Бу ҳолда Марказий банк ҳам ўз фойдасига маълум фоиз – ҳисоб ставкаси ушлаб қолиши мумкин. Марказий банкнинг ҳисоб ставкаси турли давлатларда ҳар хил – 5% дан 15% гача бўлиши мумкин. Тижорат банклари векселларни сотиб олишда Марказий банкнинг ҳисоб ставкасига таянадилар. Марказий банкнинг ҳисоб ставкаси тижорат банклари ўрнатадиган ҳисоб ставканинг энг паст чегараси ҳисобланади. Одатда, тижорат банкларининг ҳисоб ставкаси Марказий банкнинг ҳисоб ставкасидан юқори (0,5 дан – 2% гача) бўлади.
Тижорат банкларининг қайта молиялаштириш сиёсати бу тўғридан-тўғри кредитлаш, векселларни ҳисобга олиш, қимматбаҳо қоғозларни гаровга олган ҳолда кредитлар бериш ва кредит аукционларни ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бундан келиб чиққан ҳолда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш операцияси қуйидаги усулларда олиб борилиши мумкин:
– тижорат банкларининг ихтиёридаги векселларни ҳисобга олиш йўли билан кредитлаш;
– тижорат банклари ихтиёридаги қимматбаҳо қоғозларни гаровга олиш йўли билан кредитлар бериш. Бундай кредитлар ломбард кредитлар дейилади. Уларнинг фоиз ставкалари ломбардли фоиз ставкалар деб юритилади. Жаҳон амалиётида ломбард бўйича (фоиз ставкаси доимо ҳисоб ставкасидан 1-2% юқори бўлади;
– тўғридан-тўғри кредит бериш усули. Кредит ташкилотлари фаолиятида молиявий қийинчиликлар бўлган ҳолларда улар Марказий банкка кредит олиш учун мурожаат қилиши ва Марказий банк кредитидан фойдаланиши мумкин. Қайта молиялаштиришнинг асосий мақсади пул муомаласи ва кредит муносабатларининг ҳолатига таъсир кўрсатишдан иборат. Қайта молиялаштириш сиёсатини олиб бора туриб Марказий банк охирги кредитор сифатида майдонга чиқади.
Ўзбекистон Республикасида Марказий банк ўрнатган қоидаларга асосан, қуйидаги активларни гаровга олган ҳолда 3 ойгача бўлган муддатда кредитлар бериши мумкин:
– олтин, чет эл валютаси, халқаро захиралар тоифасига кирувчи валюта бойликлари ва бошқа бойликлар;
– давлатнинг қарз мажбуриятлари ва давлат томонидан кафолатланган бошқа қарз воситалари.
Марказий банкда депозитга ўтказилган ва унинг депозитарийси учун мақбул бўлган, харид қилиниши ва сотилишига рухсат берилган ва Марказий банк улар билан ушбу қонун доирасида бошқа хил операциялар ўтказиши мумкин бўлган активлар, тўланишига банклар кафолат берган тижорат векселлари асосида кредитлар бериши мумкин.