Киришга оид назорат етказиб берувчи (таъминловчи) ташкилотлардан олинган лойиҳа ҳужжатлари, материаллар, буюмлар ва ускуналарнинг сифатини текшириш учун хизмат қилади. Лойиҳа ҳужжатларининг ишларни сифатли қилиб бажарилишига мувофиқ келиши қурилиш ташкилотининг техник бўлими томонидан текширилади. Материаллар, буюмлар ва ускуналарнинг сифати уларни тегишли стандартларга, паспортларига таққослаб текширилади. Бу ишларни прораблар, усталар, бригадирлар, керак бўлган ҳолларда – лаборатория ходимлари бажарадилар.
Операцион назорат ички техник назоратнинг асосий тури ҳисобланади. У бевосита иш жойларида ишчилар томонидан ўз-ўзини назорат қилиш ёки ишлаб чиқариш ходимларининг назорати кўринишида амалга оширилади. Одатда операцион назорат ишлаб чиқариш операциялари тугаллангандан сўнг бажарилади. Мақсад - нуқсонларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни тузатиш бўйича оператив чоралар кўриш. Операцион назорат ҚИБЛ таркибида ишлаб чиқилувчи махсус схемаларга мувофиқ бажарилади.
Қабул қилишга оид назорат тугалланган иншоотлар ёки уларнинг бир қисми шунингдек яширин ишлар сифатини баҳолаш учун хизмат қилади.
Лаборатория назорати қурилиш объектлари ва қурилиш индустрияси корхоналарида амалга оширилади. Трестлар ва ТББ корхоналарида марказий қурилиш лабораториялари мавжуд бўлиб, улар объектларга келувчи материаллар, буюмларнинг сифатини стандартларга мос келишини текширадилар. Марказий лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш лаборатория назорати аниқлигини ва самарадорлигини оширади.
10.3. Ишчи ва давлат қабул ҳайъатларини ташкил этиш
Қурилиши тугалланган объектлар барча қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан ва майдон ободонлаштирилгандан сўнг пудратчи ташкилот томонидан фойдаланиш учун топширишга тақдим этилади. Тайёр объектларни қабул қилиш уларнинг сифатини назорат қилишнинг сўнгги ва энг маъсул шакли ҳисобланади.
Объектлар, тармоқлар ва иншоотларни қабул қилиш учун ишчи ва давлат комиссиялари ташкил қилинади.
Ишчи комиссияси буюртмачи ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан тузилади. Унинг таркибига бош пудратчи, ёрдамчи пудратчи, лойиҳа ташкилоти, касаба уюшмаси, санитария ва ёнғинга қарши назорат органлари, Давархитектқурилишназорат ва баъзи бир бошқа ташкилот вакиллари киритилади. Комиссиянинг раиси қилиб буюртмачининг вакили белгиланади.
Ишчи комиссияси текшириш натижаларига кўра далолатнома тузади. Бу ишлар объектни Давлат қабул комиссиясига тақдим этишдан камида 1 ой олдин бажарилади.
Давлат комиссияси объектнинг муҳимлиги ва смета қийматига кўра Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимлари ёки вазирликларнинг тегишли қарорларига мувофиқ тузилади. Давлат комиссияси таркибига буюртмачи, бош пудратчи, лойиҳалаш, Давлат санитария ва ёнғинга қарши назорат органлари, касаба уюшмаси техник инспекцияси, буюртмачининг касаба уюшмаси, таъминловчи банк, атроф - муҳитни муҳофазалаш органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киритилади.
Давлат қабул комиссияси объект фойдаланишига тайёр эканлиги тўғрисидаги ишчи комиссиясининг хулосасини кўриб чиқиши, айрим бино ва иншоотларнинг қабул қилинганлиги далолатномаларини текшириш, буюртмачи тақдим этган ҳужжатларнинг комплектлиги ва ҳақиқий эканлиги, объектнинг тасдиқланган лойиҳага мувофиқ келиши, бажарилган ишлар сифатини, муҳандислик тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига мос келишини текшириб бажарилган ишларга ва умуман объектга баҳо бериши ва объект фойдаланишга топширилганлиги тўғрисидаги далолатномани тузиб имзолаши лозим.
Назорат учун саволлар
Қурилиш маҳсулотининг сифати ва унга таъсир қилувчи қандай омиллар бор?
Қурилишда сифат назоратини ташкил этиш қандай амалга оширилади?
Ишчи ва давлат қабул ҳайъатларини ташкил этишда нималарга аҳамият бериш керак?
Do'stlaringiz bilan baham: |