Меҳнат фаолиятига таъсир этувчи хавфли ва зарарли омиллар.
Одам умрининг кўп вақтини меҳнат эгаллайди, агар инсон иш фаолиятида ўрнатилган барча тартиб-қоидаларга риоя қилмаса бу ўз навбатида инсон меҳнат фаолиятига ва соғлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ишлаб чиқариш шароити - бу инсонни ўраб турган атроф муҳитнинг бир қисмини ташкил қилиб унинг таркибига табиат-иқлимга боғлиқ бўлган ҳамда инсоннинг касбий фаолиятига таъсир этувчи хавфли ва зарарли омиллар (шовқин, силкиниш, заҳарли тутунлар, газлар, чанглар, нурланишлар ва ҳаказо) киради.
Ишлаб чиқаришдаги зарарлар деб, иш унумдорлигининг пасайиши, заҳарланиш ва касалликларнинг пайдо бўлиши касалланишнинг ортиб кетиши ва вақтинчалик меҳнат фаолиятининг йўқолиши ва бошқа салбий оқибатларга олиб келишига айтилади.
Хавфли омиллар - муайян бир шароитда инсон соғлигига зарар келтириши ёки организмни ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган омиллар.
Аксарият ҳавфли омилларга ишлаб чиқаришдаги заҳарли кимёвий, биологик моддалар, ионлантириш хусусиятига эга бўлган нурлар ва бошқа кучли таъсир этувчи кучлар киради.
Заҳарли кимёвий моддаларнинг йўл қўйиладиган энг охирги даражасидан юқори миқдорда ёки биологик хавфли таъсирларнинг инсон танасига ўтиши натижасида кучли кимёвий ёки биологик заҳарланиш юз бериб, инсоннинг ўлимига олиб келади. Шунингдек, ионлаштириш хусусиятига эга бўлган нурларнинг юқори миқдордаги дозаси таъсирида ҳам инсон ҳаёти хавф остида қолади.
Зарарли омиллар - инсоннинг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ёки бирор-бир касалликка олиб келиши мумкин бўлган омиллар.
Зарарли омилларга ишлаб чиқаришдаги чанглар, тутунлар, газлар, буғлар, йўл қўйиладиган охирги даражадан юқори қийматга эга бўлган ишлаб чиқариш микроиқлимининг гигиеник меъёрлари, шовқинлар, титрашлар, ёритилганлик, электр ва магнит майдонлари ва бошқалар киради.
Масалан: ишлаб чиқариш чанглари Пневмокомиоз касалликларидан ташқари тери касалликларини ҳам келтириб чиқаради.
Хавфли ва зарарли омилларнинг таъсир хусусиятлари уларнинг таркибига, тузилишига, физик-кимёвий хоссаларига, миқдорига, инсон тана аъзоларига таъсир этиш йўлларига, ҳолатига, учувчанлигига, сувда, ёғда эрувчанлигига ва бошқа кўрсаткичларга боғлиқ.
Ишлаб чиқариш муҳитидаги хавфли ва зарарли омиллар 4-гуруҳга бўлинади (ГОСТ 12.0.003-83 – Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш кўрсаткичлари таснифи):
1. Физикавий
2. Кимёвий
3. Биологик
4. Психофизиологик
Хавфли ва зарарли омилларнинг қуйидаги турлари мавжуд:
Физикавий – ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва ишлаб чиқариш ускуналарининг ҳимояланмаган ҳаракатланувчи элементлари, иш участкасида турли газлар тарқалиши ва чанглар кўтарилиши, электр тармоқларидаги қувватнинг, электромагнит майдонининг меъёрдан юқори бўлиши, шовқин, силкиниш ва бошқа турдаги титрашлар, нурланишлар, ёритилиш даражаси, иқлим ўзгаришлари: об-ҳаво ҳароратининг меъёрдан ортиқ исиши ёки совиб кетиши ва бошқалар.
Кимёвий - заҳарли моддаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг инсон организмига салбий таъсир кўрсатиши.
Биологик - касалланган микроорганизмлар (бактериялар, вируслар, риккетсийлар), макроорганизмлар (ўсимликлар ва хайвонлар), микроб препаратлари, биологик пестицидлар ва бошқалар.
Психофизиологик - таъсир этиш ҳусусиятига қараб жисмоний ва психологик турларга бўлинади.
Жисмоний (статистик ва динамик) зўриқиш – оғир юкни олиб ўтиш, инсон жисмоний ҳолатининг бузилиши, инсон тана аъзоларининг катта босим остида бўлиши ва бошқалар.
Гиподинамия (суст ҳаракатланиш) – ҳаракат фаоллигининг чекланиши, мускуллар қисқариши кучининг пасайиши натижасида организм функцияларининг бузилиши (таянч-ҳаракат аъзолари, қон айланиш, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш тизимларида).
Психологик (нерв фаолиятининг) зўриқиши – ақлий фаолиятни керагидан ортиқ ишлатиш, ҳис-ҳаяжоннинг ортиб кетиши.
Толиқиш – инсоннинг иш қобилияти вақтинча пасайган ҳолати. У қизғин ёки узоқ давом этган ақлий ёки жисмоний фаолиятдан сўнг ривожланади ва унга чарчаш ҳиссини сезиш ҳамроҳлик қилади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инсоннинг меҳнат қилиш жараёнида энергия сарфланиши бажариладиган ишининг оғир енгиллигига, ишнинг оддий-мураккаблигига, эмоционал зўриқиш даражаси ва ишлаб чиқариш муҳитининг гигиеник нормаларига боғлиқ бўлади.
Демак, инсоннинг турли кўринишдаги меҳнат фаолиятларини амалга оширишда, уларнинг ақлий ва жисмоний қобилиятларини хисобга олиш, инсон организмининг меҳнат қилиш қобилиятларини ошириш учун керакли чораларни кўриш ва ишчи-хизматчилар учун керакли шарт-шароитларни яратиш талаб этилади.
Маълумки, ижтимоий ва саноат объектлари электр токининг асосий истеъмолчилари хисобланади. Шунинг учун электр хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири эканлигини назарда тутиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |