СЎЗ БОШИ
“Қурилиш конструкциялари” нинг ажралмас қисми бўлган “Ёғоч конструкциялари” фанини ўрганишдан мақсад бўлажак қурувчиларга бугунги кунда замонавий қурилиш амалиёти учун жуда муҳим бўлган ёғоч конструкцияларига доир билимларни пухта эгалашини таъминлаш, лойииҳалаш асосларини ўргатиш, ёғоч материаллар ва улардан тайёрланган конструкцияларни техник ҳолатини баҳолаш, ёғоч конструкцияларни ишлаб чиқариш бўйича технологик жараёнларни эътиборга олган ҳолда лойиҳалаш ва назорат қилиш кўникмаларини ҳосил қилишдан иборат.
Бугунги кунда республикамизда ёғоч конструкцияларидан фойдаланиш даражаси янги босқичга кўтарилди. Замонавий иморат ва иншоотларда ёғоч материаллардан тайёрланган конструкциялардан, янги турар жой биноларини барпо қилишда турли ёғоч материаллардан кенг фойдаланилмоқда. Шу сабабли, бу турдаги конструкцияларни лойиҳалашни ўрганиш, ҳисоблаш ишларини такомиллаштириш, материалларнинг физик-механик хусусият- ларини эътиборга олган ҳолда мустаҳкамлигини текшириш, бириктириш усулларини янги турларини яратиш муҳим аҳамиятга эга.
“Ёғоч конструкциялари” ни ўрганиш “Қурилиш материаллари ва буюмлари”, “Назарий ва қурилиш механикаси”, “Материаллар қаршилиги” каби фанлардан олинган билимларга асосланади.
Ушбу ўқув қўлланма таянч Тошкент архитектура-қурилиш институти томонидан ишлаб чиқилган (2020 йил 26 сентябрь), Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган (2020 йил 30 сентябрь) фан дастури асосида ишлаб чиқилган.
Ўқув қўлланмада келтирилган мавзулар кетма-кетлиги фан дастурига мос келади. Ҳар бир боб бўйича берилган мисоллар, назорат саволлари ва мисолларни мустақил ечиш бўйича берилган вариантлар олинган назарий билимларни мустаҳкамлаш имконини беради.
Ёғоч конструкцияларни ҳисоблаш ва лойиҳалаш амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидаларига (ҚМҚ 2.03.08-98-Ёғоч конструкциялари) асосланган.
Ўқув қўлланмани тайёрлашда муаллиф ўзининг Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида “Ёғоч конструкциялари” фанини ўқитишдаги кўп йиллик илмий-педагогик тажрибасига асосланган.
Ўқув қўлланмани сифатини яхшилаш бўйича ўзларининг қимматли маслаҳат ва тавсияларини берган тақризчиларга, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти “Қурилиш конструкциялари” кафедрасининг мудири, техника фанлари номзоди, доцент В.Ф.Усмоновга, Тошкент архитектура-қурилиш институти “Қурилиш конструкциялари” кафедрасининг мудири, техника фанлари номзоди, доцент Р.Р.Юсуповга, кафедра профессор-ўқитувчилари Ж.Н.Ғаниев, У.Д.Хамрақулов, Н.М.Убайдуллоева ва бошқаларга муаллиф ўзининг чуқур миннатдорчилигини билдиради.
Муаллиф ўқув қўлланма чизмаларини “AutoCAD” дастури асосида тайёрлашда беминнат ёрдам берган Ж.Турдимуродовга алоҳида миннатдорчилик билдиради.
Ўқув қўлланмани сифатини яхшилаш, мазмунини мукаммаллаштириш бўйича билдирилган фикр ва мулаҳазаларни қуйидаги манзилга юборишларингизни тавсия этамиз: 140147. Самарқанд шаҳри, Лолазор кўчаси. 70 ўй. Телефонлар: 66. 237-15-93, 97. 575- 13-21, 90. 251- 13 21.
Do'stlaringiz bilan baham: |