3.1. Тижорат банклари томонидан мижозларни кредитлаш амалиётида мавжуд бўлган асосий муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўллари
Маълумки, бугунги кунда банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини янада ошириш, тижорат банкларининг ресурс базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг кредит портфели сифатини яхшилаш, шунингдек умум қабул қилинган халқаро меъёр ва стандартларга мувофиқ банк фаолиятини ташкил этишни янада юқори даражага чиқишини таъминлаш банк фаолияти соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Ҳар бир банк сиёсий, иқтисодий, ташкилий ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда мустақил ўзининг кредит сиёсатини ишлаб чиқиши ва олиб бориши мумкин. Одатда ссуда операциялари банк фойдасининг асосий қисмини ташкил қилади. Шуни инобатга олган ҳолда банклар ўз кредит сиёсатини ишлаб чиқишда ва олиб боришда ссуда операцияларидан келадиган даромад ва уларнинг самарали олиб борилишига катта эътибор беришлари лозим. Банкнинг кредит операцияларини олиб бориш ва уларнинг самарадорлиги учун жавоб бериш банкнинг бошқаруви зиммасига юклатилади.
Банкнинг кузатув кенгаши кредитларни бериш билан боғлиқ вазифаларни бошқарувнинг қуйи табақаларига юклайди. Кредит сиёсати кредитни қайси соҳаларга бериш, кредит беришнинг умумий тамойиллари, уни беришдаги чекланишлар ва бошқаларни ишлаб чиқади ҳамда шуларнинг амалга оширилишини назорат қилиб бориши лозим.
Ҳозирги кунда тижорат банклар мустақил равишда ўз кредит сиёсатини ишлаб чиқадилар. Лекин амалиёт шуни кўрсатадики, баъзи банклар фаолиятида бу сиёсатни ишлаб чиқишда маълум камчиликларни кўриш мумкин.
Биринчидан, кредит сиёсатини ишлаб чиқишда кўпроқ, бош банклар актив роль ўйнаб улар ҳар доим ҳам банкнинг қуйи бўғинларининг кредит амалиётларини инобатга олмайдиган ҳолатларни учратиш мумкин.
Иккинчидан, банк салмоғи катта-кичиклигидан қатъий назар ҳар бир банк ходими банкнинг кредит сиёсатининг ҳеч бўлмаганда мақсади, умумий йўналишлари билан таниш бўлиши, уларнинг бажарилиши бўйича фаолият олиб бориши лозим.
Кўпгина тижорат банкларининг кредит сиёсатида асосий эътибор кредитлар бериш бўйича эркинлик, кредит турлари, кредитларни тўлаш, фоиз ставкалари, кредит бўйича гаров қиймати ва унинг баҳоси, мижоз тўғрисида молиявий ахборот, ўз вақтида тўланмаган ва муддати кечиктирилган кредитлар, банк кузатув кенгаши ва бошқарувига бериладиган ҳисоботлар, кредитларнинг концентрацияси, алоқадор шахслар билан операциялар, рискни баҳолаш, кредит портфелини аудит қилиш каби йўналишларни ўз ичига олиши кўзда тутилган бўлсада, уларнинг моҳиятини очиб беришда баъзи бир ноаниқликлар мавжуд эди. Масалан, кредитларни концентрация қилиш тўғрисидаги йўналишида кредитларнинг тури, ҳудудий жойланиши ва бошқа белгилари бўйича концентрация қилиш лозим дейилса, яна шундай кредитлар концентрацияси банкларни катта зарарларга қўйиши мумкинлиги таъкидланади. Ёки мижозларнинг молиявий аҳволини ифодаловчи кредитга лаёқатлилик кўрсаткичлари тўғрисида маълумотларни ифодаловчи кредитнинг баҳоси ва самарадорлигини кўрсатувчи йўналишлар келтирилмаган. Тижорат банклари кредит сиёсатини ишлаб чиқишда аниқ маълумот ва ҳужжатларга эга бўлиши ва кредит сиёсати сифатида режалаштиришлари, бизнинг фикримизча, банкларни катта рисклардан олдиндан ҳимоя қилиши мумкин. Ундан ташқари юқорида келтирилган кредитни концентрациялаш бўлими ўрнига кредитларни диверсификациялаш ёки кредит портфелини бошқариш бўлими деб киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Банклар томонидан бериладиган кредитлар республикани иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга, инфраструктурани такомиллаштиришга, экспорт салоҳиятини кенгайтирувчи соҳаларга йўналтирилган бўлиши керак.
Тижорат банкининг кредит сиёсати, кредит бозорини таҳлил қилиш ва энг паст кредит рискига эга бўлган бозорларни аниқлаш; маблағларни депозитга жалб қилиш; кредитлаш жараёнида юқори самарадорликка эришиш; банкнинг депозит ва кредит портфелини бошқаришни оптималлаштириш; муаммоли кредитлар салмоғини камайтириш; банкнинг ликвидлилиги ва тўловга лаёқатлилигини таъминлаш каби масалаларни ўз ичига олиши лозим.
Амалдаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан тижорат банкларининг фаолиятини олиб боришда ва уларнинг кредит сиёсатини тузишда тўла эркинлик ва мустақиллик тақдим этилди. Эндиликда тижорат банклари ўзларининг мустақил кредит сиёсатини ишлаб чиқмоқдалар. Чунки ҳамма банклар учун тўғри келадиган, ягона кредит сиёсати мавжуд эмас эди. Алоҳида олинган тижорат банки унинг фаолиятига таъсир қилувчи ички ва ташқи рискларни инобатга олган ҳолда минтақа, вилоят, тумандаги иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳолатдан келиб чиқиб ўз кредит сиёсатини ишлаб чиқишлари керак. Банкнинг аниқ кредит сиёсатига эга эмаслиги банк рискларини оширади. Кредит сиёсатининг аниқ эмаслиги белгилаб қўйилган вазифаларининг тўлиқ бажарилишига ва ундан кутилган самарага эришишга тўсқинлик қилади. Банкнинг кредит сиёсатини олиб бориш, кредит портфелини самарали натижасини таъминлашни кўзда тутганлиги учун банкларнинг кредит портфелини ташкил қилишга таъсир қилувчи омиллар ичида банклар хизмат кўрстиш бозорининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан, ҳар бир банк ўзи танлаган бозор секторидаги асосий мижозларнинг қарз маблағига бўлган талабини ҳисобга олиши керак.
Банк фаолияти турли рисклар билан боғлиқ, шунинг учун кредитлар, депозитлар ва бошқа мажбуриятлар билан ўз маблағлари ўртасида мақбул мувозанатни сақлаш банкнинг энг олий мақсадларидан биридир. Оқилона кредит сиёсати банк кредит портфелини сифат жиҳатдан тартибга солиш кўламини, маблағ олиш имконияти, энг юқори риск даражаси, ссуда портфели манбалари ва муддатлари бўйича мутаносиблигини, банк мажбуриятлари ва активлари тузилмасининг мослигини ҳисобга олиши керак.
Кредит сиёсатининг асосий йўналишлари банк кузатув кенгаши томонидан белгиланади. Банк мураккаб ва мунтазам ўзгариб турадиган иқтисодий шароитларда, аввал ҳеч қачон дуч келинмаган ёки тўлиқ ҳал этилмаган вазифа (масалан, риск концепциясини ишлаб чиқиш ва ссудалар бўйича эҳтимолий йўқотишларни кўра билиш, кредитлар жамланиши ҳисобини юритиш ва иқтисодий шароитнинг қарздорлар даромадларига қанчалик таъсир кўрсатишини аниқлаш) кўндаланг турганида кредит сиёсатининг ўрни айниқса муҳимдир.
Кредит сиёсатини ишлаб чиқиш фойда олиш ва самарали иш юритиш ҳолати сақланган ҳолда, бозор эҳтиёжлари қондириладигин энг юқори риск даражасини аниқлашни тақозо этади. Кредит сиёсатидаги ҳар қандай четланиш тўлиқ, ҳужжатлаштирилиши, асосланиши ва истиснолар кўрсатилиши керак. Шу тариқа, кредит сиёсатини қатъий ва батафсил ишлаб чиқилган ҳар қандай банк учун катта аҳамият касб этади ва у кредитлаш тадбирларини мазмунини аёнлаштиради. Бу тадбирларни амалга оширадиган ходимлар мажбуриятларни белгилаб беради.
Кредит сиёсати қоидаларига риоя этиш банкнинг асосий мақсадлари: фойда олишни таъминлаш, рискларни бошқариш, банк меъёрларига риоя этишга эришиши имконини беради.
Кредит сиёсатининг мавжудлиги, энг муҳими – барча даражаларда ишлаб чиқилган сиёсатга риоя этиш банк ссуда портфелини сифатли бошқариш учун асос бўлади. Бу эса ўз навбатида, унинг қарздорлар ва акциядорлари фойдасини кўпайтиради ва фаравонлигини оширади.
Хорижий давлатларнинг йирик банкларида ёзма равишда кредит сиёсати тўғрисида меморандум ишлаб чиқилади ва барча банк ходимлари ўз фаолиятини шу меморандум асосида олиб боришлари зарур. Меморандумнинг таркиби ҳар бир банкнинг фаолиятини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил бўлсада, у банк фаолиятининг асосий йўналишларини қай тариқада олиб боришни ўз ичига олади. Меморандумда олиб бориладиган сиёсатнинг асосан, яъни кўпроқ ишончли ва фойда келтирувчи кредитлар бериш, кредитлар беришда мавжуд кредит ресурсларни ҳисобга олиш, кредит беришнинг охирги чегарасини белгилаб бериш ва бошқалар кўрсатилади. Меморандумда кредит сиёсатининг умумий мақсади аниқ акс эттирилади. Меморандумда кредитлаш шаклларидан фойдаланиш тартиби, кредит сиёсатининг устувор йуналишлари, кредитларга фоиз ҳисоблаш, уларни ундириш ва балансдан ўчириш масалалари аниқ акс эттирилади. Ҳужжатда қайси кредитларни бериш банк учун фойдали ва қайси кредитларни беришдан банк сақланиши лозимлиги, банк ходимларига кредитлар бериш, кредитларнинг сифатини назорат қилиш шакллари ва бошқалар кўрсатилади.
Бунинг учун қуйидагилар аниқланади:
банк учун маъқул бўлган кредитлар турлари;
қандай кредитлар беришдан банк ўзини тутиши;
банкнинг кредитлаш билан боғлиқ фаолияти доираси;
банкнинг ўз ходимларига кредит бериш доирасидаги сиёсати;
қарздорликнинг ҳар хил даражаларига кўра кредитларнинг ҳажмини қисқартириш;
кредит рискини бошқариш, текширув ва назорат доирасидаги банкнинг сиёсати.
Йирик бир америка банкларининг меморандуми схемаси 5 бўлимни, яъни умумий қоидалар, кредитлар категорияси, кредит сиёсатининг хар хил масалалари, кредит портфели сифати устидан назорат ҳамда банк қўмиталарини ўз ичига олади. Кредит сиёсати тўғрисидаги меморандумда банкнинг кредит экспансиясини амалга ошириш лозим булган географик ҳудудлар аниқ акс эттирилади. АҚШ нинг Ситибанкининг кредит сиёсати тўғрисидаги Меморандумининг таркиби куйидагича:
1. Умумий қоидалар: бошқарув; операцияларни қўллаш сфераси; ссудаларнинг баланс портфели; портфелни бошқариш; ссудалар депозитлар коэффициенти; битта мижозга бериладиган кредитнинг максимал миқдори; ссудаларни бериш ваколатлари; фоиз ставкалари; ссудаларни қоплаш шартлари; кредитларнинг таъминланганлиги; кредитга лаёқатлиликни баҳолаш тизими; кредитни расмийлаштириш учун зарур булган ҳужжатлар мажмуи; ссудалар буйича тўловга лаёқатсизлик коэффициенти; муддати ўтган ссудаларни балансдан чиқариш; ссудаларни муддатини узайтириш тартиби.
2. Ссудаларнинг алоҳида турлари: қишлоқ хўжалик корхоналарига берилган ссудалар; саноат корхоналарига берилган ссудалар; ипотека ссудалари; қайта янгиланадиган кредит линиялари; ипотека кредитлари бериш билан шуғулланувчи филиаллар; аккредитивлар; номақбул ссудалар.
3. Кредит сиёсатининг турли масалалари: бошқарувчиларга ва банкнинг маъсул ходимларига бериладиган ссудалар; банкнинг оддий ходимларига бериладиган ссудалар; манфаатлар тўқнашуви.
4. Ссудаларнинг сифати устидан назорат: кредитга лаёқатлиликни баҳолаш; ссуда портфелини тафтиш қилиш.
5. Қўмиталар: директорлар кенгаши қошидаги кредит қўмитаси; молиявий маслаҳатчилар қошидаги кредит қўмитаси; ссудаларни тафтиш қилиш бўйича қўмита.
Барча ривожланган хорижий давлатларда кредитлаш билан боғлиқ операциялар банк актив операцияларининг асосий тури бўлиб қолмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда хорижий банклар амалиётида жисмоний шахсларга бериладиган ссуда операциялари ҳажми ўсиб бормокда. Масалан, Франция ва Германияда бундай ссудалар миқдори корхона ва ташкилотлар оладиган ссудалар миқдори билан тенглашган, АҚШ да эса бундай ссудалар миқдорига кўра биринчи ўринга чиқди.
Тижорат банкларининг жисмоний шахслар билан амалга оширадиган операцияларини шартли равишда икки йирик гуруҳга бўлиш мумкин: истеъмол кредити ва уй-жой кредити.
Истеъмол кредити деганда, одатда, товарлар сотиб олиш мақсадида бериладиган кредитлар тушунилади. Бундай кредитлар хорижий давлатларда ривожланган. Улар аҳолининг товарларни сотиб олиш талабини рағбатлантиради. Айниқса, ўртача даромад кўрадиган шахслар истеъмол кредитидан кенг фойдаланадилар.
Ривожланган хорижий давлатларда индивидуал мижозларга бериладиган ссудалар ичида аҳамиятига кўра иккинчи ўринни ипотека ссудалари эгаллайди. Улар асосан уй-жой қуриш, уларни таъмирлаш ёки сотиб олиш мақсадларига берилади. Бундай кредитлар учун гаров сифатида уй, ер участкаси олиниши мумкин. Халқаро банк амалиётида уй-жой кредитининг муддати 7 йилдан 20 йилгача, айрим ҳолларда 30 йилгача белгиланади. Бундай кредитлар юқори фоиз рискига эга, чунки бу муддат мобайнида жалб қилинган ресурсларнинг баҳоси ошиши мумкин. Шунинг учун тижорат банклари уй-жой кредитини беришда сузиб юрувчи фоиз ставкаларидан фойдаланадилар.
Тижорат банклари томонидан мижозларни кредитлаш амалиётида мавжуд бўлган асосий муаммоларнинг асосийлари қуйидагилардан иборатдир:
1. Тадбиркорлик субъектлари инвестицион лойиҳаларининг ижтимоий самарадорлигини баҳолаш амалиётига етарли даражада эътибор берилмаётганлиги.
Ҳозирга қадар республикамизда кичик бизнес субъектлари фаолиятидаги инвестицион лойиҳаларнинг асосан иқтисодий самарадорлигини баҳолашга катта эътибор қаратилмоқда. Аммо ушбу лойиҳаларнинг қай даражада иқтисодий самара бераётганлигини илмий асосда баҳолаб бериш мақсадида амалга оширилаётган тадқиқот ишлари мавжуд эмас.
2. Республикамиз иқтисодиётининг устувор тармоқларида фаолият кўрсатаётган ва маҳаллий хом-ашё ресурсларини қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотларни экспорт қилаётган кичик бизнес субъектларига берилаётган тижорат банклари кредитларининг маълум қисмини давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан бонификация қилишнинг мавжуд эмаслиги.
3. Хорижий валюталарда берилган инвестицион кредитларни ўз вақтида қайтмаслиги муаммосининг мавжудлиги.
Хорижий кредит линиялари ҳисобидан кредит олган корхоналар томонидан ўз мажбуриятларини вақтида бажара олмаганликлари сабабли банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан хорижий кредиторларга уларнинг асосий қарзлари ва фоизлари тўлаб келинмоқда. Натижада бу кредитлар ва фоизлар банкка қайтарилмасдан муддат бир неча бор узайтириб келинмоқда.
4. Республикамиз тижорат банкларининг ресурс базасини заиф эканлиги кичик бизнес субъектларини инвестициялаш учун зарур бўлган маблағлар ҳажмининг чекланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
5. Талаб қилиб олинадиган депозитларнинг тижорат банклари депозитларининг умумий ҳажмидаги салмоғининг юқори бўлиши нафақат банкларнинг ресурс базасининг заифлашувига, балки уларнинг жорий ликвидлилик даражасининг пасайишига ҳам олиб келади. Бунинг сабаби шундаки, талаб қилиб олинадиган депозитларнинг нобарқарорлик даражаси юқоридир. Шунинг учун ҳам Марказий банклар тижорат банкларининг жорий ликвидлилигига нисбатан чекловлар ўрнатишда албатта талаб қилиб оилнадиган депозитлар суммасини ҳисобга олади.
6. Республикамиз тижорат банклари ва нобанк кредит муассасаларининг кредитлари бўйича қабул қилинаётган гаров объектларига нисбатан талабларнинг унификация қилинмаганлиги микромолиявий хизматлар бозори фаолиятини такомиллаштириш борасидаги долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Бу эса, кичик бизнес субъектларига кўрсатилаётган микрокредитлаш ва микролизинг хизматлари ҳажмини оширишга тўсқинлик қилмоқда. Бунинг сабаби шундаки, кичик бизнес субъектлари тижорат банкларида турлича гаров сиёсати юритилаётганлиги сабабли гаров объектларининг маржинал қиймати хусусида аниқ бир тасаввурга эга бўлмай қолмоқда.
Банк тизимидаги кредит рискларни бошқаришни такомиллаштириш мақсадида қуйидаги амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
1. Рискларни бошқариш тизимини қуйидаги тамойилларга асосланши зарур:
узлуксизлик: рискларни бошқариш жараёни доимий ва тухтовсиз равишда амалга оширилади;
интеграция: рискларни бошқариш жараёнибанк корпоратив бошқарув тизимининг таркибий элементи ҳисобланади;
хабардорлик: исталган турдаги банк операциясини амалга ошириш борасидаги қарор, мазкур операция натижасида юзага келиши мумкин бўлган рисклар таҳлилидан сўнггина қабул қилинади. Рискларга мойил бўлган операцияларни бажарувчи ходимлар, мазкур рискларнинг моҳияти, табиати ва юзага келиши мумкин бўлган холатларни билишлари, уларни индентификация қилишлари ва баҳолашлари лозим;
уйғунлик: рискларни бошқариш жараёни банк фаолиятининг барча йўналишлари ва улар доирасида юзага келувчи барча турдаги рискларни қамраб олади. Назорат ишлари барча бизнес жараёлари ва бошқарув босқичларида олиб борилади;
методологик базанинг ягоналиги: рискларни бошқариш жараёни банкнинг барча таркибий бўлинмалари учун ягона бўлган ёндашув ва стандартлар асосида амалга оширилади;
устуворлик: банк биринчи навбатда фаолият учун энг хавф тўғдирувчи рискларни бартараф қилишга интилади;
мажбуриятларнинг тақсимланиши: банк ходимлари ва таркибий бўлинмалари ўртасида мажбуриятлар шундай тақсимланадики, бунда бажариш ва назорат функцияси бир ходим ёки таркибий бўлинма зиммасига юклатилмайди;
мақбуллик: рискларни бошқариш юзасидан қабул қилинган қарорлар ва амалга оширилаётган тадбирлар ўзининг ҳажми ва мураккаблик даражаси бўйича белгиланган вазифаларни бажариш ва рискларни бошқариш мақсадига мос келиши шарт;
мувозанатлилик: банкнинг ходими ёки таркибий бўлинмаси назорат ва рискларни бошқариш йўналишидаги вазифаларини бажариш учун адекват ваколотлар билан таъминланади;
аниқ регламент: банкдаги барча операциялари меъёрий ҳужжатларда акс эттирилган тартибларга мувофиқ амалга оширилади. Меъёрий ҳужжатларда ёки операцияларни амалга ошириш тартибини аниқлаб берувчи коллегиал органларининг тегишли қарори билан тасдиқланмаган банк операциялари амалиётга жорий қилиниши ва бажарилиши мумкин эмас;
маълумотларнинг ўз вақтида бўлиши: тегишли бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотлар ваколатли шакхсларга тўлиқ ҳажмда ва кечикмасдан етказилиши зарур;
назорат ва тасдиқлаш: банкнинг барча молиявий – хўжалик операциялари рўйхати расман тасдиқланади ва уларни амалга ошиш ваколоти тегишли тартибда аниқланади;
функцияларни бажариш устидан назорат ўрнатиш: рискга мойил бўлган исталган банк операциясининг бажарилиши устидан дастлабки, жорий ва кейинги назорат амалга оширилади.
2. Республикамиз тижорат банкларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришдаги рискларни бошқариш амалиётини такомиллаштириш лозим.
Бу борадаги асосий муаммолардан бири тижорат банкларига инвестицион лойиҳалар бўйича мижозлар томонидан тақдим этилаётган бизнес режаларнинг мукаммал ишланмаганлиги ва уларнинг банклар томонидан етарли даражада таҳлил этилмаётганлиги, ҳамда кредит шартномаларини тузишдаги камчиликларнинг мавжудлиги.
Банклар кредитни расмийлаштириш жараёнида ҳам, кредит маблағидан фойдаланиш жараёнида ҳам асосий эътиборни қарздор томонидан тузилган бизнес режани таҳлил этиш ва тахлилни давом эттиришга каратишлари зарур. Лекин бизнес режаларга кредитор томонидан ҳам, карз олувчи томонидан ҳам кредит амалиёти учун талаб этиладиган расмий бир ҳужжатдек ёндашилади. Ҳолбуки, айнан бизнес режа мижознинг маблағларидан фойдаланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим бир ҳужжатдир. Лекин банкларда бизнес режалар кредитни расмийлаштириш давридагина ўрганиб чиқилади, ўрганилганда ҳам бизнес режадаги охирги натижанинг ижобий эканлиги, яъни мазкур фаолият натижасида олинадиган фойда қисмигина банкларни қизиқтиради. Ваҳоланки, кредит олишни мақсад қилиб олган мижоз албатта фаолият натижасида олинадиган фойда миқдорини шундай даражага етказиб ҳисоблайдики, натижада, банк учун қарздор томонидан кредитни қайтариш хавфи йўқдай туюлади. Шунинг учун ҳам бизнес режалар мижозлар томонидан деярли бир бирига ўхшаш ҳолатда тузилмокда. Муаммоли кредитлар тарихи таҳлил этилганда, аксарият ҳолларда бизнес режаларнинг расмиятчилик учунгина тузилганлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳолбуки, банклар томонидан мижознинг кредит маблағидан фойдаланиш жараёнини ўз ичига олган бизнес режаси асосида хўжалик фаолиятининг доимо таҳлил этиб борилиши кредитларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтаришнинг гаровидир. Расмиятчилик учун тузилаётган бизнес режаларни таҳлил этиш жараёнида уларнинг қай даражада иқтисодий саводсизлик оқибатида тузилганлигининг гувоҳи бўламиз.
Банкдан кредит олган мижозлар кредит бўйича банк олдидаги мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажара олмаган тақдирда аксарият холатларда банк томонидан кредитни қайтариш жадвали қайта кўрилиб, кредитни қайтариш ва ҳисобланган фоизларни тўлаш муддатлари бир неча марта ўзайтирилган. Бир неча холатларда эса, мижозларнинг чет эл валютасида олган кредитлар ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун банк ўз маблағлари ҳисобидан миллий валютада кредитлар ажратган. Бугунги кунда бундай кредитлар ҳам ўз вақтида кайтарилмай келинмоқда.
Шунингдек, ҳукумат томонидан кафолатланган кредитлар бўйича муддати ўтган кредитлар йил бошидан йил охирига томон ошиб боради, янги йилда эса янги узайтиришлар ҳисобидан камаяди, муддати узайтирилган кредитлар эса яна кўпаяди. Бу анъана банк учун хавфли эканлигини айтиб ўтиш жоиздир.
Инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришдаги кредит риски ва валюта рискини бошқариш тизимини такомиллашмаганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Валюта риски муаммосининг моҳияти шундаки, биринчидан, республикамизнинг йирик тижорат банкларида валюта заҳираларининг диверсификация даражаси жуда паст. Масалан, хўжалик субъектларининг ва тижорат банкларининг хорижий валютадаги заҳираларининг 90 фоиздан ортиқ қисми АҚШ долларида шаклланган. Бунинг натижасида АҚШ долларининг курсини волатиллиги натижасида банкларимизда зарар юзага келмоқда. Бундан ташқари, валюта заҳираларининг диверсификация даражасининг пастлиги оқибатида банкларимизда АҚШ долларида бир томонлама қисқа ёки узун валюта позицияси юзага келмоқда. Бунинг оқибатида жорий валюта операциялари бўйича зарар кўриш эҳтимоли ортади.
Сўмнинг етакчи хорижий валюталарга нисбатан реал алмашув курсининг ошиш тенденцияси юзага келди. Бу эса, корхоналарнинг экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, сўнгги йиллар мобайнида сўмнинг номинал биржа курси билан нақд хорижий валюталарнинг тижорат курси ўртасида сезиларли даражада катта фарқ мавжуд бўлган. Бу эса, нақд хорижий валюталарга бўлган талабнинг катта бўлганлигидан ва Марказий банк томонидан сўмнинг алмашув курсини қадрсизланиш суръатини пасайтириш чора-тадбирларининг амалга оширилганлиги билан изоҳланади. Ана шундай чора-тадбирлардан бири мамлакатимиз тижорат банкларининг барча шаклдаги депозитларига (трансакцион, муддатли ва жамғарма депозитлари) нисбатан юқори ставкада мажбурий заҳира талабномаларининг жорий қилинганлиги ҳисобланади.
Сўмнинг номинал алмашув курсининг ошиб кетиши экспортёрлар учун ноқулай вазиятни юзага келтиради. Яъни, экспортёрларнинг хорижий валюталарда олинадиган тушумларининг реал қийматининг пасайиши юз беради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакат корхоналарининг экспорт салоҳиятига нисбатан кучли салбий таъсирни юзага келтириши мумкин. Шу сабабли, сўмнинг номинал алмашув курсининг тебраниш йўлакчаларини белгилаш нафақат мамлакат корхоналарининг импорт операцияларига, балки уларнинг экспорт операцияларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Тижорат банкларининг инвестицион кредитлари самарадорлигини ошириш, улар билан боғлиқ бўлган муддати ўтган қарздорликни камайтириш мақсадида:
– банк томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда бизнес-режалардаги кўрсаткичларнинг ишончли эканлигини текшириш ва уларга таъсир қилувчи омилларни баҳолаш тартибини такомиллаштириш лозим;
– ўзини оқламаган лойиҳаларга берилган кредитларнинг гаров таъминотини сотишни тезлаштириш ва бошқа таъминот объектлари реалиазцияси ижросини таъминлаш;
– муддати ўтган кредитларнинг брутто кредитлар ҳажмидаги салмоғининг 5 фоиздан ошмаслиги хусусидаги талаб алоҳида кўрсаткич сифатида Миллий банкнинг кредит сиёсатида белгилаб қўйилиши ва унга риоя қилиш устидан мониторинг ва назорат Банк Бошқаруви ва Кенгаши томонидан доимий равишда олиб борилиши лозим.
3. Тижорат банки ходимларининг кредит олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари кўрсаткичларининг ишончлилигини аниқлаш ва уларни таҳлил қилиш борасидаги билим ва малакаларини оширишни таъминлаш асосида мижозларнинг кредит тўловига лаёқатлилигини баҳолаш тартибини такомиллаштириш лозим.
Кредит ҳужжатларини тижорат банкининг Кредит қўмитасида кўриб чиқиш жараёнини такомиллаштириш лозим.
Республикамиз тижорат банкларининг кредитлардан олинадиган фоизли даромадларининг брутто кредитлар ҳажмидаги салмоғининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида:
биринчидан, кредитларнинг брутто активлар ҳажмидаги салмоғини пасайишига йўл қўймаслик зарур; иккинчидан, кредитлар фоиз ставкаларининг кескин тебрашининг олдини олиш лозим; учинчидан, тижорат банклари ресурсларининг барқарорлик даражасини ошириш лозим.