Магистрлик диссертацияси (МД) мавзуси: Гендер тенглиги муаммоларини ўрганиш ва тадқиқ қилишда картографик методдан фойдаланиш масалалари.
Режа:
Гендер ва гендер муаммоларининг илмий – ҳудудий масалалари тадқиқот объекти сифатида
Гендер статистикаси ва уни таҳлили
Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар
Ўзбекистонда гендерга оид муаммолар
Ўзбекистон Республикасининг қонуни. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида
Ўрганилаётган маълумотлар (мақола ва монографиялар) маълумотлар манбаалари
Гендер ва гендер тенглиги муаммоларининг илмий – ҳудудий масалалари тадқиқот объекти сифатида
Гендер тушунчасининг киритилиши энг умумий маънода икки тушунча – биологик ва ижтимоий жинс тушунчаларини фарқлашга ёрдам беради. Кундалик ҳаётимизда жинс билан боғланмаган кўплаб тушунчалар “эркакларга хос” ёки “аёлларга хос” деб ҳисобланади.
“Эркакларга хос” ёки “аёлларга” хос тушунчаларни аниқроқ фарқлаш учун “феминлик” (аёллик) ва “маскулинлик” (эркаклик) тушунчалари қабул қилинган. Янги тушунчаларнинг киритилиши эркакларга хослик ва аёлларга хосликнинг биологик зиддиятини бартараф этиш ва эътиборни турли маданиятлар шаклланишининг ички механизмларини гендер нуқтаи назаридан очишга қаратиш имконини берди.
Антропологлар, психологлар ва соцсиологлар гендернинг биологик эмас, балки ижтимоий ва маданий жиҳатдан белгиланиши, маданий ва тарихий жиҳатдан эса нисбий эканлигини таъкидлайдилар.
Дунё ривожининг ҳозирги даврида инсон тараққиёти, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий адолат ва инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги жараёнлар учун аёллар ва эркакларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги тенглигини амалда таъминлаш масалалари устувор вазифаларнинг бирига айланмоқда.
БМТга аъзо-давлатлар учун аёллар ва эркаклар тенглигини таъминлашга доир миллий мажбуриятларни тўлиқ бажариш Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш ва БМТ тамойилларини қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшиш демакдир.
Жамиятда аёллар ва эркаклар тенглиги тамойилини илгари суриш демократик бошқарувнинг асосий ва ажралмас қисми эканлигини англаб етиш кучаймоқда. Дунёда юз бераётган жараёнлар иқтисодий ривожланиш сиёсати гендер жиҳатдан нейтрал бўлиши мумкин эмаслигини тасдиқламоқда, гендер тенглиги ва иқтисодий самарадорлик ўртасида бевосита алоқа мавжуд. Жинслар эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳисобга олиш, аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратиш аёллар ва эркаклар аҳволини яхшилашга, оилани мустаҳкамлашга, болаларнинг жисмонан ва маънан камол топишига кўмаклашади, ва охир-оқибат – миллатнинг иқтисодий тараққиёт сари салоҳияти ва имкониятларини кучайтиради. Ўз навбатида, иқтисодий ривожланиш ҳам узоқ муддатли истиқболда гендер тенглиги даражасини оширишга кенг имкониятлар яратади.
Мамлакатда самарали иқтисодий ўсишга эришиш учун аёллар ва эркакларнинг жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг имкониятларини таъминлашнинг кафолати бўладиган институционал механизмни яратиш зарур.
Эркаклар ва аёллар ўртасида тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятларни таъминлаш масалалари қуйидаги асосий халқаро ҳужжатларда ўз аксини топган, булар: Атроф муҳит ва ривожланиш бўйича Рио-де-Жанейро Декларацияси (Рио Декларацияси, 1992 й.), Аҳолишунослик ва ривожланиш бўйича Қоҳира конференцияси (1994), Хотин-қизлар аҳволи бўйича Пекин конференцияси (1995) ва Инсон манзилгоҳлари бўйича Истамбул конференцияси (1996).
Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ демократик тамойилларни қўллаб-қувватлаб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир қарийб 70 та асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. Булар – Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари Декларацияси, «Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенция, Мингйиллик ривожланиш мақсадлари ва бошқалар.
Республика жамиятнинг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий трансформацияси моделидан келиб чиқиб, миллий ривожланиш масалаларини аёллар ва эркаклар тенглиги ҳамда хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги имкониятларини кенгайтириш асосида ҳал этишга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ҳамда иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги ташаббусни ўз қўлига олишга қодир бўлган ва муҳим ҳамкор бўла оладиган хусусий секторга алоҳида эътибор қаратади.
Аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглиги мамлакатимизнинг Асосий қонуни - Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустахкамланган, унинг 18-моддасида қайд этилганидек, «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар».
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳар бир одам учун Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги Халқаро Конвенциядаги шахсий, ижтимоий, сиёсий, маданий ва иқтисодий ҳуқуқларининг бутун мажмуини кафолатлайди. Асосий қонунимизда ҳар бир инсонга ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги мустаҳкамланган.
Республика мустақиллик йилларида фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида ҳам юздан зиёд қонунчилик ҳужжатларини қабул қилди. Жумладан, булар қуйидаги қонунлар: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида», «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида», «Мулкчилик тўғрисида», «Таълим тўғрисида», «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида», «Ахборотдан фойдаланиш эркинлиги тўғрисида», «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Аҳоли бандлиги тўғрисида» ва бошқалар.
Аёлларнинг сайлов жараёнларидаги тенг ҳуқуқли иштирокини ҳамда аёллар ва эркаклар учун сайлов стандартларининг тенглигини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонунларида белгиланган, жумладан булар - «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида». «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ни Қонуннинг 5-моддасида қайд этилишича, «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди, сайлов тўғрисидаги қонунларда белгилаб қўйилган талаблар бундан мустаснодир».
Do'stlaringiz bilan baham: |