Д и қ қ а т: а, и, у, о ҳарфлари сўз ўртасида, а ҳарфи сўз охирида қўшалоқ келиши мумкин: манфаат, мурожаат, таассурот, табиий, шуур, иншоот; матбаа, мудофаа.
Айрим ундошлар имлоси
Б б (В в) ҳарфи одоб, китоб сўзларида п каби, қибла, тобла сўзларида в тарзида эшитилса ҳам, б ёзилади.
Вв (Vv) ҳарфи четдан кирган автобус, автомат каби сўзларда ф тарзида эшитилса ҳам, в каби ёзилади.
Дд (Dd) ҳарфи: обод, озод каби сўзларда т каби айтилса ҳам, д ёзилади.
Жж (Jj) ҳарфи жўжа, жўра каби сўзларда тил олди қоришиқ портловчини ифодалаш учун, четдан кирган журнал, гижда, аждар каби сўзлардаги тил олди сирғалувчи товушни ифодалаш учун қўлланади.
Зз (Zz) ҳарфи: изсиз, юзкўрмас каби сўзларда с эшитилса ҳам, з ёзилади.
Нн (Nn) ҳарфи: манба, танбур, шанба каби сўзларда м эшитилса ҳам, н ёзилади.
Фф (Ff) ҳарфи: файз, Фотима, фил, футбол каби сўзларда баъзан п тарзида айтилса ҳам, ф ёзилади. Афзал, афғон каби сўзларда п ёки в тарзида талаффуз қилинса ҳам, ф ёзилади.
Ққ (Qq) ҳарфи: тўқсон, мақсад, мақтов каби сўзларда х эшитилса ҳам, қ ёзилади.
Тутуқ белгиси (’) қуйидаги вазифаларни бажаради: 1) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида кирил ёзувидаги айириш белгиси (ъ) ўрнида ишлатилади: унлилардан кейин уларнинг чўзиқроқ талаффуз қилишини ифодаласа, ундошлардан кейин келганида уларнинг олдинги товушлардан ажратиб айтилишини кўрсатади: a’lo, me’yor, qat’iy, tal’at (чеҳра маъносида). 2) s, h ҳарфлари ёнма-ён келганда, уларни sh ҳарфий бирикмасидан фарқлаш учун қўлланади: as’hob, Is’hoq.
Mo‘tabar, mo‘jiza каби сўзларда o‘ унлиси чўзиб айтилса ҳам, тутуқ белгиси қўйилмайди.
Айрим сўзларда ёнма-ён бир хил ундошлар қатнашиши мумкин, булар қўш ундошли сўзлар ҳисобланади. Миллион, артиллерия каби сўзларда қўш ундошлар бир ундош каби талаффуз қилинса ҳам, қўш ундош билан ёзилади. Грамм, металл каби сўзлардаги қўш ундошлардан бири талаффуз қилинмаса ҳам, қўш ундош билан ёзилади. Бундай сўзларга сўз охиридаги қўш ундош билан бошланувчи қўшимча қўшилса, қўш ундошнинг бири ёзилмайди: Ўн грамми? Металлар кўпми?
Агар сўзнинг бир бўғинида (таъкидлаймиз: карта, тасма, учқур каби ҳар хил бўғинларда эмас) иккита ҳар хил ундош ёнма-ён келса, бундай сўзлар қатор ундошли сўзлар ҳисобланади. Бундай сўзлар бошида келган қатор ундошлар орасига бир қисқа унли қўшиб талаффуз қилинса ҳам, бу унли ёзилмайди: стол, шкаф. Сўзлар охирида қатор ундошлар иштирок этганида бу ундошлардан охиргиси талаффуз қилинмаса ҳам, ёзувда сақланади: паст, ғишт, хурсанд.
Do'stlaringiz bilan baham: |