3-§. Эски (1956 й.) ва янги (1995 й.) имло қоидалари
ўртасидаги айрим фарқлар ҳақида
Янги алифбога ўтилгандан кейин 1995 йил 24 августда "Ўзбек алифбосининг янги имло қоидалари" қабул қилинди. Олдинги имло қоидалари билан ҳозирги имло қоидалари ўртасида қуйидаги айрим ўзгаришлар мавжуд:
1) жуфт сўзлар орасида боғловчи бўлиб келган юкламалар ўзи боғланган сўздан чизиқча билан ажратилади: dost-u dushman, kecha-yu kunduz;
2) йил, ойни кўрсатувчи рақамлардан кейин ҳам чизиқча қўйилади: 1995-yil 24-avgust, 1993- yil 2-sentabr;
3) кирилчадаги ц ҳарфи сўз бошида ва охирида s ҳарфи билан берилади: цирк – sirk, абзац – abzas. Сўз ўртасида унлидан кейин ts ҳарфий бирикмаси, ундошдан кейин эса s ҳарфи билан берилади: лицей – litsey, акция – aksiya.
4) -ga қўшимчаси g’ товуши билан тугаган сўзларга қўшилганда морфологик ёзув бўйича аслига мувофиқ ёзилади: bog’+ga= bog’ga, tog’+ga= bog’ga.
5) олдин шаклий ёзув қоидасига мувофиқ ёзиб келинган жуда кўп чет тили сўзлари эндиликда фонетик ёзув бўйича ёзиладиган бўлди (бу ўзгариш асосан таркибида ё, ю,я ҳарфлари қатнашган сўзларга тегишлидир) : sentabr (сентябрь), oktabr (октябрь), budjet (бюджет), rejissor (режиссёр), likor (ликёр).
6) айрим сўзлар эса олдин фонетик ёзув бўйича ёзилган бўлса, янги алифбода морфологик ёзувга кўра ёзиладиган бўлди: ertalabki эмас ertalabgi.
4-§. Орфоэпия (талаффуз) қоидалари
Тўғри талаффуз қоидаларининг йиғиндиси орфоэпия (грекча orphos – тўғри, epos – нутқ) деб юритилади. Тўғри талаффуз, аввало, шахснинг маданий етуклигидан далолат беради. Оғзаки нутқда ҳар хил талаффуз қилинадиган товуш, қўшимча ёки сўзлардан адабий тил учун қабул қилинган биттаси тўғри талаффуз меъёри ҳисобланади.
Унлилар офоэпияси.
И унлиси бир, сира сўзларида қисқа, илм, муҳим, доир сўзларида чўзиқ, қ, х, ғ товушларидан кейин келганда русча ы товушига яқин талаффуз қилинади. Мих, тиғ, хил каби сўзлардаги и товуши эса э товушига яқин айтилади. У унлиси куч, тутун каби сўзларда қисқа, уйғур, ёзув сўзларида чўзиқ ва торроқ талаффуз қилинади. Ў унлиси ўтин, ўроқ, тўлиқ каби сўзларда кенг, ўрик, кўлмак каби сўзларда эса торроқ талаффуз қилинади. Э унлиси Феруз, деҳқон, телефон, адрес сўзларида и товушига яқин айтилади.
Айрим сўзлар таркибида унлилар уа, оа, ао, аи, иа, аа кўринишида қатор келиши мумкин. Бунда улар ё бир унли тарзида талаффуз қилиниши, ёки орасига ундош товуш қўшиб талаффуз қилиниши мумкин: муаллим – малим, соат – соҳат(Фарғ.), соат – соғат (Тошк.).
Айрим ундошлар орфоэпияси.
Б ундоши китоб, мактаб сўзлари охирида келганда п тарзида, келабер, сабаб, кабоб, дорбоз сўзлари ўртасида келганида в тарзида айтилади.
В ундоши четдан кирган автобус, автомат, Иванов сўзларида ф каби айтилади.
Г ундоши к, қ билан тугаган сўзларда к ва қ тарзида айтилади: эк+ган=эккан, чиқ+ган=чиққан.
Д ундоши обод, озод каби сўзлар келганда т каби айтилади, хурсанд, фарзанд каби сўзларда ундошдан кейин келганда эса тушиб қолади.
Ж қоришиқ портловчи ундоши авж, мавж сўзларида ч каби айтилади.
Ж сирғалувчи ундоши четдан кирган фуражка, тележка каби сўзларда ш каби айтилади.
З ундоши саккизта, тузсиз каби сўзларда ёнидаги товуш таъсирида с каби айтилади.
Н ундоши манба, танбур, шанба каби сўзларда м каби айтилади. Ф ундоши факт, тафт каби сўзларда п каби айтилади.
Қ ундоши мақсад, тақсимот, тўқсон, оқшом каби сўзларда х каби айтилади.
Чет тиллардан кирган трактор, директор каби сўзларнинг урғусиз бўғинидаги унли деярли талаффуз қилинмайди, лекин ёзувда сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |