Назарий билиш методлари
Эҳтимолий-статистик методлар. Эхтимоллик назарияси кўп холатларда тасодифий воқеликка асосланади. Бу ўринда индивидуал ҳусусиятлар эмас балки уларнинг умумий ҳусусиятлари эътиборга лойиқ бўлади. Ноаниқликлар доимо субъектнинг хусусияти, бундай холат объектга тегишли эмас деган қарашларни ХХ асрларда К.Гедел назарияси рад этди. Геделнинг кашфиёти аниқликка интилиш борлиққа доимо адекват бўла олмаслигини билдиради. Бу ўз навбатида математикани оламни билишдаги имкониятларини кенгайтирди. Гедел назарияси мукаммал, аниқ бўлган математикада ҳам ноаниқлик мавжудлигини таъкидлади. Кейинги тадқиқотчилар яъни биологлар, социолог ва психологлар хам ушбу ҳолатни тасдиқладилар яни ноаниқлик қонуний ва умумий ҳодиса. 79
Математик табиатшунослик детерминизм принципини табиий ҳодисаларни назарий тавсифлашнинг бош принципига айлантириши физика доирасида тавсифланувчи объектларнинг табиати шундайлиги билан эмас, балки таҳлилнинг янги технологиялари илк бор айнан физикада синовдан ўтказилгани билан белгиланади. Аммо файласуфлар физик детерминизмга асосланган дунёқарашга доир хулосалар асоссиз эканлигини исботлашга ҳаракат қиладилар. Уларнинг фикрича, бирон-бир воқеа ёки ҳодиса фақат ташқи омиллар билангина белгиланиши мумкин эмас, уларнинг юз беришига доим аниқ мақсадга қаратилган омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Жараён битта, иккита ёки учта куч амал қилувчи маконда юз беришини назарда тутувчи схема ҳаддан ташқари сунъий кўринади. Берк тизим–бу ҳатто физика ҳам эмас, балки техникадир. Бироқ айнан техник моделлаштириш ва конструкциялаш физиканинг ривожланиш жараёнини XVII асрдагина эмас, балки XVIII асрда ва ҳатто XIX асрда ҳам белгилади.
Классик детерминизм мақсад тушунчасидан воз кечди ва бу ҳол инсон хулқ-атвори ҳақидаги фанларда оқилона мақсадни белгилашни сақлаб қолмоқчи бўлган назариячиларни саросимага солиб қўйди. Ижтимоий назариядан икки йўлдан бирини: ё илмийликнинг синоними саналган детерминизмни, ё инсонийлик ва ижтимоийликнинг ажралмас жиҳати саналган мақсадни белгилашни танлаш талаб этилди. Детерминизм муҳандислик-техникавий ёндашув доирасида қўлланиладиган назарий мавҳумлаштиришнинг пировард натижаси ҳисобланади. Аммо лойиҳа даражасида мақсадли белгилаш айнан техника доирасида амал қилади. Бироқ лойиҳа амалдаги сабабларни назарда тутади, холос, мақсадни белгилаш эса объектив дунёдан чиқариб ташланади. Субъект дунёси ва объект дунёсини бирлаштириш каузаллик ва мақсадни белгилашни бириктириш имкониятини беради. Аммо бундай бирлаштириш оқибатида “позитив фанлар”нинг вакиллари фахрланиб гапирган афзалликларнинг барчаси бой берилади.80
Ижоднинг муҳим босқичи–янгиликни интуитив англаш, тушуниб етиш. Интуиция–кутилмаганда бевосита олинган билим. Инсон билимининг жадал суръатларда ривожланиши ижод қилишни ўрганиш вазифасини қўяди. Ижодий фаолият ҳамда таълим методларини ўрганиш ҳақидаги фан эвристика деб аталади. Илмий давралардаги суҳбатлар, фикрлар алмашинуви, мунозаралар, муаммоли вазиятлар таҳлили–шахснинг маънавий, ижодий қобилияти ривожланишига кўмаклашади. Интуиция ва ижодни формал мантиқ воситалари ёрдамида тавсифлаш мумкин эмас, бироқ эвристик методлар орқали субъектнинг истеъдоди, хотираси, зеҳни, тасаввурини сафарбар этишни талаб қилувчи янгилик устида изланишлар олиб борилади. Индуктив тафаккур–ҳодисаларнинг бир қисмини ўрганиш орқали олинган билимни ҳодисаларнинг бутун туркумига нисбатан татбиқ этиш эвристик усул ҳисобланади. Ўхшашлик бўйича тафаккур ҳам эвристик мушоҳада юритишнинг ҳақиқатга эришишни кафолатламайдиган, бироқ оддий фараз ҳам ҳисобланмайдиган усулидир. Математик моделлаштириш ҳам эвристик усул ҳисобланади. Фаннинг барча тамойиллари эвристик мазмунга эга. Масалан, физикада мувофиқлик принципидан фойдаланилади: эски ва янги назария ўртасида мувофиқлик бўлиши керак, янги назариянинг математик аппарати маълум даражада эски назарияга мос келиши лозим. Фалсафа эвристик хусусиятга эга, шу сабабли юксак чўққиларни эгаллаш интуиция ва ижодни англаб етишнинг таъсирчан воситаларидан бири ҳисобланади.
Формаллаштириш–маълум мазмунни муайян шакл-белгилар ҳолига келтириш. Бу ҳар хил талқин қилиш имкониятини истисно этиш мақсадида фикрни аниқ ифодалашга хизмат қилади. Формаллаштиришда объектлар ҳақидаги мулоҳазалар белгилар (формула) соҳасига ўтказиладики, бу сунъий тиллар (математика, мантиқ, кимё тили ва ш.к.)ни яратиш билан боғлиқ.
Махсус шакл-белгилардан фойдаланиш оддий, табиий тилнинг кўп маънолилигини бартараф этиш имконини беради. Формаллаштирилган фикрларда турли белги қатъий маънони билдиради. Формаллаштириш алгоритмлаштириш ва ҳисоблаш мосламаларини дастурлаштириш жараёнларига, бу билан эса билимнинг нафақат илмий-техникавий, балки бошқа шаклларини ҳам компьютерлаштиришга асос бўлиб хизмат қилади.
Формаллаштириш жараёнининг энг муҳим хусусияти шундаки, сунъий тилларнинг формулалари устида амалларни бажариш, улардан янги формула ва нисбатларни келтириб чиқариш мумкин. Айтилган фикр мантиқий хулоса асосида чиқарилади. Амалиётда турли тимсоллар асосида хулосалар чиқарилади. Бу тимсоллар аксиомаларни ифодалайди. Формаллаштириш кенг маънода мантиқий хулоса чиқариш ҳақидаги таълимотдир. Мантиқий хулоса натижани изоҳлаб тушунтириб беради. Хулоса чиқариш тимсоллар тизими ва унга асосланиш демакдир. Аммо, ХХ асрда ижод қилган австриялик мантиқчи ва математик К. Гедель мазмун назариясида ҳар доим аниқланмаган, формаллаштирилмаган қолдиқ қолишини кўрсатади. Тобора чуқурлашиб бораётган билим мазмунини формаллаштириш ҳеч қачон мутлақ тўлиқликка эришмайди, чунки билиш предмети ва у ҳақдаги билимларнинг ривожланиши (ўзгариши) ҳеч қачон тўхтамайди. Бу формаллаштиришнинг ички имкониятлари чекланганлигидан далолат беради. Зотан, ҳар қандай фикрни ҳисоблаш билан алмаштириш имконини берувчи умумий методнинг йўқлиги исботланган. Геделнинг теоремалари илмий фикрни ва, умуман, илмий билимни тўлиқ формаллаштириш мумкин эмаслигини мукаммал исботлаб берган.
Аксиоматик метод–илмий назария тузиш усули. Бунда унинг асосига айрим дастлабки қоидалар–аксиомалар қўйилади ва назариянинг қолган барча ғоялари мана шу аксиомалардан соф мантиқий йўл билан исботлаш орқали келтириб чиқарилади. Аксиомалардан теоремаларни (умуман, бир формуладан бошқа формулаларни) келтириб чиқариш учун махсус қоидалар таърифланади. Бинобарин, аксиоматик методда исботлаш–ҳар бири ё аксиома бўлган, ё олдинги формулалардан маълум қоидага биноан келтириб чиқариладиган формулаларнинг маълум кетма-кетлиги. Аксиоматик метод–олинган илмий билимни тизимга солиш усулларидан бири. Унинг амалда қўлланиши чекланган, чунки уни фақат аксиомалаштирилган мазмун назариясининг ривожланиш даражаси жуда катта бўлган ҳолдагина қўллаш мумкин. Машҳур француз физиги Луи де Бройлнинг таъбири билан айтганда, «аксиоматик метод таснифлаш ёки таълим беришнинг яхши методи бўлиши мумкин, аммо у кашф этиш методи бўла олмайди».
Гипотетик-дедуктив метод–илмий билиш методларидан бири. Бир-бири билан дедуктив боғлиқ бўлган гипотезалар тизимини яратишни назарда тутади. Мазкур гипотезалардан пировард натижада эмпирик фактлар тўғрисида хулосалар чиқарилади. Ушбу метод гипотезалардан ва ҳақиқий маъноси маълум бўлмаган бошқа фаразлардан хулосалар чиқаришга (дедукцияга) асосланади. Бинобарин, мазкур метод ёрдамида чиқарилган хулоса муқаррар тарзда эҳтимолий хусусиятга эга бўлади.
Гипотетик-дедуктив методнинг умумий тузилиши:
- назарий тушунтиришни тақозо этувчи материал билан танишиш ва мавжуд назариялар, қонунлар ёрдамида назарий тушунтиришга ҳаракат қилиш. Агар бунинг иложи бўлмаса:
- турли-туман мантиқий усуллар ёрдамида мазкур ҳодисаларнинг сабаб ва қонуниятлари тўғрисида фараз (гипотеза, тахмин) лар қилиш;
- фаразларнинг асослилиги ва жиддийлигига баҳо бериш ва уларнинг орасидан ҳақиқатга энг яқинини танлаб олиш;
- гипотезадан оқибатларни (одатда, дедукция йўли билан) келтириб чиқариш ва унинг мазмунига аниқлик киритиш;
- гипотезадан келтириб чиқарилган оқибатларни тажрибада текшириш. Бу ерда гипотеза ё тажрибада исботланади, ё инкор этилади. Аммо айрим оқибатларнинг исботланганлиги гипотезанинг ҳақиқийлигини (ёки сохталигини) кафолатламайди. Текширув натижаларига кўра, энг яхши гипотеза назарияга айланади.
Математик гипотезани гипотетик-дедуктив методнинг тури деб ҳисоблаш мумкин. Бу ерда илгари маълум бўлган ва текширилган ҳолатларнинг такомиллаштирилган кўринишларини ифода этувчи маълум тенгламалар гипотеза вазифасини бажаради. Илгари маълум бўлган ва текширилган ҳолатлар ўзгартирилиб, янги ҳодисаларга тааллуқли бўлган гипотезани ифодаловчи янги тенглама тузилади. Гипотетик-дедуктив метод (аксиоматик метод сингари) кашф этиш методидан ҳам кўра кўпроқ илмий билимни тузиш ва асослаш методи ҳисобланади, чунки у янги гипотезага қандай йўл билан келиш мумкинлигини кўрсатади.
Системали ёндашув–фанда турли объектларни системалар сифатида тадқиқ этишни назарда тутадиган методологик тамойил (талаб)лар мажмуи. Мазкур талабларга қуйидагилар киради:
а) ҳар бир элементнинг тизимдаги ўрни ва функцияларига боғлиқлигини аниқлаш, бунда бутуннинг хоссалари унинг таркибий қисмлари хоссаларининг йиғиндисига боғлиқ бўлмаслигини эътиборга олиш;
б) тизимнинг хулқ-атвори унинг алоҳида таркибий қисмлари хусусиятлари ҳамда унинг тузилиши хоссаларига қай даражада боғлиқлигини таҳлил қилиш;
в) тизим билан муҳитнинг ўзаро алоқалари механизмини тадқиқ қилиш;
г) мазкур тизимга хос бўлган даражалиликнинг хусусиятини ўрганиш;
д) тизимни ҳар томонлама, кўп жиҳатли тавсифлашни таъминлаш;
е) тизимга динамик ривожланаётган яхлитлик деб қараш.
Системали ёндашув ўз-ўзидан ривожланувчи мураккаб объектларни (кўпдаражали, иерархик, ўз-ўзини ташкил этувчи биологик, психологик, социал ва ҳ.к. системаларни) тадқиқ этишда кенг қўлланилади. Системали ёндашувнинг муҳим хусусияти шундаки, фақат тадқиқот объектигина эмас, балки тадқиқот жараёнининг ўзи ҳам мураккаб система сифатида намоён бўлади. Унинг асосий вазифаси объект турли моделларини яхлит қилиб бирлаштиришдир.
“Ўз-ўзини ташкил этиш” тушунчаси системали ёндашувнинг муҳим тушунчасидир. Фанда синергетика деб аталувчи ўз‑ўзидан ташкил бўлиш назарияси бир қарашда тартибсиз ва тасодифий ҳаракатлар ҳам мазкур системада ўз‑ўзини ташкил қилиб фазо‑вақт муносабатлари қонуниятларига бўйсунишини кузатиш мумкин.
Анализ–объектни амалда ёки фикран таркибий қисмларга ажратиш; синтез–қисмлардан бутунни, худди шундай тарзда, қайта бирлаштириш. Синтез натижасида мутлақо янги объект ҳосил бўлади.
Анализ (таҳлил қилиш фаолияти) жараёнида фикр мураккабликдан оддийликка, тасодифдан заруратга қараб, хилма-хилликдан айниятга ва бирликка қараб ҳаракат қилади. Анализ қилишнинг мақсади қисмларни, мураккаб бутуннинг унсурлари сифатида билиш ва улар ўртасидаги алоқа ва қонуниятларни аниқлашдан иборатдир. Бироқ, анализ моҳиятни ажратиб қарашга олиб келадики, мавҳум ҳолда қолаётган бирлик, хилма-хилликдаги бирлик сифатида ҳали очилмаган бўлади. Синтез, аксинча, анализ воситаси билан ажратилган қисмлар, хоссалар, муносабатларни ягона бир бутунга бирлаштириш жараёнидан иборат. Синтез бирликдан тафовутга ва хилма-хилликка қараб йўналтирилган бўлиб, умумийлик ва айримликни, бирлик ва хилма-хилликни муайян жонли бутунга бирлаштиради. Анализ ва синтез чамбарчас боғлиқ ҳолда амал қилади.
Мавҳумлаштириш–ўрганилаётган ҳодисанинг бир қанча хоссалари ва нисбатларидан фикран узоқлашиш, айни пайтда тадқиқотчини қизиқтирган хоссаларни (энг аввало, муҳим, умумий хоссаларни) ажратиш жараёни. Мазкур жараён натижасида ҳар хил “мавҳум предметлар” олинади. Бунда «мавҳум предметлар» деганда алоҳида тушунчалар ва категориялар (“ривожланиш”, “қарама-қаршилик”, “фикрлаш” ва б.) ҳамда уларнинг тизимлари тушунилади. Математика, мантиқ, диалектика ва фалсафа энг ривожланган тизимлардир.
Кўриб чиқилаётган хоссаларнинг қай бири муҳим, қайсиниси иккинчи даражали эканлигини аниқлаш мавҳумлаштиришнинг бош масаласидир. Мазкур масала ҳар бир муайян ҳолатда, энг аввало, ўрганилаётган предметнинг табиатига, шунингдек, тадқиқотнинг муайян вазифаларига қараб ҳал қилинади.
Умумлаштириш–предметнинг умумий хосса ва белгиларини аниқлаш жараёни бўлиб, мавҳумлаштириш билан чамбарчас боғлиқ. Бунда ҳар қандай умумий (абстракт-умумий) ёки муҳим (муайян умумий, қонун) белгилар ажратилиши мумкин.
Идеаллаштириш–воқеликнинг тажрибада принципиал амалга ошириб бўлмайдиган, лекин реал оламда уларнинг тимсоли бўлган объектларнинг тушунчаларини фикран шакллантиришни ифодалайдиган (“нуқта”, “идеал газ”, “мутлақо қора жисм” ва ш.к.) тушунча.
Идеаллаштирилган объектлар, пировард натижада, объектив ашёлар, реал жараён ва ҳодисаларнинг инъикоси сифатида майдонга келади. Идеаллаштириш ёрдамида шаклланган тушунчалардан кейинчалик реал объектнинг инъикоси сифатида изланишлар олиб боришда, мулоҳазалар юритишда, реал жараёнларнинг мавҳум схемаларини тузишда фойдаланиш мумкин.
Идеаллаштириш илмий ёки ғайриилмий, реал ёхуд мавҳум бўлади. Илмий, реал идеаллаштиришни мавҳум идеаллаштиришдан фарқлайдиган белги шундан иборатки, унда ҳосил этилган идеаллаштириш объектлари, шахслар муайян шароитларда идеаллаштирилган, яъни реал объектлар атамаларини ишлатиб, талқин этиш мумкин.
Индукция–айримлик (тажриба, факт)дан умумийга (уларни умумлаштириб хулоса чиқаришга) фикран ҳаракат қилиш; дедукция–билиш жараёнининг умумийдан айримликка юксалиши. Индукция ва дедукция ўзаро боғланади ҳамда бир-бирини тўлдиради. Техник ижодиётда тажриба ҳамиша чексиз ва номукаммал бўлганлиги учун индуктив хулосалар доим муаммоли (эҳтимолий) хусусиятга эгадир. Индуктив умумлаштиришларга, одатда, тажрибада билинган ҳақиқатлар (эмпирик қонунлар), деб қаралади.
Индуктив умумлаштириш турларидан оммавий индукция, тўлиқсиз индукция, тўлиқ индукция, илмий индукция ва математик индукция ажратилади. Мантиқда сабабий алоқаларни аниқлашнинг индуктив методлари–индукция қонунлари (Бэкон-Милл индуктив тадқиқот қоидалари) фарқланади. Ягона ўхшашлик, ягона тафовут, ўхшашлик ва тафовут, боғлиқ ўзгаришлар методлари ва қолдиқлар методи шулар жумласидандир.
Дедукциянинг ўзига хос хусусияти шундаки, тадқиқотчи дедукция воситасида бир синф, бир жинс, бир гуруҳ нарса ёки ҳодиса тўғрисидаги умумий билимлардан уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида билимларни ҳосил қилади. Инсоннинг билиш тажрибасидан шу нарса маълумки, агар бирон хусусият бир тоифа ёки бир жинсдаги ҳамма нарса ёки ҳодисаларга хос бўлса, бу хусусият шу тоифа ёки жинсга оид ҳар бир нарса ёки ҳодисага ҳам хос бўлади.
Аналогия (мослик, ўхшашлик)–ўхшаш бўлган объектларнинг айрим жиҳатлари, хоссалари ва муносабатларидаги ўхшашликларни аниқлаш. Аниқланган ўхшашлик асосида тегишли аналогия бўйича хулоса чиқарилади. Унинг умумий схемаси: B объект a, b, c, d белгиларга эга; C объект b, c, d белгиларга эга; бинобарин, C объект a белгига эга бўлиши мумкин. Аналогия ҳақиқий эмас, балки эҳтимолий билим беради. Аналогия бўйича хулоса чиқаришда муайян объект (“модел”)ни кўриб чиқиш натижасида олинган билим бошқа нисбатан кам ўрганилган объектга кўчирилади.
Моделлаштириш–борлиқни билвосита ўрганиш усули. Бирон объектнинг хусусиятларини уларни ўрганиш учун махсус тузилган бошқа объектда қайта ҳосил қилишдир. Моделлаштириш асосида тадқиқ қилинаётган объект билан унинг модели ўртасидаги ўхшашлик, мувофиқлик ётади. Мазкур усул техник илмий тадқиқот жараёнини енгиллаштиради, объектнинг ўрнини бевосита тадқиқ этиш мумкин бўлмаган, қиммат бўлган, жуда узоқ вақт талаб қиладиган ва ҳолатларда моделга эҳтиёж пайдо бўлади.
Моделлаштириш шакллари хилма-хил бўлиб, фойдаланилаётган моделларга ва моделлаштириш қўлланаётган соҳага боғлиқ. Моделларнинг хусусиятига қараб моддий (предметли) моделлаштириш ва идеал моделлаштириш фарқланади. Моддий моделлар табиий объектлар ҳисобланади. Улар ўз фаолиятида табиий қонунлар–физика, механика қонунларига бўйсунади. Идеал моделлар тегишли белгилар шаклида ифодаланади.
Муайян объектни моддий (предметли) моделлаштиришда уни ўрганиш оригинал билан бир хил физик табиатга эга бўлган маълум моделни тадқиқ қилиш билан алмаштирилади (самолёт, кема ва космик аппаратларнинг моделлари).
Структуравий-функционал (структуравий) методнинг (унга баъзан системали ёндашувнинг тури деб ҳам қаралади) асосий талаб (жараён)лари:
а) тизимли объектнинг тузилиши, структурасини ўрганиш;
б) унинг таркибий қисмларини ва уларнинг функционал хусусиятларини тадқиқ қилиш;
в) мазкур таркибий қисмлардаги ва уларнинг функцияларидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш;
г) бутун тизимли объектнинг ривожланиши (тарихи)ни кўриб чиқиш;
д) барқарор фаолият кўрсатаётган объектнинг барча таркибий қисмларига шу барқарорликни сақлашга хизмат қилаётган тизим сифатида қараш.81
Идеал (белгили) моделлаштиришда моделлар графиклар, чизмалар, формулалар, тенгламалар системалари, табиий ва сунъий тил (тимсоллар) шаклида бўлади. Ҳозирги вақтда математик моделлаштириш (компьютерда моделлаштириш) кенг тарқалган.
Структуравий-функционал (структуравий) метод яхлит тизимларда уларнинг структурасини, структуранинг таркибий қисмлари ўртасидаги барқарор муносабатлар ва ўзаро алоқаларни ҳамда уларнинг бир-бирига нисбатан роллари (функциялари)ни ажратиш асосига қурилади.
Структура–тизимнинг тузилиши ва ички шакли, мазкур тизимнинг таркибий қисмлари ўртасидаги барқарор ўзаро алоқаларнинг бирлигини ифодаловчи фалсафий тушунча. Функция эса мазкур тизим ҳар бир таркибий қисмининг “вазифаси” деб тушунилади (маълум биологик аъзо функциялари, давлат функциялари, назариянинг функциялари ва ҳ.к.).
Do'stlaringiz bilan baham: |