322 фоизлик инфялция ёхуд жаҳон инқирозларининг тарихи ҳақида
Дунё тарихида қатор жаҳон инқирозлари рўй берган. Бугунги пандемия шароитида бу каби бўҳронларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўлларини чуқур ўрганиш ҳамда тадқиқ этиш ҳар доимгидан ҳам долзарбдир. Бу ўқувчилар учун ҳам қизиқ деб ўйлаймиз. Шу боис жаҳон иқтисодий тизимига таъсир кўрсатган энг муҳим инқирозлар ҳақида сизларни таништириб боряпмиз. Қуйида ана шу хронологияни давом эттирамиз
11. 1893 йил. Молиявий инқироз. Бу сафарги инқироз Австралия ва АҚШда содир бўлган.
Ушбу инқироз АҚШда 1893 йилда Шерманнинг кумуш бўйича қабул қилган пакти сабабли бошланган. Пактда кумуш бозорида эркин нархлар сиёсатига кенг йўл очилиши ва барча тўсиқлар олиб ташланиши белгиланган эди. Ушбу пакт орқали кўпгина инвесторлар АҚШ олтин стандартидан воз кечди, деган уй-фикрга боришиб, капиталларини чиқариб кета бошлашган ва бу, ўз навбатида, фонд бозорига салбий таъсир кўрсатиб, биржа шов-шувининг авж олишига олиб келган. Пул таклифининг камайиши ва фонд бозоридаги коллапс эса банк инқирозини юзага келтирган.
Австралия ҳудудида эса, кўчмас мулк бозоридаги беқарорлик сабаб бўлган. Ўша пайтда мазкур бозор асосан ички кредит ресурслари орқали молиялаштирилар эди. Инқирознинг авж олишига: экспорт товарларига бўлган талабнинг камайиши, нархларнинг кескин тушиб кетиши ҳамда учта йирик банкнинг ёпилиши сабаб бўлган. Шунингдек, банклардан Англия депозитларининг олиб чиқиб кетилиши ҳам мавжуд вазиятни янада чуқурлаштирган.
12. 1900 — 1903 йиллар. Иқтисодий инқироз. Инсониятнинг 20-асрга қадам қўйиши саноат инқирозининг бошланиши билан кечди. Ушбу инқироз бир пайтнинг ўзида Россия, АҚШ ва Европа мамлакатларининг металлургия саноатини, ундан кейин эса, кимё, электр-энергия ва қурилиш саноатини қамраб олган. Англия, Австрия, Бельгия, Германия, Италия, Франция ва ўша пайтдаги ривожланган бошқа давлатларда инқироз туфайли саноат корхоналарининг бирин-кетин таназзулга учраши ва ишсизлар сафининг кескин ошиб кетиши содир бўлган.
Реал сектордаги вазият аста-секинлик билан молия секторига ҳам ўз таъсирини ўтказа борган. Ишлаб чиқариш ҳажми мисли кўрилмаган ҳолатда пасайиб кетганлиги таъкидланади. Статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 19-асрнинг охирларида барча ривожланган мамлакатларда (ўша пайтдаги) иқтисодий ўсиш тез суръатларда ривожланиб бораётган эди. Дунё кўмир саноатида ишлаб чиқариш (кўмир қазиб олиш) 65 фоизга, чўянни қайта ишлаш 70 фоизга, пўлат ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 3 баробарга ошган эди.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, инқироз ўзининг қўққисдан юзага келганлиги билан характерланади. Кўламининг катталиги билан Европани, бир йилдан кейин эса, АҚШ ва Россияни ўз домига тортади. Бунинг натижасида халқаро савдо ҳажми бирданига пасайиб кетиб, кўплаб банклар ўзларини банкрот бўлганликларини эълон қилишга мажбур бўлишган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Россияни ҳам ушбу инқироз тўлиқ қамраб олади. Дастлаб енгил саноат, унинг ортидан эса, оғир саноат талофат кўра бошлаган. Ўша вақтда қайд этилган статистик рақамларга назар соладиган бўлсак, инқироз оқибатида Путил заводининг акциялари - 67,1%, Русс-Балтика вагон ишлаб чиқариш заводининг акциялари - 63,4%, Нобел нефть ишлаб чиқариш заводининг акциялари - 39,7%, Бакин нефть ҳамжамиятининг акциялари 67,4%, Жанубий-Шарқий темир йўлларининг акциялари - 56,2 фоизга пасайиб кетади.
Европага қараганда Россияда инқироз қийинроқ кечиб, депрессия ҳолатига ўтишга улгуради ва 1909 йилгача давом этган. Ҳар қандай инқирознинг салбий оқибатлари билан бирга, айрим ижобий томонларининг ҳам борлигини унутмаслик керак. Масалан, саноат корхоналари янгича режимда ишлашга, техника ва технологиялар янги авлодининг шаклланишига, уларнинг такомиллашишига ва натижада меҳнат унумдорлигининг кескин ошишига олиб келган.
Жаҳон инқирози ишлаб чиқариш ва капитал ресурсларининг концентрациялашувига ҳам олиб келган бўлиб, кичик корхоналарнинг тезда ёпилиши ва монополь корхоналарнинг эса, яшаб қолишини таъминлаган.
13. 1907 йил. Жаҳон молиявий инқирози. Тарихий манбаларда келтирилишича, ушбу инқироз 1906 йилда Англия банки томонидан ҳисоб ставкасининг 3,5 дан 6 фоизга кўтарганлиги оқибатида вужудга келган экан. Ҳисоб ставкасини кўтаришдан кўзланган асл мақсад Буюк Британиянинг олтин захирасини тўлдиришга қаратилганлиги билан изоҳланади.
Ушбу қарор туфайли жуда ҳам катта ҳажмда капиталнинг мазкур давлатга оқиб келиши кузатилади. Асосий маблағлар манбаини эса, АҚШ инвесторлари томонидан Бирлашган Қироллик давлат қоғозларини сотиб олишга йўналтирилган инвестициялар ташкил этган. Бу, ўз навбатида, АҚШда салбий оқибатларнинг вужудга келишига сабабчи бўлган. 1907 йилда чет-эл капиталларининг Америкадан Буюк Британияга оқиб ўтиши туфайли Нью-Йорк фонд бозори таназзулга учрай бошлаган ва шу йилнинг ноябрь ойига келиб, АҚШнинг барча тижорат банкларини ўз домига тортган.
Фонд бозорида вужудга келган бундай салбий ҳолат иқтисодий фаолликнинг пасайишига, пул муассасасининг (ликвидлик муаммосининг вужудга келиши) кескин қисқаришига ва, алалоқибат, миллий тўлов тизимининг издан чиқишига, шунингдек, иқтисодий рецессиянинг вужудга келишиги олиб келган.
Маълумотларнинг гувоҳлик беришича рецессия ҳолати 13 ой давом этган экан. 1907 йилнинг январь ва 1908 йилнинг ноябрь ойларида Доу-Жонс индексида акс этган акцияларнинг қиймати 48 фоизгача пасайиб кетган.
АҚШдаги вазият аста-секинлик билан Европага кўчиб, 9 та мамлакатнинг иқтисодий-молиявий ҳолатига жиддий таъсир ўтказган. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра бундан олдин бўлиб ўтган инқирозларнинг таъсир доираси ва иқтисодиётга кўрсатган зарарига қараганда 1907 йилда бошланган инқирознинг кўлами каттароқ бўлган экан.
14. 1914 йил. Жаҳон молиявий инқирози. Ушбу инқироз бўлиб ўтган инқирозларнинг ичида ягонаси бўлсак керак, қайсиким «домино принципи» асосида дунё мамлакатлари иқтисодиётига тарқалмаган. Ўзига хос бўлган ушбу инқироз бир қанча мамлакатларда бир пайтнинг ўзида бошланган бўлиб, бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ўтмасдан мустақил ривожланган ва авж олган. Инқирознинг таъсирида барча бозорлар, хусусан, молия (пул) ва товар бозорлари зарар кўра бошлаган.
Инқироз биринчи жаҳон уруши бошланиши арафасида содир бўлган. Маълумки, биринчи жаҳон урушида 30 та мамлакат иштирок этган бўлиб, умумий йўқотиш 10 млн.кишини ташкил этган. Молиявий инқирознинг янада кучлироқ ривожланишига ҳарбий ишлар учун зарур бўладиган молиявий маблағларни тез ва етарли миқдорда топиш мақсадида Буюк Британия, Франция ва Германия ҳукуматлари томонидан чет-эл эмитентларига тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг арзон гаровга сотилиши таъсир кўрсатган. Шунингдек, урушнинг муқаррарлиги аниқ бўла бошлагач, кўплаб йирик инвесторлар бойликларини пул кўринишига ўтказиш мақсадида акция ва облигацияларидан тезда қутулиш чораларини кўра бошлашган.
Биринчи бўлиб, АҚШ ҳукумати, Австрия-Венгрия, Россия ва Усмонли империясининг қимматли қоғозларидан воз кечиш натижасида доллар ва рублнинг курси кескин пасайиб франк ва Британия фунтининг курси оша бошлаган.
1914 йилнинг 28 июлида бошланган биринчи жаҳон уруши 1918 йилга қадар давом этган. 27 июлдан эътиборан Берлин, Вена, Будапешт, Брюссел, Петербург ва Парижда фаолият юритган фонд биржалари ёпила бошлаган. Дунё молия пойтахти бўлган Лондонга ҳам ушбу уруш катта талафотларни келтирди. Ўша пайтда қимматли қоғозлар бозори ичида энг йириги ҳисобланган Лондон биржасида 11,3 млрд. фунт қимматли қоғозлар айирбошланар эди. Ушбу миқдорнинг (ҳажмнинг) катталиги шу даражада эдики, ҳатто Париж ва Нью-Йорк биржаларининг айланмасини қўшиб ҳисоблаганда ҳам унга тенглаша олмас эди.
Инқироз бошлангунига қадар вексель бозорининг капиталлашув даражаси 500 млн. фунтни ташкил этган, унинг 75 фоизи ташқи савдо операцияларига тегишли бўлган экан. Умумий ҳисобда вексель мажбуриятларининг 70 млн. Германия ва Австрия, 60 млн. Россия империяси ва қолгани Шимолий ва Лотин Америкаси мижозларига тегишли бўлган.
Воқеалар ривожи шундан далолат берадики, 23 июлдан 29 июлга қадар вексель бозори тўлиқ пароканда бўлиб, ўз фаолиятини тўхтади. Уруш туфайли ташқи савдо операциялари бутунлай тўхтаб қолади. Урушда иштирок этган барча давлатларнинг ташқи қарзлари кескин ошиб кетади. Хусусан, Германияда 4 млрд.дан 92,8 млрд маркага; Буюк Британияда 0,7 млрд.фунтдан 7,5 млрд. фунтга; Францияда 33 млрд.франкдан 151,1 млрд. франкка ҳамда урушда бевосита иштирок этмаган бўлсада, АҚШнинг қарзи 1,2 млрд. доллардан 25,5 млрд.долларга кўтарилган экан.
Биринчи жаҳон урушидан кейин барча қоидалар ўзгариб, дунё молия маркази Лондондан Нью-Йоркка қараб кўчиб ўтади. Шу пайтга қадар Англия жаҳонда асосий кредитор давлат бўлган бўлса, ўрин алмашинуви содир бўлиб, АҚШ жаҳоннинг йирик кредитор давлатига айланади. Европа кредитор ҳудуддан қарз олувчи ҳудудга айланиб қолади. Бу эса, АҚШнинг катта ютуғи эди.
Молиявий ва банк тизимида содир бўлган шов-шувларнинг олдини олиш ҳамда инқирознинг бошқа салбий оқибатларини юмшатиш учун АҚШ ва Буюк Британия Марказий банклари томонидан ўз вақтида амалга оширилган валюта интервенциялари банкларни банкротликдан сақлаб қолган экан.
Биринчи жаҳон уруши билан бирга кечган иқтисодий инқироз оқибатида ёқилғи-энергетика соҳаси, қишлоқ хўжалиги, бутун саноат тармоқлари, темир йўл транспорти бутунлай издан чиқиб кетади.
15. 1920 — 1923 йиллар. Тўртинчи жаҳон иқтисодий инқирози. Ушбу инқироз биринчи жаҳон уруши оқибатида содир бўлган рецессия (ишлаб чиқаришнинг қисқариши) ва ундан кейин юзага келган дефляция (миллий валюталар харид қобилиятининг кўтарилганлиги) таъсирида вужудга келган. Инқироз Дания, Норвегия, Италия, Финляндия, Голландия, АҚШ ва Буюк Британия банк ва валюта таназзуллари сабабли юзага келган.
Шунингдек, биринчи жаҳон урушидан кейин Германия иқтисодиёти ўта оғир дамларни бошидан кечиришни бошлади. 1919 йилда Версал тинчлик битими имзоланади. Битимга мувофиқ Германия ва унинг иттифоқчилари жаҳон урушида кўрилган зарар ва талафотлар учун айбдор ҳисобланди. Битимда репарация комиссия хулосасига таянган ҳолда урушда кўрилган талафотларнинг катта қисми Германия ҳукуматининг зиммасига юклатилди. Ўша пайтда етказилган зарарнинг умумий қиймати 20 млрд. олтин маркага тенг, деб баҳоланади. Ушбу қарзни тўлаш Германия иқтисодиёти учун катта йўқотиш эди. Германия ҳукумати томонидан қарзлардан фориғ бўлиш мақсадида олтин билан таъминланмаган пулларни эмиссия қилиш бошлаб юборилади. Бунинг натижасида немис маркасининг ўта қадрсизланиши ва аҳолининг харид қобилияти кескин пасайиши юзага келади. Бунинг оқибатида ишлаб чиқаришнинг қисқариши ва ишсизлар сонининг кескин ошиб кетишига ҳам олиб келади. Ўша кезларда инфляциянинг ўртача бир кунлик даражаси 322% ва максимал қиймати 32400 фоизга бориб етади. Нархлар миллиард баробар ошиб кетади. Иқтисодий тильда гиперинфляция содир бўлади.
1923 йилнинг январь ойида долларнинг курси 17972 маркадан астрономик нархларга бориб етади (4 200 000 000 000). Бундай ҳолат тарихда кузатилмаган эди. Шунингдек, ўша пайтдаги статистик рақамларга кўра Германияда бир кунлик ижара ҳақи – 400000, кечки овқатланиш – 1800000 ва ярим литр сут 250000 маркани ташкил этган. Ўша пайтда ишчиларга кунига икки маротаба иш ҳақи тарқатилган. Чунки кечга бориб пулнинг қадрсизланиши содир бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |