Виржиния Вулф экспериментал романларида аёл ички дунёсининг тасвири.
Виржиния Вулф ўз асарларида кўпинча аёл муаммосини, уларнинг эркаклар маданиятига муносабатини, аёллар адабий ижодининг ўзига хослигини, иқтисодий мустақилликнинг аёллар учун аҳамиятини кўтариб чиқади. Инглиз адибаси аёл образини ўз асарларида ўзига хос равишда акс эттирди. Вулф нафақат замонавий аёлни, унинг қарашлари ҳамда ички ҳис-туйғуларини, балки унинг образида ўзининг тасаввуридаги идеал аёлни тасвирлашга ҳаракат қилади. XVIII-ХIХ асрларда Британия адабиётида "аёллар образи" нинг кенг талқин этилиши инглиз заковатли аёлларининг ўз ҳуқуқ ва имтиёзларини англаб идрок этиш, тушуниш жараёнини ёрқин кўрсатиб берди. Шуни таъкидлаш лозимки, бу тушунча бир неча қатламлардан иборат: бир томондан, "аёллар сўзи"га муносабат – романнависнинг ҳақиқий ҳаётидаги бевосита хатти-ҳаракатларида; бошқа жиҳатдан, аёллар томонидан ёзилган асарларнинг сюжети, бадиий ғояси ҳамда аёл-қаҳрамон образида ўз ифодасини топади. Виржиния Вулф ижодида "аёл" тушунчасининг акс эттирилиши етарлича кўп қиррали бўлиб, адиба тушунчаларни бирлаштириб, уларни тушунчалар доирасида қўллаб ва тафаккурда янги маъноларни шакллантириб фикрлайди. Виржиния Вулф тафаккурида "аёл" тушунчаси ички кечинмалар таъсирида намоён бўлиб ўзига хос поэтик баён усулида ифодаланади.
Виржиния Вулфга кўра романнинг идеал модели бу реалликни, яъни воқеликни акс эттиришнинг “янгича усул”ини қўллаш мумкин, “ташқи дунёни” оғзаки, фақат англаш даражасида, талқин этиш даражасида эмас. Бундай асарнинг интенцияси ўқувчи учун шундай имконият яратишига қаратилиши зарурки, ўқувчи бунда реал воқеликни ҳис этмоғи, мана шу реалликка шўнғиб кетмоғи лозим. “Янгича усул” ўз оқимига кўплаб картограф-сўзларни бир-бирига тўқнаштириб жалб қилиши лозим – ва кейинги тўқнашув жараёнида учқундан ўт чиқариб, унинг шуъласида бир лаҳзага реалликнинг ичкарисини, теранлигини ва тубсизлигини кўриш, ўз шахсий борлиғини кўриши мумкин. Ва бу қандайдир постмодернистик “янги роман”нинг мутлақо яратилиши бўла олмайди, балки реалистик романнинг жонлантирилишидир, гарчи бунинг учун адабиётда барқарор, ажралмас элемент (сюжет, интрига, анъанавий қаҳрамон)лардан адабиётнинг ўзини, “классик матн”ни қутқариб қолиш учун воз кечишга тўғри келади.
Шунчалик глобал масалаларни ҳал этишга қаратилган бундай “янги услуб” одатда “онг оқими” деган термин билан аталади. Мазкур воситалар ёрдамида турли персонажлар воқеа ҳодисаларни қабул қиладилар. Ўқувчи нафақат воқеа ҳодисалардан, балки, биринчи ўринда персонажларнинг воқеа ҳодисаларни қабул қилишларидаги ҳеч қачон тугамайдиган, доимо ўзгарувчан идроки ҳақида хабардор бўладилар. Персонажларнинг бундай идроки оламни модернистик англаш хусусиятига тўлиқ мос келади”.88
Аммо, янги услубнинг “онг оқими” деб аталиши, албатта, ғоят шартли. 1973 йилда Жеймс Нэйремор ҳақли равишда шундай деган эди: “Вулф хоним “онг оқими” ёзувчиси сифатида жуда танилган”.89Лоуренс Боулинг онг оқимини масалан, ички монологдан фарқ қилувчи ёзишнинг махсус услубидир дея таъкидлайдилар.90 Бошқалари эса, масалан, Роберт Хамфри ва Мелвин Фридман кабилар “онг оқими”, ёзишнинг турли хил усуллари: монолог, солилоквей ва бошқалар қўлланадиган романнинг махсус жанри дегувчи фикрга қўшиладилар. “Онг оқими, – деб ёзади Роберт Хамфри– ўзининг мавзуси бўйича жуда тез аниқланади. Шундай қилиб, “онг оқими” услубида ёзилган романлар асосий предмети бир ёки бир нечта онгни тасвирловчи романлар бўлмоғи, тасвирланаётган онг эса мана шу романларнинг материали намойиш этилаётган экран сифатида хизмат қилмоғи лозим”.91 Мазкур фикрга Мелвин Фридман ҳам қўшилади: “Ҳақиқатдан ҳам, ҳеч қанақа онг оқими услуби мавжуд эмас; мободо шундай дейиладиган бўлса адабиётшунослик терминологиясида катта хатоликка йўл қўйилиши мумкин. “Онг оқими” худди “ода” ёки “сонет” шеъриятнинг қандайдир турини англатганидек, романнинг қандайдир бир турини билдиради. Ода ва сонетда ўзаро ажраладиган маълум бир поэтик услублар қўлланади, лекин барибир битта жанрга тааллуқли бўлиб қолаверади. Шунга ўхшаш ажралиш ҳикоя услубидаги роман билан “онг оқими” услубидаги роман ўртасида ҳам қўлланилиши мумкин. Конвенционал синтаксис воситасида алоқа ўрнатишга интилаётган ҳикоя услубидаги роман мураккаб ва машаққатли; “онг оқими” услубидаги роман эса, аксинча, хотиралар ва олдиндан сезишлар билан ҳар қандай қийинчиликларсизқуйилиб келаверади”.92
Вулф романлари ҳақида, унинг тажрибавий романлари айнан қайси услубда ёзилгани тўғрисида гап кетганда, тадқиқотчиларнинг қарашларидаги тафовутнинг катталиги сезилади. Шу ўринда У.Дэйвенпортнинг фикрига тўлиқ қўшилиш мумкин: “Онг оқими” жумласи бизга тезда Вулфни англашимизга имкон берувчи сеҳрли фусункор таъриф эмас. Биз шуни ёдда тутмоғимиз лозимки, мазкур жумла диққат эътибори сюжетдан кўра кўпроқ руҳиятга қаратилган романларнинг мутлақо умумий классификацияси эмас. Бундай романларда персонажларнинг индивидуал онги таассуротларини яратиш йўли билан руҳият тасвирланади”.93
Виржиния Вулф асарларидаги “онг оқими” Ж.Жойс асарларидаги “онг оқими”га айнан ўхшамайди. Н.П. Михальская таъкидлаганидек: “Инсоннинг мураккаб руҳиятини онг оқими ёрдамида очиб бераркан, Виржиния Вулф уни аниқ композиция ўзанига олиб киришга ҳаракат қилади. Виржиния Вулфнинг асарларида мулоҳазакорлик, ҳаётга ақл кўзи ила қараш, унинг романларини Ж.Жойснинг ва унинг издошларининг шаклсиз ва мужмал композицияли асарларидан ажратиб турувчи қатъий пухталик сезилиб туради”.94 Шундай қилиб реалистик романни қайта қуриш, жонлантириш мана шу ўхшаш, аммо ҳар хил услубли ёзувчилар томонидан амалга оширилди. Айтиб ўтганимиздек, Виржиния Вулф асарларидаги ҳақиқий реаллик нафақат қанчалик моддий предметлар олами билан боғланса, шунчалик универсумнинг теран моҳиятига боғлиқ. Шунинг учун Ж.Жойсдан фарқли ўлароқ у доимо персонажнинг ҳиссий ҳолатини, унинг фикрлари ва мулоҳазаларидан кўра ҳиссиётларининг ўзгарувчанлигини транскрибция қилишга ҳаракат қилади.95 Виржиния Вулф “янги услуб”ининг шу каби ўзига хос хусусиятлари айрим тадқиқотчиларни “Виржиния Вулф романларига нисбатан умуман олганда “онг оқими” деган терминни ишлатиш мумкинми?” – деган саволни ўзига ўзи беришига мажбур этади. Вулф ахир, ўзининг барча романларида ҳикоя услубидан, персонажнинг ҳис-туйғуларини тасвирлашдан унинг фикрларини, эътиқодини аниқ тасвирлаш, хотира ва эс-ҳушини, тафаккурини акс эттириш сари силжийди. Бундан ташқари, ҳикоя кўпинча ҳар ерда ҳозиру нозир ҳикоячи бўлмаган кузатувчи томонидан қилинади, аммо шу билан бирга персонажнинг фикрларини таърифлангани каби бошқаларни шу персонаж ҳақидаги фикрларини ҳам тасвирлаш мумкин. Шунинг учун инглиз адибасининг “онг оқими” услубига мансублиги ҳақидаги саволлар тасодиф эмас. “Виржиния Вулф Ж.Жойс каби онг оқимини ҳеч қачон тўғридан тўғри тасвирламайди. Онг оқими тўғрисида “деб ўйлади у (аёл)”, “ҳар доим учрашадилар” каби жумлалар доимо бериб борилади”– деб ёзади Дэвид Дейчез.96 Жеймс Хэфли барча шубҳа-гумонларни мантиқий поёнига етказади: “Виржиния Вулф” Дэллоуэй хоним”да ҳам ёки бошқа бирор жойда ҳам онг оқими техникасини ўз маъносида ишлатмайди; ва Жойснинг “Дэллоуэй хоним”га ҳам ёки Виржиния Вулфнинг бошқа бирор романига ҳам тўғридан тўғри таъсир кўрсатиши мумкин эмас”.97
Ҳақиқатдан ҳам, Вулфнинг айнан персонажнинг ҳиссий “мен”и акс эттиришга бўлган интилиши персонаж ва ўқувчи ўртасидаги кўзга кўринмас бевосита яқинлик, асар қаҳрамонининг нафақат қалбини, балки унинг ташқи қиёфасини ҳам кўра олиши мумкин бўлган ўзига хос кузатувчи иштирокида “онг оқими”ни белвосита ифодалаш зарурлигини кўрсатади. Персонажнинг “мен”ида нафақат психологик нюанслар, балки унинг, медицина тили билан айтганда, бўлиб ўтаётган воқеаларга “ҳаракатлантирувчи реакция”си ҳам муҳимдир.
Аммо, бу кузатувчи ҳамиша шаффоф, очиқ ойдин бўлмоғи лозим, чунки, “онг оқими”, айтиб ўтилганидек, персонажнинг бевосита ички дунёсини акс эттиришга ундайди.98Айрим тадқиқотчилар “ички монолог” ёки “шахсий нутқ эмас” деб ҳисоблашган, “Дэллоуэй хоним” ҳамда “Маёқ сари” романларида шундай услубнинг ишлатилиши ҳам айнан шундан. Аммо, Роберт Хамфри таъбирига кўра, “адабиётда психологик таҳлилнинг энг соф ҳолатда намойиш этилиши” дея ҳисобланган.99 “Тўлқинлар” романида Виржиния Вулф услуби олдинги асарларида қўлланган услубдан фарқ қилади. Кузатувчи персонажларнинг монологларида тўлалигича ғойиб бўлади. Монологлар ўз навбатида амалда бир биридан фарқ қилмайдиган қандайдир жисмсиз овозларга айланади.
Модернистик романларнинг моҳияти ташқи дунёдан инсон ички дунёсига кўчирилиши, воқелик “ичкаридан” идрок этилиб, персонаж онгида янги маъно касб этиши ва бунда воқеликни айнан инсон онгида идрок этилишининг спектрини тасвирлаш муҳим маъно касб этишини биз юқорида тилга олиб ўтдик. Бир куни Виржиния Вулф ўз кундалигида шундай сўзларни ёзиб қолдиради: “Мен ҳозир нима қилмоқчи бўлган бўлсам, буни ҳар атом ифодалайди. Самарасизликдан, руҳсизликдан, ҳаддан ташқариликдан воз кечиш. Лаҳза бу фикрларнинг, ҳис этишларнинг муштараклиги; Мана мен нималар қилишни истайман ...”.100Ж.Жойс асарларида биз шундай манзарани кузатмаяпмизми? Ахир, “Улисс” романидаги реаллик замонавий инсонни ўраб турган борлиқ, реалликка айнан ўхшаш. “Улисс” олами – бир қарашда сезилмайдиган умуман олганда тартибсиз, мантиқсиз олам. Таниқли психоаналитик Карл Густав Юнг бундай матнни ўқувчи томонидан идрок этилишини шундай ифода этади: “... китобни (“Улисс” романи – У.Ф.) охиридан олдинга қараб ўқиш мумкин, модомики унинг на бошланиши, на охири, на юқориси, на пасти бор. Хоҳлаган ерини сиз мамнуният билан охиридан бошига томон ўқишингиз мумкин, модомики ҳар бир сўз ўйинининг моҳияти барибир тушунарли бўлиб қолаверади. Ҳар бир гап – сўз ўйини мантиқсиз. Сиз гапнинг ўртасида тўхтаб қолишингиз мумкин, шу гапнинг биринчи қисмининг ўзи алоҳида маъно касб этаётгандек туюлади”.101 Ҳар бир боб учун махсус услуб қўлланилади.
Аммо, “ҳар куни онгимизга сингиб ва унга ҳар томондан ёғилаётган ўша сон-саноқсиз атомлар” амалда чалкашлик, тартибсизлик келтириб чиқаради, бу эса Виржиния Вулф учун маъқул эмас. Даниэл Олбрайтнинг фикрига қўшилиб бўлмайди: “Ўзининг “мен”ини ифодаловчи ҳар қандай уриниш грамматика онг тузилишига бегона эканлигига тўқнаш келади ва Виржиния Вулф ҳамда Ж.Жойс тажрибалари муаллифнинг ўз фикрларини қатъий ифодалаши учун одатдаги синтактик шакллардан воз кечиши талаб этилади, деган фикрга олиб келади”.102 Бу Ж.Жойсга хос бўлиши мумкин, аммо мутлақо Виржиния Вулфга эмас. Унинг (В.Вулфнинг) ирланд ёзувчисига қилган таъналаридан бири бу “Улисс”нинг тартибсиз, аралаш-қуралашлигидир. Виржиния Вулф эса ҳар қандай чалкашликдан қочишга ҳаракат қилади. Романнавис томонидан яратилаётган оламнинг негизида аниқ қонун-қоидалар, принциплар ётиши лозим, у тушунарли тузилишга, ёрқин услубга эга бўлиши зарур. “Улисс”да Дублиннинг моддийлиги Виржиния Вулфнинг “Дэллоуэй хоним” романида тасвирланган Лондоннинг ташқи қиёфасидан кескин фарқ қилади. “Виржиния Вулфнинг романларига моддийлик етишмайди”– дея жуда тўғри таъкидлаган эди бир куни Дэвид Дэйчез ва у бунга асос Ж.Жойс ва Виржиния Вулф ўз олдиларига қўйган мақсаднинг бир-биридан фарқи борлигида деб ўйлайди. “Уларнинг мақсади, ҳақиқатдан ҳам, турлича эди. Ж.Жойснинг мақсади воқеликни, реалликни инсон муносабатларидан ажратиб қўйиш, насрдан норматив, яъни меъёрий қоидаларни тўлалигича олиб ташлашга уриниш, кузатувчининг барча баҳолаш категорияларидан холи бўлган қандайдир тўкис оламни яратиш эди. Лекин, Вулф бундай баҳолаш категорияларидан воз кечишдан кўра, уларни кўриб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди”.103
Персонажларнинг ҳаётийлиги уларнинг одатлари, қилиқлари, либослари, хулқ-атвори, ижтимоий аҳволида эмаслигини Виржиния Вулф эдвардианц ёзувчиларга тана қилади. Аммо, персонажларни ушбуларсиз тасвирлаш романнавис учун ғоят мушкуллиги шубҳасиз. Асосий эътиборни “моддий”ликдан “руҳият”га қаратиш, ҳа албатта, Виржиния Вулф шу тарзда йўл тутади. Шу лаҳзаларда Рэмзи хоним нима иш билан банд, дарё бўйлаб қайиқда сузаётиб Жейкоб Фландерс қандай манзарани кўрмоқда – буларнинг барчасини бизга Виржиния Вулф тасвирлаб бериши мумкин.
Аммо, романнавис учун инсон қалбида кечаётган ҳиссиётларни ҳамда изтиробларни тасвирлаш – бу, аслида, инсон руҳиятининг чексиз уммонида эркин мантиқий фикрлаш демакдир.
Эҳтимол, Виржиния Вулфнинг бундай тартибсизликдан қочишга астойдил ҳаракат қилишининг боиси, яъни бутун ҳаёти давомида узоқ давр руҳий хасталиги таъқиб қилган шахсий сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун, у ўз асарларида чалкашлик, тартибсизликларни акс эттиришни максимал даражада ўз назоратида ушлаганлиги, бу табиий. Ҳатто персонажлар – “Дэллоуэй хоним” романидаги кўз очиб юмгунча жаҳаннамга равона бўлиши мумкин бўлган Септимус Смитдан ташқари, тинч ва осойишта Риджентс-паркида ўлдирилган дўстининг жасади тўсатдан пайдо бўлиши – ундан ташқари Виржиния Вулф тажрибавий романларининг бирорта ҳам қаҳрамонларида, образларида бундай чалкашлик, тартибсизликнинг зиғирча ҳам нишонаси йўқ, жуда бўлмаганда фақатгина ғалатилик кузатилади. Фараз қилайлик, Жойснинг романларига қараганда, унинг романлари бирмунча қатьий ва жиддий тузилишга эга. Бизнинг назаримизда, шу муносабат билан “онг оқими”га мансуб иккита романнинг, яъни жанрнинг классик намуналари, Жойснинг “Улисс” романи ҳамда Виржиния Вулфнинг “Тўлқинлар” романининг хотимаси, натижасини солиштириб кўриш қизиқарли бўлар эди. У ҳолатда ҳам, бу ҳолатда ҳам персонажларнинг онг оқими бир бирлари билан алмашинади. “Улисс” нинг хотимаси – Молли Блумнинг ақлдан озади. “Тўлқинлар” романининг якуни – Бернарднинг монологи. Сўнгги хислат сифатида Ж.Жойс аёлга сўз беради, Виржиния Вулф эса – эркакка. Буни тасодиф деб баҳолаш мумкин, аммо, аслида бу каби адабий трансвестизмнинг жиддий асослари мавжуд. Аёл образини акс эттириш (В.Вулф) “атомлар онгимизга ўрнашиб қолиши тартибида тасвирлаш” фақатгина эркак (Ж.Жойснинг) ижодий услубига хос. Бунга зид ҳолатда Виржиния Вулф азалдан онг оқимига хос бўлган чалкашлик, тартибсизликни йўлга қўйишга ҳаракат қилади. Бернарднинг сўнгги монологи – бу ажойиб якун, ўзидан олдинги романларга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган анъанавий романнинг хотимаси ва фақатгина тасвирлашнинг ўзига хослиги “онг оқими” услуби тўғрисида гапиришга ундайди.
Аммо, романчилик анъанасида бир-бирларини ўрнини алмашувчи фикр ва ҳиссиётларнинг чалкашлиги, тартибсизлигини тасвирлаш – бу аёл психологиясининг, шу билан бирга эркак психологиясининг ўзига хос белгилари бўлган мулоҳазакорлик, тартиблиликни акс эттиришнинг ажралмас, барқарор хусусиятидир. Шунинг учун ҳам услубнинг асосий қоидалари бирмунча яққол, қоидаларга тўлиқ мос бўлган хотимада, яъни асарнинг якунида Ж.Жойс саҳнага аёл (Молли) образини, Виржиния Вулф эса эркак (Бернард) образини қўядилар. Демак, персонажнинг жинси муаллифнинг назарий фикрларининг ифодасидир. Ва шунинг учун ҳам бу ерда Роберт Эдамснинг оддийгина фикрлари, яъни Молли образини яратишда Жойс ўзининг аёлларга бўлган “ачиниш”идан келиб чиққан деган содда хулосасига қўшилиш даргумон. Ж.Жойснинг бундай муносабати ўлароқ асарда Молли ўқувчиларни энсасини қотиргулик даражада тасвирланган.104 Ёки Сьюзетт Хенкенинг фикрига кўра, “эркак руҳиятини аёлга хос тарзда тасвирлаш”гина холос.105
Чалкашлик, тартибсизликдан қочишга уриниш Виржиния Вулф олдига ғоят мураккаб вазифаларни юклади. Эдвардианц ёзувчилар асарларида тартибсизликнинг қандайдир элементлари тасвирлангани учун айбланадилар. Ж.Жойснинг мантиқсизлиги Виржиния Вулфни қониқтирмайди. Шундай экан, биринчи галда материалист ёзувчиларнинг анъанасига қатъий зид келадиган, иккинчи галда эса жиддий ва аниқ принципларга асосланган “спиритуалистик” роман ёзмоқ лозим. Мободо, шундай тартибда асар ёзилса, уни аввалгидай “роман” деб аташ мумкинми? Ёки бу асар бошқа жанрга мансуб асар бўладими? Бу борада Виржиния Вулфнинг ўзи шубҳалардан холи эмас эди: “Роман” сўзи ўрнига мен бошқа бир янги сўз кашф қилишим керак, деб ўйлайман. Янги Виржиния Вулф. Аммо, мана оқибат? Элегия?”106
Ўз асарларини қайси жанрга мансублиги тўғрисида фикр юритиш – ғоят симптоматик (бирор нарсадан дарак берадиган ҳодиса) ҳодисадир. “Замонавий бадиий наср” номли мақолани яна бир бор ёдга оламиз: “Агар ёзувчи қул эмас, балки эркин шахс бўлганида эди, агарда у мажбурият эмас, балки ўз шахсий ҳис-туйғулари билан ижод қила олганда эди у ҳолда сюжет ҳам, комедия ҳам, трагедия ҳам, ишқий саргузаштлар ҳам, анъанавий услубдаги ечим ҳам, якун ҳам бўлмас эди”. Аммо, у ҳолда сюжетнинг ўрнини нима билан алмаштириш мумкин? Романни алоҳида, майли, қойил-мақом ёзилган бўлса ҳам, лекин барибир парчаларга қандай бўлмаслик мумкин?
Вақт категорияси Виржиния Вулф ижодида фрагментларни бир бутун романга бирлаштиришнинг асосий принципи ҳисобланади. Инглиз адибасининг 1920-1930 йилларнинг бошларидаги экспериментал романлари (“Дэллоуэй хоним”, “Маёқ сари”, “Тўлқинлар”) бахтин мактаби тадқиқотчилари нуқтаи назарида, хронотоп категориясини мазкур асарларга илова қилиш учун, эҳтимол, деярли мукаммал, намунавий вариантдир. Ҳақиқатдан ҳам, бу романларда вақт мукаммал, яққол режага солинган ҳамда унча катта бўлмаган муддат, даврни (“Дэллоуэй хоним” ва “Тўлқинлар” романларида бир кун; “Маёқ сари” романида бир неча йилларга бўлинган икки кун) қамраб олади, иш-ҳаракат, воқеалар қатъий чегараларда чекланган (Лондон – “Дэллоуэй хоним” романида, “Маёқ сари” романида уй ва унга туташиб турган ён-атроф). Шу каби узлуксиз, муттасил воқеа-ҳодисаларнинг макони ва замонининг торлиги, қисқалиги, эҳтимол, Бахтин руҳи ва дидига мос адабий тадқиқотлар учун ноодатий ўйиқ, ғалати кемтик, хронотоп тушунчасининг қўзғалмас мустаҳкамлигини тасдиқловчи қандайдир ажиб бир ҳолат бўлиши мумкин.
Лекин, бу ажиб ҳолат амалда тартиб қоидалардан камида истисно тариқасида қаралади ва бунинг манбаларини, бизнингча, “хронотоп” тушунчасининг айни моҳиятидан изламоқ лозим. М.М.Бахтиннинг фикрига кўра, унда “вақт аломатлари маконда намоён бўлади ва макон вақт билан ўлчанади ҳамда идрок этилади”107 хронотопнинг бу икки таркиби – вақт ва макон –бир хилдай фараз қилинади, лекин уларнинг ҳар бири бахтинча (М.Бахтин) асарларда “бир хил мақомда баравар” бўлишга ҳаракат қилади. Бундай хатолик, англашилмовчилик замонавий тадқиқотчиларнинг назаридан четда қолмади. Демак, М.М.Бахтин томонидан тадқиқотнинг бошида билдирилган фикрга амал қилиб “Барча кейинги таҳлилларни биз бутун диққатимизни замон категориясига қаратамиз ...”.108 В.Линецкий ўзининг “Хронотоп анахронизми” номли мақоласида “... М.М.Бахтин вақтнинг асосий ролга эга эканлиги ҳақидаги фикрига аниқ исботлар келтира олмайди. Бундан маълум бўладики, бахтинча “йўл”, “қаср”, “кичкина шаҳарча”, “остонадаги суҳбат” ифодаларида макон белгиловчи жиҳат ҳисобланади. М.М.Бахтин хронотопи амалда топохронос бўлиб чиқди”.109 Баҳс мунозарали китобга мувофиқ тадқиқотчи шундай ёзади: “Асарни ҳозирги замон билан, ўтмиш билан алоқасини йўқотувчи механизмлар, вақт категориясини таъсирсизлантирувчи механизмлар бу жанр учун муҳим роль ўйнайди ”.110 Бу ерда, тўғриси, Виржиния Вулф романларида вақт категориясини “мавжуд эмас”лигини тасаввур қилиш қийин.
Умуман вақт категорияси тўғрисида гапириш, табиий, самарасиз. “Матндаги вақт” ҳамда “воқеликдаги вақт” – бу мутлақо бошқа-бошқа нарсалардир. Тадқиқотчи Вадим Руднев ўзининг “Реаллик морфологияси” асарида мазкур тушунчаларни чуқур таҳлил қилишга ҳаракат қилади. Матннинг борлиқ билан ўзаро муносабатини тартибга солиб, тадқиқотчи илк саҳифалардаёқ вақт масаласига дуч келади ва кейинчалик бири бошқасига халал бермаслиги учун, бир йўла вақтнинг икки турини аниқ фарқини кўрсатиб беради: “воқеликдаги вақт” “моддий вақт”, “матндаги вақт” эса “семиологик вақт” деб таърифланади. Уларнинг ўзаро муносабати қуйидаги формула бўйича тасвирланади: “Воқеликни тасвирловчи ҳар бир жумла, ҳар бир фикр, вақти моддий воқелик вақтига нисбатан йўналтирилган белгили тизим матни ҳисобланади”111
В.Рудневнинг қизиқарли хулосаларини бир ёнда қолдириб, мазкур фараздан келиб чиқиб, бошқа бир нечта саволларга юзланамиз: биринчидан, “семиологик” вақт билан “моддий” вақтнинг ўзаро муносабати роман учун шунчалик муҳимми? ва, иккинчидан, вақт категорияси, ҳақиқатдан ҳам, роман учун имманент (бирор ҳодисанинг ички хусусиятига хос бўлган, унинг табиатидан келиб чиқадиган) ҳисобланадими?
Биринчи саволга жавоб бериш учун яна бир карра М.М.Бахтиндан мисол келтирамиз. Тадқиқотчи шундай ёзади: “Бу турдаги романларда вақт категорияси ўз маъносига ҳамда тарихий таърифига эга эмас; ҳатто, “биологик вақт”– асар қаҳрамонининг ёши, унинг ёшлик даврларидан донолик, қарилик томон силжиши – ёки умуман тасвирланмайди, ёки расман акс эттирилган”.112 Шундай экан, роман учун “семиологик” ва “моддий” вақтнинг ўзаро муносабати мутлақо муҳим эмас. Аслини олганда, бу ҳолатда романдаги вақт категорияси сюжет вақтининг ўзгинасидир ва воқеа ҳодисаларни “айни бир вақтда ажратиб туриш учунгина хизмат қилади.113Бу борада мисол сифатида модернизм адабиётидан Марсел Прустнинг “Бой берилган дамларни излаб” асарини келтириш мумкин. Бу асарда “моддий” ҳамда “семиологик” вақт ўйини тадқиқотчиларни шу цикл учун вақт категориясининг янги турларини тузишга мажбур этиб маромига етказилган.114Бу ерда ҳам навбатдаги масала юзага келади. “Моддий” “семиологик” вақт тушунчаларини бир биридан ажратиш тўғрисида, эҳтимол, бу даражада батафсил гапиришнинг ҳожати йўқ эди, агарда, нафақат В.Руднев ва М.Бахтинни, балки қачонлардир вақт категориясига мурожаат қилган барча тадқиқотчиларни бирлаштирган ҳолат бўлмаганида. “Семиологик” вақт улар томонидан ҳар доим “моддий” вақт таъсирида муҳокама этилади. Ва шу сингари воқеликни макон ва замон узвийлигисиз тасаввур этиб бўлмаганидек, романдаги вақт категорияси ҳам шу жанрдаги барча асарларга хос бўлган қандайдир мустақил категория сифатида фараз қилинади. Аммо, ҳақиқатдан ҳам бу шундайми? Бизнингча, замон, макон каби романда сюжет-композиция услубининг махсус тури бўла олиши мумкин. Амалда, М.Бахтин хронотопи (ёки, В.Линецкий таснифи бўйича топохронос) – бу универсаллиги ҳамда мустақиллиги ғоят шубҳали, ноаниқ бўлган сунъий қурилмадир.
Виржиния Вулфнинг экспериментал асарлари шунинг яққол тасдиғидирки, унинг реаллик тўғрисидаги тасаввурларига тўлиқ мос равишда бу ерда макон ва замон “моддий воқелик”ка эмас, балки ундаги ўткинчи экстрактга (бирор асар, ҳужжат ва шу кабиларнинг қисқача мазмуни) мурожаат қилади.
“Жейкоб хонаси”, “Дэллоуэй хоним”, “Маёқ сари”, “Тўлқинлар” романларида инглиз адибаси кенг равишда “онг оқими”ни акс эттиради. Персонажларнинг “ички дунё”сини, “психология”сини тасвирлаш, албатта, ХХ аср бошларида мутлақо янгилик эмас эди (ўн тўққизинчи аср психологик романларининг ёрқин намуналарини эслашнинг ўзи кифоя). Диссертация ишимизнинг илмий янгилиги шундан иборатки, ички дунё, психологик жараён айнан “оқим” сифатида идрок этилган. Ва бу, эҳтимол, “онг оқими”нинг анъанавий романлардаги персонажларнинг ички монологидан асосий фарқи ҳисобланади. Анъанавий романлар адабийлиги, ўтмиш, бугун ва келажакни тасвирлаши билан ажралиб туради. “Онг оқими” умуман олганда адабий эмас.
“Онг оқими”нинг ички “субъектив” замонига макон ўлчамини безарар киритиш амримаҳол. Бахтиннинг фикрига кўра “макон ва замоннинг узвийлиги” етарлича ўзгалар учун ёпиқ бўлган, берк ҳамда ҳаракатсиз маълумотдир.
“Субъектив замон”дан “объектив замон”га мурожаат қилиб, Виржиния Вулф романларида объективлик кўпроқ тасвирланганини сезиш қийин эмас. Бу эса тадқиқотчига айнан қайси вақт оралиғида у ёки бу эпизод содир этилганини аниқ кўрсатилган ҳолда романдаги воқеаларнинг батафсил хронотопини тузишга яхшигина имкон яратади.115 Аммо, табиийки, биргина шунга ўхшаш ҳикоя қилишнинг ёрқин ифодаланган хронологик тартибининг ўзи асло етарли эмас. Беихтиёр олинган замон аломатлари мазкур асарларда хронос ҳақиқатдан ҳам функционал равишда мавжуд эканлигига мутлақо далил бўлиб хизмат қила олмайди. Аммо, Виржиния Вулф романларини ўрганарканмиз, биз айнан замон ҳикоянинг бутун асосини мустаҳкамловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилишига амин бўламиз. “Дэллоуэй хоним” романида “айни шу замон лаҳзалари”да шахс кечинмалари ҳамиша ўтмиш хотиралари билан тўйинтирилганлигини кўрамиз. Шу онларда муҳим воқеалар содир этилган бўлса-да, мисол учун Септимуснинг ўзини ўзи ўлдириши – барибир мана шу июнь ойининг бир куни – ўтмиш маълум бир шаклга кирадиган юза бўлиб хизмат қилади”– деб ёзади тадқиқотчилардан бири.116 Ҳинд тадқиқотчиси Шив Кумар Виржиния Вулф романларида замон аҳамиятини шундай таърифлайди: “Унинг асарларида замон –деярли, идрок этиш тури, барча воқеа ҳодисалар ўз аҳамиятига ҳамда ўзаро алоқага эга бўлгунга қадар тозаловчи фильтрдир”.117 Вулф романларидаги эпизодлар бир бири билан аниқ узвий замон кетма-кетлиги принципи асосида алмашинади, ва ҳар қандай кейинги эпизод биринчи эпизод тугаган вақт нуқтасидан бошланади, вақт оқимининг узвийлиги тўғрисида таассурот пайдо бўлади. Персонажларнинг репликалари бир эпизоддан бошқасига уловчи ёки воситачилар бўлиши мумкин. Мисол учун, “Дэллоуэй хоним”романида ҳикояни бир бутун яхлитликка боғлаш учун гоҳ асар қаҳрамонлари олдидан ўтаётган бош вазир машинаси, гоҳ Лондон осмонида реклама бўлиб учаётган самолёт уловчи ҳисобланади. Ва шу ўринда биз бевосита хронотопнинг макон ўлчамини муҳокама қилишга киришамиз. Эпизодларни ўзгартириш, алмаштириш учун темпни йўқотмасликка йўналтирилган маълум бир шарт-шароит зарурлигини пайқаш мушкул эмас. Темп – бу воқеаларнинг олдинги ва кейинги ўрнининг макондаги яқинлигидир. Шунинг учун, қоидага кўра, асар қаҳрамонларининг кўриш ва эшитиш даражалари ошиб кетмайдиган масофада воқеаларнинг ўрни бир биридан ажратилган. Бошқача айтганда, норматив фокусни бир персонаждан бошқасига кўчириш – иккала персонаж макон жиҳатидан ёки бевосита бир бирини турли манифестациясини ўзига қабул қилиб идрок этиб турадиган ёки улар орасида макондаги ҳолатни эгаллаб турган “воситачи”- объектни бир вақтнинг ўзида кузатиб, сезиб, эшитиб турадиган масофа билан чегараланиб туради. Бизнингча, Виржиния Вулфнинг “Дэллоуэй хоним” ва “Маёқ сари” романларидаги маконнинг замонга нисбатан тобелиги айнан воқеаларни чекланишига олиб келади.
Хронотоп таркибидаги “тенг ўринлилик”нинг тўлиқ муваффақиятсизликка учраши, барбод бўлиши “Тўлқинлар” романида рўй беради. Бу ерда реал персонажлар ўрнига фақатгина уларнинг овозлари иштирок этади. Бутун асарни мустаҳкамловчи ўнта интерлюдия романдаги вақт категориясининг тадрижийлигини акс эттирилишининг ўзгинасидир: кун чиқишидан кун ботишгача, баҳордан – қишгача, болаликдан – ҳозирги дамгача, романнинг муқаддимасидан хотимасигача. Шундан келиб чиқиб, Виржиния Вулфнинг “Дэллоуэй хоним”, “Маёқ сари”, “Тўлқинлар” романларига нисбатан вақт категориясини қандайдир таъсирсизлантириш тўғрисида гапириш ғоят мушкул. Бундан ташқари бу асарларда вақт камида (“объектив” ва “субъектив” вақт) зоҳир бўлади ҳамда мазкур романлардаги бутун ҳикояни мустаҳкамловчи асосий омил, уларнинг “композицион негизи” ҳисобланади.118 Ўз навбатида, макон замонга нисбатан, роман воқеаларини муқаррар чегараловчи ҳосил миқдор ҳисобланади. Виржиния Вулфнинг учта романини қилган таҳлилимизнинг натижаларини романчилик жанрининг бошқа намуналарига ҳеч бир тадбиқ қилмасдан, шуни таъкидлаймизки, мазкур романларда ҳикоянинг равонлиги, мукаммаллиги айнан вақт категориясига мансуб. Ва бу бахтинча хронотоп тушунчасини кўр-кўрона мадҳ этиш, ёки юқорида айтиб ўтилганидек, қандайдир бир мукаммал, намунали ҳолат бўлиши мумкин.
Бу ҳолат хронотоп тушунчасида ҳукмрон бўлган парадоксал вазиятда мавжуд: бир томондан, хронотоп ўзида қандайдир ўйлаб топилган, уйдирма, матнда мавжуд бўлган бадиий маконни, бошқа жиҳатдан, талқин қилиш жараёнида бевосита матнга тадбиқ қилинувчи матндан ташқаридаги вақтни ўзида мужассам этади. Шундай қилиб, романнинг вақт категорияси “тарихий” вақтнинг синоними сифатида майдонга чиқади ва шу билан бирга бу каби ёндашув М.М.Бахтиннинг фикрига зид эканлигини тасдиқламаслик лозим. Аксинча, бахтинча матннинг ўзи: “... хронотоплар, воқеликнинг реал вақтини ўзлаштиришга хизмат қилувчилар ва шу воқеликнинг муҳим онларини романнинг бадиий қатламига сингдирувчи ҳамда тасвирлашга имкон яратувчилардир”.119 Аммо, Виржиния Вулфнинг экспериментал асарлари учун айнан бошқа йўналиш хосдир. У эдвардианц-ёзувчиларнинг айнан “ташқи”, “тарихий”, “ижтимоий” жиҳатларга эътиборини, улар услубининг асосий камчилиги деб ҳисоблайди. Ва бунга қарама-қарши ҳолатда инглиз адибаси, асосий эътиборни инсон “ички дунёси”га, унинг психологиясини тасвирлашга қаратиш баробарида у матннинг тарихий воқелик билан қатъий алоқаси доирасидан дахлсизлигига интилади. У ўз романларида тарихий вақт категориясини иккинчи даражага, маргинал элемент даражасига тушириб, бунинг ўрнига вақт, замон тушунчасини рамзий ва психологик жараён сифатида қабул қилиб дадил қадам ташлади. Вақтнинг айнан шундай турли туманлигини Виржиния Вулф ҳикоя тузилишини ташкил этувчи элемент сифатида қарайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |