3.3. Виржиния Вулф “янги роман” принциплари ҳақида .
“Тўлқинлар” (The Waves,1931)романи232 Виржиния Вулфнинг жанр тузилиши юзасидан синов-тажрибаларининг кульминацияси бўлиб майдонга чиқади. Унинг олдинги асарларида белгилаб ўтилган “янги услуб” яратиш бўйича барча ғоя ва фикрлари бу асарда ўз мантиқий натижасини топади. Н.П. Михальскаянинг таъбири билан айтганда” “Тўлқинлар” романида ҳаётнинг универсал манзараси, инсоннинг умумлашма образи яратилган; оламнинг, коинотнинг гоҳ қуёш нурлари ила чороғон этиладиган, гоҳ зулматга чўлғанадиган сиртқи кўриниши, шакли кўрсатиб берилган. Табиатнинг авж олаётган офатлари орасида инсон ҳаёти капалаклар мисоли титрамоқда”.233 Натижада, танқидчиларнинг якдил эътирофига кўра нафақат инглиз адабиётида, балки умуман бутун жаҳон адабиётида ноёб ҳисобланган асарлардан бири юзага келди.” “Тўлқинлар” романи роман сифатида яратилмаганида эди, эҳтимол уни ўқишга тайёр бўлмаган китобхон бу асарнинг ноанъанавий услубига ажабланган бўларди”.234 Ва Йэн Грегор ҳаққоний равишда айтганидек, китобхон ёки бу романни дарҳол қабул қилади, ёки уни бир четга олиб қўяди.235
Виржиния Вулфнинг кундалигида у янги романини бошлаётиб ўз олдига қўйган вазифани қайд этиб қўйганлигини топиш мумкин: “Калламга мен ҳозир нима қилишни хоҳлаётганлигим тўғрисидаги фикр келди – буни ҳар бир атом ифода этади. Барча самарасизликдан, руҳсизликдан, ҳаддан ташқарилиликдан, ортиқчалиликдан кечмоқ: у ўз комига тортмаслиги учун барқарорликка юз бурмоқ. Фурсат – бу фикрлар, туйғулар муштараклигидир; Самарасизлик, руҳсизлик, мана шу фурсатга тааллуқли бўлмаган нарсаларнинг зоҳирлигидан келиб чиқади; реалистнинг ҳикояси мароқсиз: тушликдан ужинга бориш: бу қалбакилик, нореал пуч нарса, бутунлай шартли. Нима учун адабиётга нафосатсиз, жозибадор бўлмаган нарсаларни киритишади. Латофат, жозиба, нафосат билан мен тўйинишни истайман. Мен романнависларга ҳасад қилмаяпманми? Шоирлар ўз асарларини соддалаштириб муваффақият қозонадилар: уларнинг асарларида ҳаммаси амалда – шу билан бирга мазмунан бойитилган. Мен шу тажрибани “Капалаклар” асарида қўлламоқчиман. Унда маъносизлик, нореал воқеалар тасвирланиши лозим: аммо очиқ ойдин ёзилиши керак.”236
Аммо, адиба кўкларга кўтариб мақталадиган “шаффофлик”ка эришиш ғоят мушкул бўлиши тўғрисида ўз-ўзича фикр юритади. 1930 йилнинг 9 апрелида у шундай ёзади: “Орландо” ҳамда “Маёқ сари” романларининг эркинлиги, табиийлиги услубнинг ғоят оғирлигида мужассамлашган – “Жейкоб хонаси”даги каби. Ўйлашимча, бу ерда (“Тўлқинлар” романида – У.Ф.) ривожланишнинг энг сўнгги босқичи намоён этилган, лекин, албатта, қаердадир бу хато бўлиши мумкин. Аммо, мен дастлабки фикримда, илк маслагимда сабот билан қолишим зарур”.237 Тўрт ой ўтгач адиба бўлғуси романининг бўлиши мумкин бўлган муваффақиятсизлиги тўғрисидаги фикрга яна қайтади: “Тўлқинлар” романи, ўйлашимча, бир талай кучли таассурот қолдирувчи монологларга айланади. Уларни боғлаб турган нарса – бу тўлқинлар маромидаги ички ва ташқининг бир турдаги ҳаракатидир. Улар изчил пайдар-пай ўқиладими? Мен, бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. Ўйлайманки, бу ерда менга бир кунмас бир кун менда мавжуд бўладиган буюк имконият, ўзини ифода эта олишга қодирлик насиб этди; бас, демак, энг сўнгги муваффақиятсизлик, деб ўйлайман. Бу асарни ёзаётганлигим учун, барибир ўзимни ҳурмат қиламан – майли – ҳатто бу асар менинг ҳар жиҳатдан камчиликларимни намуна қилиб кўрсатсин”.238Виржиния Вулф персонажларнинг монологини кучли таассурот қолдирадиган деб фараз қилганлигини эслатиб ўтамиз.
Бу борада Марк Голдман шундай фикрни билдиради: “Агар биз “Тўлқинлар” романини астойдил ўрганадиган бўлсак, ундаги олтита характерни, яъни образни очиб берувчи монологлар онгли равишда асосан жиддий таассурот учун яратилган. Романнинг ҳар хил эпизодлари саҳнабоп қилиб ёзилган ва албатта, монологлар ҳам таъсирчан, модомики улар асарнинг катта қисми мобайнида камгап бўлсада бошқа бир персонажнинг иштирокига эҳтиёж сезадилар. Персонажлар ҳақиқатдан ҳам воқеа ва ўша воқеа-ҳодисалар бўлиб ўтган маконни тўғридан тўғри тасвирлаш ҳамда таърифлаш имконини туғдирадилар, ҳатто улар (персонажлар) ўзларини монолог орқали очиб берганларида ҳам”.239 Шундай қилиб, бутун роман қандайдир бир яхлит саҳнабоп воқеа сифатида ўйлаб топилган – спектакль, ёки ҳатто мистерия бинобарин, биз кейинчалик кўрганимиздек, Виржиния Вулф ўзининг бошқа олдинги романларидаги каби тағин ўз асарини воқеликни акс эттирувчи оддий кўзгу вазифасини ўташга йўналтирмайди (Виржиния Вулфнинг фикрича, эдвардианц-ёзувчилар романларининг асосий камчилиги айнан мана шунда эди) – адиба, аммо, ғайритабиий нарсаларга ҳам, фантастикага ҳам ўралашмасдан воқеийликнинг чуқурроқ теран қатламларини кўрсатиб беришга уринади.
Барибир ҳам “Тўлқинлар” романи борасидага шубҳа, баҳслар тингани йўқ. Деярли бир йилдан сўнг Виржиния Вулф кундалигига шундай фикрни ёзиб қолдиради: “Бу муваффақиятсизлик бўлиши мумкин. Лекин мен бошқа ҳеч нарса қила олмайман. Ва мен буни яхши, аммо қовушмаган, норавон деб ўйлайман; бир силтов, бир зўр бериш ортидан кейингиси. Қандай бўлмасин мен ўзимнинг тузоғимни ташладим – агар унга бирор ўлжа илинмаган бўлса ҳам у барибир тўғри йўналишга мақсадга мувофиқ ташланган”.240
Шубҳасиз, инглиз адибасининг барча шубҳа-гумонлари унинг роман ёзиш усулидан, воқеийликни идрок этиш услубидан келиб чиқади. “Тўлқинлар” романининг ёзилиш принципини Виржиния Вулфнинг ўзи шундай талқин этади: “Фактлардан холи; эркин, монесиз; шундай бўлсада диққат эътибор билан ишланган; наср ва шунга қарамасдан назмий; роман ва пьеса.”241
Яна икки йилдан сўнг у (Виржиния Вулф – У.Ф) ўз фикрини янада қатъийроқ ифода этади: “Бу мавҳум ҳақиқатдан йироқ сирли бўғма асар: пьеса-роман”.242 Мазкур асар жанрининг чегарасизлигини таъкидлаш мутлақо тасодиф эмас. Адибанинг шахсий кундалигидан маълум бўлишича, романнинг катта қисми классик мусиқа, асосан Бетховеннинг сўнгги сонетлари таъсирида ёзилган эди. Бу, албатта, ритмик прозага ўхшаш романнинг услубига билвосита таъсир этган бўлиши мумкин. Бунинг устига кўпчилик мунаққидлар ҳаққоний равишда асарнинг тузилишида мусиқий асар яратилиш принципларини кўрадилар, жумладан сонаталар ва фугалар.243
Драматургнинг овози пьесада тўғридан тўғри ифодаланмаганлиги каби, “Тўлқинлар” романида ҳам тўлиқ муаллифнинг ўзини ўзи четга олиши юз беради – олти нафар персонажнинг (Бернард, Невил, Луис, Сьюзен, Джинна ва Рода) монологлари ўнлаб интерлюдиялар (мусиқа асарининг айрим қисмларини боғловчи парча ёки пьеса) билан алмашиниб туради. Улар матнда қандайдир шартли “метафорик” манзара тасвирланган жойда курсив билан белгилаб қўйилган ва ҳақиқатдан ҳам муаллиф фикри учун “матний бўшлиқ” қолдирмайдилар.244 Шунинг учун ҳам ростакамига замонавий тадқиқотчининг фикрига қўшилиш мумкин: “Тўлқинлар” ҳикоя шаклидаги портретлар сингари таърифланган бўлиши мумкин. Адибанинг дастлабки романларига хос бўлган учинчи шахс номидан ҳикоя қилиш “Тўлқинлар” асарида курсив билан белгиланган қисмларида, аммо кўпроқ қўнимсиз, кўчма, алмашиниб турувчи услубда “интерлюдия”ларда ҳамон мавжуд. Бунинг ўрнига мазкур услуб адабий ишлов берилган ҳамда мужмал ва олтита персонажлар ўзлари ҳақида гапирадиган, биринчи шахс номидан ҳикоя қилинадиган асосий матндан қатъий ажратилган”245
Ҳақиқатдан ҳам, агар бу умуман олганда мумкин бўлса мазкур асарда романнинг барча олтита персонажларини ўз оқимига жалб этиб қамраб олган қандайдир алоҳида муфассал сюжетни ажратиб кўрсатиш, жуда мушкул. Романнинг олтита ҳар турли персонажлари ҳаётининг ўз тарихи мавжуд. У бора-бора бир нуқтадан (Эвелдондаги болалик йиллари) турли томонларга кенгайиб боради ва сўнгра яна Бернарднинг сўнгги монологида биттага бирлашади. Ҳаёт матнга, ўтмишга, воқеага, қандайдир ҳикояга айланади: “Bernard says there is always a story. I am a story. Louis is a story. There is the story of the boot–boy, the story of the man with one eye, the story of the woman who sells winkles”- “Бернард ҳамиша тарих ўтмиш мавжуд, деб айтади. Мен – ўтмишман. Луис – ўтмиш. Оёқ кийими тозаловчисининг ўтмиши, бир кўз кўр одамнинг ўтмиши, қўшни аёлнинг ўтмиши”.246
Турли хил олти нафар персонажлар бизга авж олиши кўпчилик ҳолларда бир - биридан холи ҳолда кечадиган олтита турлича воқеа ҳодисаларни сўзлаб беради. Бу воқеаларнинг қандайдир “кесишиш нуқталари”ни (болаликни умумий хотирлаш, Персивал билан дўстлашиш, Персивални Ҳиндистонга кузатиш ва Hampton Courtда Персивалнинг вафотидан кейинги сўнгги учрашув) ҳатто зўрма зўракилик билан улар орасидан ягона муфассал сюжет чизиғи ўтадиган қилиб жойлаштириш мумкин эмас. “Бу асарда ҳеч қандай сюжет мавжуд эмас, “Дэллоуэй хоним”, “Маёқ сари” романларида сюжет мавжуд – барчаси бир бўлиб юқори даражада мураккаб бирлашув-жамлама ҳосил қилувчи фикрлар ҳамда таассуротларнинг аниқ жойлашиши, тартибли тақсимланиши”.247
Биз “Жейкоб хонаси” даги каби яна турли хил “микронарратив”лар, яъни кичик ҳикоялар билан иш кўрамиз, тўғри, бу сафар аралаш-қуралаш, мантиқсиз ҳолатда юзага келадиган ҳикоялар билан эмас – аксинча улар романнинг олтита персонаж-ҳикоя қилувчиларидан бирига кескин боғланган. Тўғрисини айтганда, олтита микронарративларнинг ҳар бири у ёки бу қаҳрамоннинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади, аммо модомики анъанавий роман нуқтаи назаридан ҳаётнинг бундай “муҳим” жиҳатлари, яъни муҳаббат, никоҳ, ижтимоий муносабатлар ҳақиқатдан ҳам “Тўлқинлар” романида ўзининг сюжет ҳосил қилувчи вазифасидан маҳрум бўлган бўлса, у ҳолда бу ҳолат айрим тадқиқотчи олимларга қатъий узил-кесил фикр айтишларига имкон туғдиради: “Мазкур романда соддалаштирилганлик ҳамда тилининг ўзига хослигидан ташқари ўзгача мазмун, сюжет, ҳикоя ва воқеалар мавжуд эмас: ҳар бир персонаж улғаяди, ҳаётга ва ўзига нисбатан маънан ўзгаради ва ҳамиша ўзининг онгли тажрибасини яхлит ҳолга келтиришга интилади”248
Романнинг ўзига хос қурилиши туфайли унда ҳақиқатда муаллиф фикри учун жой қолмаслиги тўғрисида юқорида айтиб ўтдик. Аммо “Тўлқинлар” романида нафақат муаллиф “гавдалантилмайди”. Персонажларнинг ўзи – танасиз, тўғрисини айтганда, улардан фақатгина овозлар қолади. Қолаверса, ҳатто “овоз” – Виржиния Вулф ушбу роман қаҳрамонларининг монологларини етказиб беришда қўллаган усул учун ҳаддан ташқари шартли таърифдир. Моҳиятан, биз Виржиния Вулфнинг бизга таниш бўлган олдинги “онг оқими” романлари билан иш кўрамиз, чунки “Бернард деди”, “Рода деди” – аслида шартли иборалар, “Дэллоуэй хоним”даги “маркерлар”, “у ўйлади”, “ўзича ҳал қилди” каби. Бу асарда энг ажойиб мисол – ёшлигидан ўзининг австралияча талаффузидан қийналган Луиснинг монологлари: “They laugh at my neatness, at my Australian accent.”[197; 9-б]- “Улар менинг саранжом саришталигимдан, менинг австралияча талаффузимдан куладилар...”, аммо асарда унинг талаффузидаги хатоликларни кўрсатувчи бирорта ҳам ҳолат учрамайди. Буни Луис гапираётганлиги фақатгина эксплицит равишда кўрсатилади (“Луис деди”), лекин мутлақо тил воситалари билан эмас. Наоми Сигал таъкидлаганидек: “Бу асарда овозларни назорат қилувчи муаллифга ҳеч қандай ишора мавжуд эмас. Умуман олганда, тилнинг таркибий тузилишида биз бир образ бошқасидан фарқ қилиши мумкинлигини жуда кам учратамиз”.249
Шунинг учун, ҳар бир луқмадан кейин “said” сўзининг ҳамиша ишлатилишига қарамасдан, персонажларнинг асарда келтирилган монологлари талаффуз қилиниши гумон. Аммо, бу ерда ҳатто “онг оқими” атамаси ишлатилса ҳам, у ҳолда “Тўлқинлар” романида Виржиния Вулф, Ж.Жойсга қараганда бирмунча бошқачароқ тажрибани қўллайди, яъни тажрибада “тафаккурга ўрнашаётган ҳар бир атомни тасвирлашини” таъкидлаб ўтиш лозим: “Тўлқинлар” романида персонажларнинг тўғридан тўғри “ментоскопия”сидан асар ҳам йўқ – ҳар бир қаҳрамоннинг монологида ҳар қандай синтактик ҳамда грамматик “хатоликлар” ҳақиқатда учрамайди. Аксинча, биз юқорида айтиб ўтганимиздек, олтита персонажлар бир тилда гапирадилар ва ўхшаш кўринишда бўладилар.
Шунинг учун, фикримизча, тўлиқ асос билан гапириш мумкинки, онг, тафаккур, инсон миясида лип-лип этиб турувчи фикрлар, таассуротлар тўлалигича акс эттирилмаган, балки инсон онгининг кунлик мулоқотда фаол иштирок этмайдиган қандайдир бир қисмигина тасвирланган. Бу онг, тафаккурнинг қандайдир бир қисми ва маълум бир маънода уни “эътиборсиз, четда қолган” деб аташ мумкин. Асарнинг барча олтита қаҳрамони болалик пайтларида камолга етган ёшида гапирган ҳолатдан фарқ қилмайдиган тилда гапирадилар. Мана, мисол учун, жуда намуна қилиб кўрсатиладиган ҳолат – ёш Бернарднинг монологи, яъни фикрлари: “Rich and heavy sensations form on the roof of my mind; down showers the day — the woods; and Elvedon; Susan and the pigeon. Pouring down the walls of my mind, running together, the day falls copious, resplendent.” [197; 11-б]- “Ёрқин ва теран таассуротлар менинг онгим, ақл-идроким гумбазида бурқирамоқда ва кунлар селдай ёғилмоқда – ўрмонлар; Элведон; Сьюзен ва кабутар. Кун миямнинг деворларидан пастга оқиб тушиб, бир бутун бўлиб бирлашиб, улкан ҳамда кўзни қамаштирадиган ёмғир бўлиб тўкилмоқда”. Албатта, бу ерда ёш болакай онг оқимининг бевосита тасвирланишини таъкидлаш ҳаққоний бўлар эди – унинг фикрлари “улар қандай тартибда тафаккурга ўрнашаётган бўлса, ўша ҳолатда” баён этилмайди, балки сўзлаб берилади.
Бундан ташқари, Виржиния Вулф романдаги воқеаларни тарихий даврга қатъий боғлашдан атайин онгли равишда қочишини таъкидлаб ўтмаслик мумкин эмас. Аниқ, муайян вақт – муҳим эмас, шартлидир: Авром Флейшман таъкидлаганидек, романнинг бошида йўл-йўлакай айтиб ўтилган гап, яъни мактабнинг қизлар хонаси деворида илинган қиролича Александранинг портрети бизга асар қаҳрамонларининг болалик даврларидаги саҳналар, воқеалар ХХ асрнинг биринчи ўнкунлигида бўлиб ўтганлигидан дарак беради.250
Демак, Виржиния Вулф бора-бора реалликни акс эттиришдан узоқлашади: аксинча, воқеа ҳодисаларни бевосита тасвирлаш мақсадида, у нафақат бўлиб ўтган ва ўтаётган воқеалар ҳақида асар қаҳрамонларининг ҳикоялари орқали билвосита акс эттиради, балки яна битта қўшимча босқич, яъни реаллик ва матн орасидаги масофани кенгайтирувчи босқични киритади – “эътиборсиз, четда қолган онг, тафаккур”. Агар романни стендалчасига реалликни акс эттирувчи кўзгуга қиёслаш ёдга олинадиган бўлса, у ҳолда “Тўлқинлар” романи, қаърида воқеликнинг бевосита образи аста секин сустлашиб йўқолиб борувчи яхлит кўзгулар тизимидир. Айрим тадқиқотчилар ҳатто буни муаллифнинг муваффақиятсизлиги деб ҳисоблайдилар: “Воқеаларнинг ҳамда аниқликнинг етишмаслиги – романинг асосий камчиликларидан биридир”.251
Ҳақиқатдан ҳам, Виржиния Вулф реалликдан нима учун ўзини узоқ олади? “Жуда яқин юзма юз бўлганда юзни кўриш қийин – масофадан туриб эса кўп жойни кўриш мумкин”? “Тўлқинлар” романида парадоксал равишда реалликдан узоқлашиш ҳақиқий воқеликка беихтиёр яқинлашишни англатади. Агарда “Дэллоуэй хоним” ва “Маёқ сари” романларида атроф муҳитнинг сон-саноқсиз майда-чуйда тафсилотлари, ўша онгимизга ўрнашувчи сон-саноқсиз таассуротлар асосан муҳим бўлган бўлса, “Тўлқинлар” романида эса ҳолат, вазият алмашинади. Кўзгулар тизими сабабли ҳикоя бошқача ўлчов, ўзгача шакл касб этади. Бунда “эътиборсиз, четда қолган онг тафаккур”нинг фаолияти бу – шахсий “мен”га ёпирилиб келувчи тўлқинлар орқали қилинадиган сўнгсиз саёҳатдир, моддий реалликнинг ҳар қандай нишоналаридан қиёслаб бўлмас даражада муҳимдир. Ҳаётни идрок этишнинг бундай янгича савиясида “турмуш онларини” ўз ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмас, бинобарин Виржиния Вулф бошқачароқ масалани ҳал этишга интилади – ҳаётнинг айнан яширин моҳиятини англаш жараёнини, инсонга берилган бир умрлик бутун ҳаёт жараёнини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади.
“Тўлқинлар” романида персонажларнинг монологларини галма гал қилиб турувчи интерлюдияларни қадимий юнон трагедияларидаги стасимларга (бир жойда туриб хор бўлиб айтиладиган ашула) қиёслаш мумкин – улар ҳам асосий воқеалардан узоқлаштирилган ва бунинг натижасида бўлиб ўтаётган воқеага қўшимча нур сочадилар. Аслида, айнан интерлюдиялар бутун ҳикоянинг ҳаракатланувчи вақт шаблонини белгилайдилар.
Қуёшнинг аста секин шарқдан ғарбга томон ҳаракати ва бунга параллел равишда йил фаслларининг алмашинуви (баҳордан қишгача) интерлюдияларда тўғридан тўғри бутун ҳикоя воқеаларининг кетма кетлиги билан боғланадилар – персонажлар бирин кетин ҳаётнинг турли босқичларини бошидан кечирадилар: болалик, ўсмирлик, ўспиринлик, ёшлик ва етилганлик. “Тўлқинлар” романининг ҳар бир бобига интерлюдия муқаддима қилинади. Улар роман қаҳрамонлари ҳаётининг босқичлари ҳамда курсив билан ажратилган воқеаларда гапирилаётган “метафорик манзара”лардаги вақтлар аро муайян рамзий параллелни таъминлайдилар.
Шу билан бирга интерлюдияларнинг айрим образлари персонажларнинг монологларида ҳам қай тарзда пайдо бўлишини кузатишимиз мумкин. Шунинг учун, масалан, Ральф Фридман интерлюдия ва романнинг асосий қисми иккита турли хил оламни ифода этади: макрокосмос ҳамда микрокосмос: “Пухта тузилган схема бўйича вақт ва тўлқинларнинг, ўтаётган кунларнинг, йил фаслларининг, даврларнинг макрокосмоси индивидуал ҳаётнинг микрокосмосига мос келади. Бу икки олам нарратив (ҳикоя) усулда боғланмаган, балки ўзаро кесишадиган образлар тузилиши орқали боғланган”.252
Эътиборга молик жиҳати шундаки, интерлюдиялар асосий ҳикояга алоҳида қарама-қарши қўйилганлиги – мазмун (қаҳрамонларнинг, воқеаларнинг мавжуд эмаслиги, табиатдаги қуёшнинг ҳаракати билан боғлиқ бўлган ўзгаришларнинг оддий тасвирланиши) жиҳатидан қандай бўлса, шакл (барча интерлюдиялар курсив билан белгилаб кўрсатилган, охиргисини ҳисобга олмаганда асарда алоҳида кичик боблар кўринишида берилган) жиҳатидан ҳам шундай.
“Кўзгуларнинг ўзига хос тизими” туфайли “Тўлқинлар” романида ҳикоя ўзгача ўлчов, ўзгача шакл касб этиши тўғрисида биз юқорида айтиб ўтган эдик. Мазкур таъриф янада кенгроқ даражада интерлюдияларга тадбиқ этилади, анъанавий романларда, эҳтимол, уларни бундай услубда деярли тасаввур этиб бўлмайди. Модомики айнан “ички вақт” интерлюдияларда (қуёшнинг ҳаракати) кейинги бобдаги воқеларнинг ривожи учун зарур импульсни беради. Бу айнан иккинчи интерлюдиядан аён бўлади. Ундаги биринчи жумлада “қуёш баланд кўтарилгани” айтилади ва иккинчи боб айнан олтита персонажлар илк бор мактабга қандай боришаётганлигини тасвирлашдан бошланади. Романдаги воқеаларнинг ўзи худдики, қандайдир шартли, метафорик манзаранинг “қолипи”да тургандек идрок этилади: “Романда денгиз фон вазифасини бажаради; асар қаҳрамонларининг ички ҳамда овоз чиқариб айтилган монологлари ҳам унга қаратилган”.253 Ҳар бир интерлюдияда қирғоққа ёпирилаётган тўлқинлар ёдга олиниши бунга имкон туғдиради ва тўғридан тўғри романнинг номланишига сабаб бўлади ва натижада курсив билан белгиланган воқеаларнинг аҳамиятини янада оширади.
Романнинг биринчи боби (интерлюдияда биз қуйидагини ўқиймиз: “Қуёш ҳали чиқмади”) олтита ҳар хил овозларга тааллуқли бўлган олтита турли хил жумладан бошланади. Ва романнинг мана шу биринчи парчаси тадқиқотчини қандай қийинчиликларга дуч келиши тўғрисидаги тасаввурни беради, агар у асосий персонажлар ўзаро қандай муносабатда бўлишларини ойдинлаштира олса. Олтита персонаж-овозлардан ҳар бири бир хил оҳангда гапириши, айнан бир хил сўзларни ишлатиши, ўхшаш тарзда муомала қилишига қараб асар қаҳрамонлари ўзаро қандай муносабатда бўладилар деган саволга маъноли жавоб айтиш ғоят мушкул: улар олтита ҳар хил одамларми ёки уларни қандайдир бир яхлитлик деб идрок этиш керакми? Романнинг илк саҳифалариданоқ қуйидаги фикрнинг келтирилиши бежиз эмас: “But when we sit together, close,’said Bernard, ‘we melt into each other with phrases. We are edged with mist. We make an unsubstantial territory.” [197; 7-б]-“Аммо биз бирга, ёнма ён ўтирган пайтда, – деди Бернард, – гапларимиз туфайли бир биримизга сингиб кетамиз. Бизни туман қоплаб олади. Биз хаёлий майдонни, тасаввурдаги ҳудудни ҳосил қиламиз”.
Шунинг учун ҳам бу масала бўйича тадқиқотчилар ўртасида якдил нуқтаи назар мавжуд эмас: олтита персонажларни алоҳида шахс деб ҳисоблаш керакми ёки уларни романнинг умумий бирлашган қаҳрамони дебми? Бу борада Ж.К.Жонстоуннинг фикрлари ўринли: “Тўлқинлар” романи персонажлари “Маёқ сари” романидаги персонажларни боғлаган гармонияга қараганда бир бирлари билан кучлироқ гармония билан боғланганлар”.254
Айрим тадқиқотчилар, биз бутун роман давомида овозларини эшитган барча қаҳрамонларни турли инсонлар, деб ҳисоблашади. Дэвид Дейчезнинг фикрига кўра, “ўзларининг монологлари орқали тасвирланган олтита персонажлар мураккаб ҳамда қизиқ шахслар сифатида намоён бўладилар”.255
Мана шу фикрга Элис ван Верен Келли ҳам қўшилади, у: “Тўлқинлар” романида Виржиния Вулф олтита турли инсонлар ҳаётини тасвирлагани учун муваффақият қозонган” – деб ёзади.256
Бошқа бир танқидчилар эса романнинг олтита қаҳрамони яхлитликнинг қандайдир қирралари, айнан битта онг, битта тафаккурнинг турли томонлари, деб ҳисоблашади. Адибанинг замондошларидан Э.М.Форстер биринчилардан бўлиб романга ўз эътиборини қаратади: “ ... бу асарда муаллифнинг қарашлари ҳамма нарсадан юксак, улар курсив билан ажратилган, дейиш мумкин. Қуёш ҳамда сувнинг ҳар бир бўлимга мукаддима бўлиб хизмат қилувчи ҳаракати остида сўнгсиз суҳбатлар, қўштирноқ ичидаги сўзлар чўзилади. Бу суҳбат ғалати, чунки бу суҳбатнинг олти нафар иштирокчилари – Бернард, Невил, Луис, Сьюзен, Жинни ва Рода – деярли бир бирларига мурожаат қилишмайди ва уларни ҳатто битта шахснинг турли қирралари сифатида қараш мумкин”.257
Француз тадқиқотчиси “Тўлқинлар” романига хос бўлган шундай фикрни билдиради: “ асар қаҳрамонларини ахтариб топишда олтита овоз эмас, балки бу олтита овозни излаётган битта персонаждир”.258Ва бу овозлар “бир биридан фарқ қилмайди...асарнинг айнан асоси, айнан мазмуни, айнан оҳангидир”. Ва бу умумлашма мавжудот, барча қаҳрамонларнинг умумий йиғиндиси, олимнинг фикрига кўра, бу Виржиния Вулфнинг ўзидир, қаҳрамонлар эса унинг шахсиятининг қирралари, яъни жиҳатларидир.259
Д.Брюстер “Тўлқинлар” романига “жамоа биографияси” сифатида қарайди, бунинг устига, олтита алоҳида қаҳрамонларнинг биографияси сифатида эмас, балки умумий гуруҳ биографияси сифатида қарайди. Олтовлон қаҳрамонларнинг барчасини – “кўп қиррали битта шахс” деб ҳисоблайди.260
Бу фикрга Харвена Рихтер ҳам қўшилади: “Олтита қаҳрамон айнан битта шахснинг қирралари, жиҳатларидир ва ҳар бир қаҳрамон – инсон шахсияти турли жиҳатларининг гавдалантирилишидир”.261
Тадқиқотчилар ўртасидаги бундай баҳс, тортишувлар ғоят ибратли. Бир жиҳатдан олиб қараганда “Тўлқинлар” романини ҳамон персонажларининг контурлари аниқ тасвирланган анъанавий роман қолипига мажбурлаб, андазага тўғри келса келмаса солишга уринмоқдалар ва олтита қаҳрамоннинг умумий битта эканлигини таъкидловчи барча жумла, фикрларни, масалан, Бернарднинг сўнгги монологидаги фикрларини: “We suffered terribly as we became separate bodies”[197; 109-б]- “Бошқалардан ажралиб қолиб, биз даҳшатли қийналдик, азобландик” –– фақат метафора, нутқ эгаси сифатида қарамоқдалар. Бошқа бир томондан олиб қаралганда, овозларни қандайдир умумий яхлитлик сифатида тушунилиши мазкур романни мутлақо бошқача идрок этишни назарда тутади. Аммо, бизнингча, “Тўлқинлар” романида Виржиния Вулфнинг реалликни англаши, идрок этиши ёрқинроқ кўринишда намоён бўлган. Бу реалликда ҳар бир шахсият “турмуш онларида” улкан коинотнинг бир бўлаги сифатида сирли тасаввуфона бирлашувни, қўшилувни ҳис этмоғи лозим. Ахир Виржиния Вулфнинг олдинги романларида ҳам персонажлар баъзида шу каби бирлашувни ҳис этишганку: Септимус Смитнинг вафот этганлигини ўйлаётган Дэллоуэй хоним, ёки Рэмзи хонимнинг ҳақиқий буюклигини бирдан фаҳмлай бошлаган Лили Бриско. “Тўлқинлар” романида тасвирланган олтита образлар ҳақидаги адибанинг хатларидан олинган фикрларини ҳам айнан шундай талқин қилмоқ лозим: “Аммо, биз алоҳида одамлар эмас, балки қандайдир умумий маънода айнан битта шахс эканлигимизни ҳам назарда тутган эдим. Асардаги олтита персонажни битта одам, деб ҳисоблаш мумкин”.262
Аммо, тадқиқотчи бу масалада қандай фикрда бўлмасин, ўзини тенглаштириш, ўхшатиш масаласи, ҳақиқатдан ҳам, бошдан оёқ романнинг негизида ётади. Аслида ҳар бир персонаж ўзига ўзи “Мен кимман?” деган саволни беради ва машаққат билан унга жавоб излайди. Шу билан бирга бундай ахтаришларнинг йўналиши ҳар хил: айримлари, Рода, Сьюзен ва Луис кабилар ўзгармас жисмий қобиққа ўралган, қандайдир муайян, реал “мен” томонидан ўзларини ўзлари идрок этишдан бош тортмоқдалар. Бу ўринда энг кескин мисол, албатта, Рода: “But here I am nobody. I have no face. This great company, all dressed in brown serge, has robbed me of my identity. We are all callous, unfriended. I will seek out a face, a composed, a monumental face, and will endow it with omniscience, and wear it under my dress like a talisman…” [197; 16-б]- “Аммо, буерда мен ҳечким ман. Мен шахс эмасман. Ҳамма жигар ранг саржа (бир хил астарбоп газлама – У.Ф.) кийган мазкур катта улфатлар мендан шахсиятимни тортиб олди. Биз бағритошмиз, нохайри хоҳмиз. Ва мен қиёфа, шахсият ахтаришим лозим, улуғвор шахсият, улуғвор қиёфа ва қачонки мен уни топсам, мен уни кўйлагим тагидан худди тумор каби тақиб оламан...”.
Сьюзен ўқишда юрган пайтларда ҳар доим қишлоққа қайтиш вақтини интизорлик билан кутиши бежиз эмас. У табиат қучоғида ўзини эркин ҳис этади: “But who am I, who lean on this gate and watch my setter nose in a circle? I think sometimes (I am not twenty yet) I am not a woman, but the light that falls on this gate, on this ground. I am the seasons, I think sometimes, January, May, November; the mud, the mist, the dawn. I cannot be tossed about, or float gently, or mix with other people…” [197; 46-б]- “Мен кимман ўзи – маннашу кўча эшикчасига суяниб итнинг каталагидаги тешикдан менинг сеттеримнинг (сеттер – овчи ит тури) бурни қақараб турган қизми? Мен баъзида ўйлаб қоламан (мен ҳали йигирмага кирганим йўқ), мен аёл эмас, балки мана шу кўча эшикчасига, мана шу ерга тушиб турган нурман. Мен – йил фасллариман, деб ўйлайман гоҳо, январь, май, ноябрь; тонгман, намгарчиликман, кўчаларда пилчиллаган шилталойман, шивалаб ёққан майда ёмғирман. Мен бетоқат бўлиб ўзимни уёқдан буёққа уришим, ёки сокин сойга ўхшаб тинч оқишим, ёки бошқа одамлар билан аралашиб кетишим мумкин эмас...”.
“I have signed my name,’ said Louis, ‘already twenty times. I, and again I, and again I. Clear, firm, unequivocal, there it stands, my name. Clear-cut and unequivocal am I too. Yet a vast inheritance of experience is packed in me. I have lived thousands of years. I am like a worm that has eaten its way through the wood of a very old oak beam.” [197; 77-б]- Луис:“Мен ўз исмимни аллақачон йигирма марта ёздим. Мен ва яна мен ва яна мен. Тузук, менинг исмим шу ерда мустаҳкам ва аниқ бўлиб туради. Худди ўзим сингари яққол, равшан ва аниқ. Ҳар ҳолда менга улкан мерос бўлиб қолган тажрибам бор. Мен минг йил яшадим. Мен қадим эман дарахтининг танасини бутунлай кемирган қуртман...”.
Бошқа бир жиҳатдан, асарнинг қолган қаҳрамонларига (Бернардга, Невилга, Жиннига), аксинча, ўзларининг “мен”ига эришишлари учун ўзгаларнинг иштироки зарур. Масалан, Бернард ўзининг “мен”и бошқа одамлар иштирокидагина кўпчиган тусда барқ уришини, гуллаб яшнашини такрорлашдан чарчамайди: “The truth is that I need the stimulus of other people”. [197; 38-б]- “Ҳақиқат шуки, мен ўзга кишиларнинг рағбатига муҳтожман”. “To be myself (I note) I need the illumination of other people’s eyes, and thereforе cannot been tirely sure what is myself.” [197; 55-б]- “Мен ўзим бўлишим учун (фаҳм лайман мен), мен бу ҳаётга ўзгалар нигоҳи ила қарамоғим лозим ва шунинг учун, бу ҳақиқатда мен эканлигимга батамом ишонмаслигим”; “Thus my character is in part made of the stimulus which other people provide, and is not mine, as yours are.” [197; 62-б]- “...қисман менинг феъл-атворим менга ўзга кишилар берадиган рағбатдан иборат ва бу характер меники эмас, у - сизники”.
Жиннининг “мен”и ўз танасига ажралмас ҳолда муштарак боғланган: “Our bodies communicate. This is my calling. This is my world. All is decided and ready; the servants, standing here, and again here, take my name, my fresh, my unknown name, and toss it before me. I enter.” [197; 47-б]- “Бизнинг таналаримиз, жисмимиз қўшилиб кетадилар. Бу менинг даъватим. Бу менинг оламим. Ҳамма нарса ҳал этилган ҳамда тахт қилиб қўйилган; хизматкорлар, нима учун бу ерда турибдилар ва буерда, менинг номимни, менинг софлигимни, менинг нотаниш исмимни оладилар ва уларни олдимга улоқтирадилар. Мен кираман”.
Невил ҳам ўзини шунга ўхшаш тарзда топишга ҳаракат қилади: “ Why, look, said Neville, ‘at the clock ticking on the mantelpiece? Time passes, yes. And we grow old. But to sit with you, alone with you, here in London, in this firelit room, you there, I here, is all.” [197; 81-б]-“Нима учун? – деди Невил – камин печининг токчасида чиққиллаб турган соатга қараб. Ҳа, вақт ўтаяпти. Ва бизнинг умримиз ҳам ўтаяпти. Аммо, сенинг ёнгинангда, сен билан ёлғиз ўтириш шу ерда, Лондонда, мана шу ёруғ нурга тўлахонада, сен у ерда, мен бу ерда – мана шу етарли”. Шунинг учун ҳамма нарса шу оламдан ажралиб қолишга мажбурлик, яъни тананинг, жисмнинг қариши уни ваҳимага солади: “‘I no longer need a room now,’ said Neville, ‘or walls and firelight. I am no longer young (…….). Then I hear the one sound I wait for. Up and up it comes, approaches, hesitates, stops at my door. I cry, “Come in. Sit by me. Sit on the edge of the chair.” Swept away by the old hallucination, I cry, “Come closer, closer”. [197; 89-91-б]- “Эндиликда бу хона менга керак эмас, – деди Невил, – деворлар ҳам, ёруғлик ҳам, нурлар ҳам. Мен энди ёш эмасман (...) Ва менга худди ўша мен кутаётган товуш эшитилади. У яқинлашиб келади, тебранади, менинг эшигим олдида туриб қолади. Кир– бақираман мен. – Мен билан бир пас ўтир. Ўтир бу ёққа, стулнинг четгинасига. Ўзимнинг қарилигим, йўқ нарсаларни кўришим, эшитишим, сезишимга, яъни галлюцинацияга асир бўлиб бақираман: Яқинроқ кел, яқинроқ”.
Ўзининг “мен”ини ахтариш – аслини олганда, ҳақиқий реалликни ахтаришнинг, инсоннинг яхлит оламга бирлашишининг ўзгинаси – биз “Жейкоб хонаси”да ҳам, “Дэллоуэй хоним”да ҳам, “Маёқ сари” романида ҳам шоҳиди бўлган айнан ўша фабула, ўша воқеалар занжирини ифода этади. Ва мана шу ахтариш барча шахсий кечинмаларни, воқеаларни ўзига сингдиради. Бу борада турли хил кечинмалар, саргузаштлар ўйлаб топиб сўзлаб бериш учун ёшлик чоғларидан ёзувчи бўлишга қарор қилган Бернарднинг улғайиши аҳамиятлидир: “When I am grown up I shall carry a notebook — a fatbook with many pages, methodically lettered. I shall enter my phrases.” [197; 17-б]-“Мен катта бўлганимда, ўзим учун ён дафтарча тутаман – саҳифалари кўп бўлган қалингина китобча, мен уни режали равишда тўлдираман. Мен бу ён дафтарчага ўзимнинг фикрларимни ёзиб бораман”. Ва Бернардда аста секин шубҳалар пайдо бўла бошлайди, умуман олганда ҳаётни бошланиши, тугуни, кульминацияси ва ечими бўлган анъанавий ҳикояга жойлаштириш мумкинми: “I have filled in numerable notebooks with phrases to be used when I have found the true story, the one story to which all the sephrases refer. But I have never yet found that story. And I begin to ask, Are there stories?” [197; 86-б]- “Мен сон саноқсиз ён дафтарчаларни фикрлар билан тўлдирдим, ҳақиқий ҳикояни, яъни мана шу фикрлар боғлиқ бўлган ҳикояни қачон топаман. Аммо мен ҳеч қачон бу ҳикояни топа олмадим. Ва мен ўзимга ўзим савол бера бошлайман: умуман олганда ўша ҳикоялар мавжудми ўзи?”
Ва ниҳоят, ўзининг сўнгги монологида Бернард сунъий равишда қурилган ҳикоя билан, анъанавий ҳикоя билан ҳаётни тасвирлаб ифодалаб бўлмаслигини англаб етади: “ I must tell you a story — and there are so many, and so many — stories of childhood, stories of school, love, marriage, death, and soon; and none of the mare true.” [197; 108-б]- “...Мен сенга бўлиб ўтган воқеаларни ҳикоя қилиб беришим лозим – улар шунчалик кўпки, жуда кўп – болалик ҳақидаги ҳикоялар, мактаб даврлари, севги-муҳаббат, никоҳ, оила, ўлим ва бошқалар тўғрисидаги ҳикоялар – ва уларнинг ҳеч қайсиси ҳаққоний эмас”. Демак, романнинг расм бўлган, яъни муайян воқеаларни ҳикоя қилишни назарда тутувчи структураси ичидан зил кетади, емирилади, яъни Бернарднинг монологига қўшилувчи, бирикувчи олтита овознинг сўнгги сўзларида. Ҳикояни ўрнига – ҳаёт ва ўлимни оддийгина идрок этиш, тўлқинлари ҳар доим қирғоққа урилиб парчаланувчи “мен”нинг чексиз уммонга сингиб кетиши. Бернарднинг сўнгги монологидан кейин курсив билан ажратилган атиги биттагина жумла келади. У асардаги воқеаларни ҳамда интерлюдияларни, асарнинг асосий парчаларини якунлайди: “Тўлқинлар қирғоқда парчалана бошлади” – The waves broke on the shore. [197; 131-б] Виржиния Вулф мана шу ерда яна бир карра ўша “метафорик манзара” тўғрисида гап кетаётганлигини таъкидлаш мақсадида муайян артикль қўллайди (The waves, the shore). Бу “метафорик манзара” олдинги тўққизта интерлюдияларда тасвирланган – теранроқ маънода, бутун роман давомида биз монологларини эшитган ўша олтита персонаж ҳақида. Уларнинг барчаси бир бўлиб асарнинг сарлавҳасига қўйилган “Тўлқинлар” ни ташкил этадилар – The Waves.
Мана шу жойда Жеймс Хэфлининг фикрига тўлиқ қўшилиш мумкин: “Тўлқинлар” романининг бош ғояси шундан иборатки, индивидуал шахсий ҳаёт – бу тўлқиндир, ҳаёт эса ўз ўзидан бу денгиздир; инсон ўзини битта тўлқин сифатида идрок этиши – демак, шу тўлқин қирғоққа урилиб парчаланганда ҳалок бўлишдир, аммо ўзини денгизнинг сон саноқсиз томчиларидан иборат бўлган ажралмас қисми сифатида идрок этиш – тўлқин ортидан кетаётган тўлқин сифатида идрок этиш – демакки мангуликка эришишдир”.263
Персивал образи ҳам “Жейкоб хонаси” романининг “мавҳум” қаҳрамонини эслатади. Жейкоб каби Персивал ҳам четдан туриб тасвирланган, бошқа персонажларнинг идроки орқали. Аммо Виржиния Вулфнинг илк романларида асосий масала ўз мушоҳадаларига таянган ҳолда бош қаҳрамоннинг ҳақиқий, ишончли портретини, ноанъанавий усулда бўлса ҳам, акс эттириш бўлган бўлса, “Тўлқинлар” романида эса асосий эътибор қўшни образларга кўчади – Персивалнинг қолган олтита персонажлар томонидан қандай идрок этилиши ўта муҳимдир. Ҳатто ноиложликдан ҳам уни бош қаҳрамон деб аташ мумкин эмас: тўғриси, Персивал бошқа персонажлар учун қандайдир “синов” ҳисобланади – унинг сўзлари ҳеч қачон бизга тўғридан тўғри берилмаганлиги бежиз эмас – унинг эътибори ҳаддан ташқари ташқи оламга, воқеа ҳодисаларга қаратилган, холбуки олтита ҳикоячилар ўзларини ўраб турган воқеликка нисбатан барибир ҳам қандайдир масофа сақлаб туришади – масофанинг мавжудлиги персонажларнинг сўнгсиз, узундан узоқ монологларини рағбатлантириб, кучайтириб туради. Ташқи оламга бутунлай кўмилган Персивал улар билан таққосланганда, бош қаҳрамонга ўхшайди – ҳа айтганча, бу ўз навбатида айрим тадқиқотчиларга Персивални тўғридан тўғри “Артур даври” нинг афсонавий персонажларига қиёслашга имкон туғдиради: “Персивал исми –ҳикоя қаҳрамонининг сирли равишда ҳосил қилинган исми ҳисобланади ... У – Авлиё Граал ҳақидаги афсонага асосланган романлардаги марказий образдир”.264 Митчелл Лиска бу хусусда шундай фикр билдиради: “Тўлқинлар” романида бошдан охиригача афсонавий Персивалга боғлиқ бўлган кинояли образлар ва фикр-мулоҳазалар акс эттирилса ҳам, тарихий тахминлар ўртасида етарлича қарама қаршилик мавжуд”.265
Персивалнинг бундай ташқи оламга кўмилиши, унинг ташқи олам билан яқинлиги ҳар бир қаҳрамон учун зарур тўлдириш ҳисобланади, Бернард дастлаб уларнинг улфатларини “гултожибарг” га ўхшатиши бежиз эмас. Персивал ҳар доим ўз иштироки билан бошқа персонажларни уйғунлаштиради. Сьюзан Горскининг таъбири билан айтганда, “Персивал билан улар рамзий маънода бир бутун шахсни ташкил этадилар”.266
Персивалнинг Ҳиндистонга кетиш олдидан берган зиёфатининг тасвирланиши бу жиҳатдан ўзига хосдир. Ҳаёт борган сари асар қаҳрамонларини турли томонга ажратиб юборади ва шунинг учун ҳам уларнинг ҳар бири ёлғизликка хос. Биринчи бўлиб Невил келади: “Кутишнинг ҳар бир лаҳзасини тотиб кўриш учун, эшикнинг қандай очилишига қараш ва “Percival? No; it is not Percival.” There is a morbid pleasure in saying: “No, it is not Percival.” [197; 55-56-б]- “Бу Персивалми? Йўқ, бу Персивал эмас” дейилишини эшитиш учун мен ўз ўрнимни белгиланган вақтдан ўн минут олдин келиб эгалладим; Мана шу “Йўқ, бу Персивал эмас” деган жумлада қандайдир аламли завқ мавжуд”. Мана шундай ёлғизлик ҳолатини Рода ҳам бошидан кечиради: “We cannot sink down, we cannot forget our faces. Even I who have no face, who make no difference when I come in….” [197; 57-б]- “...Биз унутилиб кета олмаймиз, биз ўзлигимизни унутишимиз мумкин эмас. Ҳатто, ўзлигини билолмайдиган, келишининг аҳамияти бўлмаган мен, бирорта ҳам тиргаксиз, шамолда тебранаман...”.
Ресторанга Персивал кириб келган пайтда бирдан ҳамма нарса ўзгаради. Бернард шундай дейди: “We who yelped like jackals biting at each other’s heels now assume the sober and confident air of soldiers in the presence of their captain. We who have been separated by our youth (the oldest is not yet twenty-five), who have sung like eager birds each his own song and tapped with the remorseless and savage egotism of the young our own snail-shell till it cracked (I am engaged), — sitting together here we love each other and believe in our own endurance.” [197; 58-б]- “Бирбирига ириллашиб чийиллаган шоқолга ўхшаб турган биз, энди командирининг олдида ҳушёр турган солдатга ўхшаб қолдик. Бизнинг ёшимиз орасида фарқ мавжуд эди (энг каттамиз ҳатто йигирма бешга ҳам киргани йўқ), биз худди қуш каби ҳар биримиз ўз қўшиғимизни куйлардик, ва ёшликнинг бераҳм ҳамда асовхудбинлиги билан то упарчаланг унча ўз қобиғимизга урар эдик (мен унаштирилганман) – энди эса бизга ёнма ён ўтириб бир биримизни севамиз ва содиқлигимизга ишонамиз”. Бернарднинг гапларини Луис ҳам (“Бизнинг ёлғизлик зулматидан чиқиш вақтимиз келди”) Невил ҳам такрорлайди: “Now let us say, brutally and directly, what is in our minds,’ said Neville.”[197; 58-б]-“Бизга ўйлаётган фикримизни қатъий ҳамда очиқ айтиш имкони келди”.
Персивалнинг ўлими, бу ўлимнинг бемаънилиги (у Ҳиндистонда отдан йиқилиб ўлади) барча олтита ҳикоянинг кейинги ривожи, авж олиши учун туртки вазифасини ўтайди. Бу ўлим, сувга чўккан тош мисол асар қаҳрамонларида ғалаён-ҳамдардлик ҳиссини уйғотади. Ҳаммадан кўпроқ – Невилда: “Percival fell; was killed; is buried; and I watch people passing; We are doomed, all of us. Women shuffle past with shopping-bags. People keep on passing. Yet you shall not destroy me. For this moment, this one moment, we are together. I press you to me. Come, pain, feed on me. Bury your fangs in my flesh. Tear me asunder. I sob, I sob.” [197; 70-б]- “Персивал сўнди; у ўлди; дафн этилди, мен эса ўтган кетганларни томоша қилиб турибман. Биз барчамиз аблаҳмиз. Аёллар саватлари билан ёнгинамдан ўтмоқдалар. Одамлар ўтаяптилар. Сиз барибир мени камситиб ерга урмайсиз. Шу лаҳзада, биронг бўлсада, биз биргамиз. Мен сизларни бағримга босаман. Азоблар, келинглар, ютинглар мени. Менинг танамга ўз найзаларингни санч. Мени чавақлаб ташла. Мен йиғлайман, йиғлайман”.
Бернард кўпроқ ўзини тутиб турибди, чунки айни шу дамда ўғлининг туғилиши ва Персивалнинг ўлими ҳақидаги хабар бир вақтда келди: “Such is the in comprehensible combination,’ said Bernard, ‘such is the complexity of things, that as I descend the staircase I donot know which is sorrow, which joy. My son is born; Percival is dead.” [197; 70-б]- “Хаёлга келмаган воқеалар, – деди Бернард, – буқандай ҳодиса, зинапоядан тушаяпману билолмайман, қайғу қаерда-ю, қувонч қаерда. Мен ўғилли бўлдим; Персивал эса вафот этди”.
Персивалнинг ўлими ғалати равишда Родани озод, эркин этади. Рода тез орада Луиснинг машуқасига айланади: “Percival, by his death, has made me this present, has revealed this terror, has left me to under go this humiliation — faces and faces, served out like soup-plates by scullions;” [197; 73-б]-“Персивал ўз ўлими билан мени ҳақиқий яшашга мажбур этди, мана шу даҳшатни фош этди, мана шу хўрликка дучор этди...”.
Роданинг фикрига кўра, Персивал ўлимининг дўстлари томонидан қабул қилиниши келажакни бир умрга ўчириб ташловчи ўзгартириб бўлмайдиган пешанага ёзилган қисмат эмас: “Bernard, meanwhile, flops red- eyed into some arm-chair. He will have out his notebook; under D, he will enter “Phrases to be used on the deaths of friends”. Jinny, pirouetting across the room, will perch on the arm of his chair and ask, “Did he love me?” “More than he loved Susan?” Susan, engaged to her farmer in the country, will stand for a second with the telegram before her, holding a plate; and then, with a kick of her heel, slam to the oven door. Neville, after staring at the window through his tears, will see through his tears, and ask, “Who passes the window?”— “What lovely boy?” [197; 4-б]– “Бернард, шу орада, қизарган кўзлари билан, бирорта диванга ўзини тап этиб ташлайди. Ён дафтарчасини олади ва ёзади: Дўстларнинг ўлимида қўлланадиган жумлалар”. Жинни хонани бошдан охиригача юриб чиқиб у ўтирган креслоснинг тирсаклагичига ўтиради ва сўрайди: “У мени севармиди?” “У Сьюзендан ҳам кўпроқ мени севармиди?” Сьюзен, аллақачон қишлоқда ўз фермерига унаштирилган, телеграммани олгач, қўлларида тарелкани ушлаганча бир секундга қотиб қолади; ва пошнаси билан печканинг эшикчасини тепади. Невил, дераза олдида кўзларида ёш билан туриб ва кўз ёшининг орасидан қараб сўрайди: “Ким бу, дераза ёнидан ўтган? Қандай барно йигит?”
“Жейкоб хонаси” романидаги Жейкоб Фландерс каби, “Тўлқинлар” романида ҳам Персивалнинг айнан ўшандай прототипи – Жулиан Тоби Стивен мавжуд, Виржиния Вулфнинг амакиваччаси. Шунинг учун ҳам адибанинг романни тугаллаган пайтдаги шижоати тасодиф эмас: “Қандай бўлмасин у тугалланди; ва мана шу 15 минут давомида мен ғалаба нашидасини ҳис этиб турибман хотиржам ва озгина кўз ёш билан Тоби ҳақида ўйлаб ва агар романнинг биринчи саҳифасида “Жулиан Тоби Стивен 1881-1906” деб ёза олганимда эди. Йўқ, бундай қила олмадим”.267
“Йўқ, бундай қила олмадим” – модомики бу асарнинг ғоясига зиддир. “Тўлқинлар” романини олий даражада мужмал асар дейиш мумкин. Бу асарда муаллифнинг матндан қувилиш жараёни мантиқий ечимини топган. Агар “Маёқ сари” романида “Вақт ўтаяпти” деб ноланган бўлимидаги лирик чекиниш ҳикоячи яшириниб турган ҳарир парданинг бир четини ҳеч бўлмаса қандайдир фурсатга кўтарса, у ҳолда “Тўлқинлар” романида тасвирлашнинг жозибадорлигига қарамасдан интерлюдиялар умуман олганда мужмал. Бир монологдан иккинчисига, бир ҳикоядан навбатдагисига ўтиш ҳеч қандай “уланишсиз”, ҳикоячи асарда сезилмайди. Сюжетга қараганда ритм, яъни оҳанг боблар ичида композицион асос бўлиб хизмат қилади – монологлар ҳам китобхонга тўлқинлар каби ёпирилиб навбатма навбат келади. Анъанавий романчилик амалиётидан бундай узилиш, портлашни Виржиния Вулфнинг ўзи жуда яхши ҳис этади. 1930 йилнинг 28 августида Этель Смитга ёзган хатида адиба шундай фикрни билдиради: “Ўйлашимча, мен учун қийинчилик шундаки, мен сюжетга эмас, балки оҳангга таяниб ёзаман. Аммо оҳанг билан мукаммал асар яратиб бўладими? Ва шундай қилиб, мен учун ҳикоя усулидан кўра оҳанг табиийроқдир. Бу романчилик анъанасига тўлиқ зиддир ва мен деярли кўп вақтимни ўқувчига кичкина бўлсада қандайдир йўлча топишга сарфлайман”.268 Мазкур фикр ушбу романга замонавий ёндашувларга мос келади: “Тўлқинлар” романи Вулфнинг анъанавий романни ҳеч бир асоссиз четлаб ўтишига бўлган қўпол уринишидир – айниқса асосий образларсиз ҳамда сюжетсиз”.269
Do'stlaringiz bilan baham: |