Таснифловчи луғатлар.
Араб луғатнавислиги, турли сабабларга кўра, Қуръон лексикасини ўрганиш билан боғлиқ равишда пайдо бўлган деб ҳисобланади. (غريب القرآن). Бундай лексикани йиғиш шубҳасиз, II ҳижрий асрдан кейинроқ бошланган. III ҳижрий асрда эса бундай луғатлар сони кўп бўлган, бироқ уларнинг кўпчилиги сақланиб қолмаган ва фақат номларигина бизгача етиб келган. Нафақат Қуръонда қўлланган қабила шевалари, балки унда қўлланган форсча, эронча, набатийча ва бошқа тилларга мансуб лексикалар ҳам келтирилган “لغات القرآن” “Қуръоннинг шевалар луғати” шундай луғатлар қаторига киради.
Бироз кейинроқ, қадимий ривоятлар лексикасини ўз ичига олган луғатлар /” غريب الحديث”/лар пайдо бўла бошлади, улардан аз-Замахшарий (1075-1144) “ألفائق فى غريب الحديث ” ва Ибн ал-Асирнинг “ألنهاية فى غريب الحديث” жамлама луғатлари бошқаларга қараганда машҳурроқдир. Натижада юқорида санаб ўтилган адабий ёдгорликлар асосида ҳар тарафлама таснифланган асарлар вужудга келди.
Диний адабиётга оид лексика одатда қадимги шеъриятдан келтирилган мисоллар билан далилланган, аналогия йўли билан ёки илоҳий ваҳийлар тилини ўзгартирилмаган ҳолда асраб келаётган деб ҳисобланган баъзи араб қабилаларининг вакиллари билан маслаҳатлашган ҳолда таҳлил этилган. Кейинги даврларда асарлар яратган муаллифлар эса ўз фикр ва мулоҳазаларини ўзларидан олдин яшаб ижод қилган муаллифларнинг асарларидан мисол келтириш орқали далиллаганлар.
Диний билимларнинг устуворлиги ислом дини, айниқса Қуръон ва ҳадисларга асосланган қонунчилик (фиқҳ) бўйича махсус терминологик луғатларнинг вужудга келиши учун шарт-шароитлар яратиб берди. Кейинчалик яратилган асарлардан ал-Файюмийнинг (1368 йилда вафот этган) сўзларнинг биринчи туб ўзаги бўйича алифбо тартибида жойлаштирилган (ҳаммаси бўлиб 27 та китобдан иборат) “المصباح المنير فى غريب الشرح الكبير” луғати ҳисобланади.
Қуръон ва ҳадислар лексикасига қизиқиш туфайли, умуман араб тилига нисбатан қизиқиш юзага келди, бу эса ўз навбатида адабий тилнинг турли қатламларига мансуб лексика жамлаган бошқа турдаги луғатларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бундай луғатлар қаторида “الغريب المصنف” – биринчи ўринда туради. Мазкур луғатнинг муаллифи Абу Убайд (770-837) тушунарсиз ва қадимги араб шеърияти ва баъзи бир бошқа ёдгорликларда учрайдиган кўҳна лексикани мавзулар асосида тузилган 25 та китобга жамлади ва таснифлади. Луғат изчил равишда сайланган қуйидаги китоблардан иборат:
1) Инсон танасининг тузилиши;
2) Аёллар;
3) Кийим-кечаклар;
4) Озиқ-овқатлар;
5) Касалликлар;
6) Уйлар ва жойлар;
7) Отлар;
8) Қурол-аслаҳалар;
9) Қушлар ва ҳашоротлар;
10) Идишлар ва қозон – товоқлар;
11) Тоғлар;
12) Дарахтлар ва ўсимликлар;
13) Сувлар ва сув оқимлари;
14) Палма турлари;
15) Булутлар ва ёмғирлар;
16) Вақтлар ва шамоллар;
17) Ном ясовчи андозалар;
18) Антонимлар;
19) Бир нарсанинг турли номлари;
20) Туялар ва уларнинг сифатлари;
21) Ҳайвонлар;
22) Ёввойи ҳайвонлар;
23) Туб ўзакли сўзлар ҳақидаги китоблар.
Ҳар бир китоб нисбатан умумий белгиларга эга бўлган (900 тадан ортиқ) бобларга ажратилган. Луғат номлари кўрсатилган ва номаълум шоирларнинг асарларидан келтирилган кўплаб мисолларни ўз ичига олган. У араб луғатнавислигининг кейинги ривожланишига улкан ва ҳар тарафлама ижобий таъсир кўрсатган.
Анча кенг тарқалган, ясама сўз турлари, ҳар хил араб шевалари лексикасини жамлаган ва вокализация ( яъни ундош товушнинг унлига айланиши: ундош товушининг бўғин ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлиш) нуқтаи назаридан (хусусан, шарқий ва ғарбий араб шевалари бир-бирига нисбатан) қиёсланган “كتب اللغات” – Қабилавий сўзлар китоблари ва “كتب النوادر” – “Нодир сўзлар китоблари” қадимги луғатнависларнинг ноёб лексикага нисбатан қизиқишлари ниҳоятда катта бўлганлигидан далолат беради. Қадимги араб қабилалари лексикаси энг кўп миқдорда жамланган аш-Шайбоний (719-820) нинг “كتاب الجيم” – луғати янада машҳурроқдир. Ибн ас-Сиккий (857 йилда вафот этган) “إصلاح المنطق” – да икки хил шакл ва бир маънога эга бўлган, шубҳасиз, турли қабилаларга тааллуқли кўплаб сўзларни келтирган.
Ибн Сиди (1066 йилда вафот этган) нинг 17 жилдлик “ألمخصص” – асари тизимлантирувчи луғатларнинг энг машҳури ва тўлиғи ҳисобланади. Мазкур луғатда аввало нисбатан умумий ва муҳимроқ бўлган, сўнгра эса, хусусий иккинчи даражали ҳодисалар кўриб чиқилади. У инсон ва унинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган барча нарса ва ҳодисалар (кийим-кечак, озиқ-овқат, уйқу, меҳнат қуроллари ва қурол-яроғлар) га бағишланган бўлим билан бошланади, сўнгра ҳайвонот ва наботот дунёси билан боғлиқ мавзулар доирасига ўтилади. Сўнгра эса, инсоннинг ижтимоий ҳаёти (иш, саёҳат, ўйинлар) билан боғлиқ лексика кўриб чиқилади, китобнинг охирида эса баъзи бир грамматик масалалар ва лексик ҳодисалар талқин қилинади. Ушбу луғат ўз мазмуни ва ифодалаш усулларига кўра қурама хусусиятга эга бўлиб, манбалари аниқ кўрсатилган мисолларни ўз ичига олган. У Абу Убайднинг “الغريب المصنف” – луғати учун асосий манбаа сифатида хизмат қилган.
Замонавий муаллифлар Ҳусайн Юсуф Мусо ва Абдулфаттоҳ ас-Саадий Ибн Сиди луғатининг асл нусха тузилишини ўзгартириш, бошқа манбалардан олинган қўшимчалар киритиш ва такрорланиш ҳолларини бартараф этиш мақсадида икки қисмдан иборат бўлган “ألإفساح فى فقه اللغة”- номидаги китобни қайта нашр этдилар.
Унда лексика маъноларининг яқинлигини ва келиб чиқишига кўра тематик гуруҳларга бирлаштириш назарда тутилади. Шунинг учун ҳам, у кўп жилдли энг яхши луғат ҳисобланиши билан бир қаторда, энг тўлиқ синонимлар луғати ҳам ҳисобланади. Ал-Ҳамадонийнинг “كتاب الألفاظ الكتابية” – ва ас-Саалабийнинг бир неча марта қайта нашр этилган “فقه اللغة” – каби бошқа асарларида ҳам кўп синонимлар берилган. Шунингдек, араб луғатнавислигида махсус синоним луғатлари ҳам кенг тарқалди. Эски луғатлардан кўпинча (қўлёзма), - الروض المسلوف فيها له إسمان إلى ألوف"” ва энг янги луғатлардан эса Иброҳим ал-Ёзижийнинг 1913-1914 йилларда Қоҳирада нашр этилган тугалланмаган луғати ва 1957 йилда Байрутда нашр этилган “قاموس المترادفات و المتجانسات” – деб номланган луғатлар кўп тилга олинади. Шунингдек, араб тилига чет тиллардан ўзлаштирилган лексик луғатлар (“ألمعرب мавжуд. Ал-Жаволикийнинг (1073-1144) “كتاب المعرب” – энг биринчи ва тўлиқ ўзлаштирма луғатларидан ҳисобланади. Аддо Ширанинг 1908 йилда нашр қилинган форсий лексика билан бир қаторда, юнон, лотин, оромий, турк, итальянча, французча, ва бошқа тиллардан ўзлаштирилган сўзларни ҳам ўз ичига олган “كتاب الألفاظ الفارسية المعربة” – эса бу мавзуда тузилган энг сўнгги луғатлардан бири саналади.
Do'stlaringiz bilan baham: |