Халқаро ташкилотларнинг яратилиш тарихи
Халқаро ташкилотларнинг яратилиш тарихи қадим даврларга бориб тақалиб, уларни кишилик жамияти ҳамда халқаро муносабатларнинг ривожланиши билан биргаликда кўриб чиқиш лозим6. Халқаро ташкилотларнинг вужудга келиши бир қатор омиллар, ҳар бир даврнинг хусусиятлари, халқаро муносабатлар субъектларининг эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқлиги боис, уларни муайян босқичларга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ.Адабиётларда мазкур босқичларни тўрт даврга ажратишади7.
Халқаро ташкилотлар яратилишининг дастлабки даври милоддан аввалги VI асрларга тўғри келади. Мазкур вақтда Қадимги Грецияда доимий халқаро бирлашмалар: Лакедим ва Делос Симмахияси(шаҳар ва йиғинлар уюшмаси), Дельфия-Фермопиль амфиктионияси(қабилалар ва халқларнинг диний-сиёсийиттифоқи) кўринишида илк доимий халқаро бирлашмалар юзага келди. Бироқ, бунга қадар Қадимги Римда ҳам нисбатан доимий халқаро ташкилотлар ташкил этишга ҳаракат қилинган. Бунинг натижасидахорижий давлатлар билан низоларни кўриб чиқиш учун аралаш келишув комиссиялари таъсис этилган8.
Қадимги Грецияда вужудга келган халқаро бирлашмаларда ҳозирги замон халқаро ташкилотларини эслатувчи энг муҳим белгиларни кузатишимиз мумкин:
биринчидан, бирлашмаларнинг доимий фаолият олиб бориши;
иккинчидан, аниқ ички ташкилий тузилмага эгалиги.
Мазкур босқичда халқаро иқтисодий ва божхона бирлашмаларининг яратилиши халқаро савдо муносабатларининг ривожланишида муҳим рол ўйнади. Мана шундайбирлашмаларнингдастлабкиси Ганза савдо иттифоқи (XIV-XVI асрлар) бўлиб, у Германия шимолидаги шаҳарларини бирлаштирган.
Давлатларнинг алоҳида соҳалардаги фаолиятини мувофиқлаш бўйича халқаро иттифоқлар механизмининг шаклланиши халқаро ташкилотлар ривожининг иккинчи босқичини бошлаб берди. Дастлаб мана шундай иттифоқлар божхона муносабатлари соҳасида вужудга келган. Ушбу бирлашмаларнинг ўзига хослиги шунда эдики, улар божхона бошқаруви қўшма органларини тузиш ва иттифоқ иштирокчиси бўлган давлатларнинг миллий божхона ҳудудларида умумий божхона тартибини ўрнатиш бўйича тузилган халқаро шартнома асосидаги мустақил давлатлар бирлашмаси ҳисобланган.
Мана шундай иттифоқлардан бири,1815йилда вужудга келган Германия божхона иттифоқи эди. Мазкур иттифоққа кирган барча давлатлар маҳсулот олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит бўйича ягона қонунларга бўйсунишлари керак эди. Бундан ташқари, иттифоқ давлатлари ўртасидаги савдо алоқалари айрим чекловлар билан эркин деб эълон қилинган ҳамда барча божхона йиғимлари умумий деб тан олиб, Иттифоқ аъзоларининг аҳолиси сонидан келиб чиққан ҳолда улар ўртасида тақсимланган. Эътиборлиси, салкам 40 йилда (1853 й.) бутун Германия ягона божхона иттифоқига бирлашдики, мазкур ҳолат келгусида ягона марказланган немис давлати вужудга келишига шароит яратди9.
Халқаро дарёларда кема қатнови масалаларини тартибга солувчи тузилмаларнинг ташкил этилиши халқаро ташкилотлар тарихи иккинчи босқичида алоҳида ўрин тутади. Мазкур тузилмалар қирғоқ бўйи давлатлари вакилларидан иборат комиссия тарзида ташкил этилган бўлиб, халқаро комиссия халқаро дарёда кема қатнови масалаларини муҳокама қилган. Мана шундай тузилмалардан бири 1831 йилда тузилган Рейнда кемалар қатнови бўйича Марказий комиссиядир.
Халқаро ташкилотлар ривожининг иккинчи босқичида, хусусан XIX асрнинг иккинчи ярмида ташкил этилган халқаро ташкилотлар халқаро масалаларнинг айрим йўналишларини ўрганган махсус ваколатли ихтисослашган ташкилотлар сифатида намоён бўлади.
XIX асрнинг иккинчи ярми давлатларнинг турли соҳалардаги, хусусан, иқтисодий, илмий, алоқа, техник ҳамкорликларини ташкил этувчи ҳамда мувофиқлаштирувчи бир қанча халқаро ташкилотларлар ташкил этилиши билан ёдга олинади. Ерни ўлчаш халқаро иттифоқи (1864 йил), Халқаро телеграф иттифоқи (1865 йил), Халқаро почта иттифоқи (1874 йил), Халқаро ўлчов ва оғирликлар бюроси (1875 йил), Саноат мулкини муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (1883 йил), Адабий ва бадиий мулкни ҳимоя қилиш қилиш халқаро иттифоқи (1886 йил), Божхона тарифларини нашр қилиш халқаро иттифоқи (1890 йил), Темир йўлда маҳсулот ташиш халқаро иттифоқи (1890 йил) шулар жумласидандир.
Шундай бўлсада, мазкур ташкилотларда халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга хос бўлган белгилар: халқаро таъсис шартномаси асосида тузилганлик, аъзоларнинг фақат давлатлар эканлиги, доимий фаолият олиб борувчи раҳбарий ва ижрочи органларга мавжудлиги, бош қароргоҳнинг мавжуд бўлганлигини кузатиш мумкин10.
Халқаро ташкилотларнинг тараққий топишида учинчи босқич1919 йилда тинчлик ва халқаро хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи Миллатлар Лигасининг ташкил топиши билан бошланди. Мазкур тузилманинг бунга қадар ташкил этилган халқаро ташкилотлардан фарқли жиҳати у умумий ваколатли ҳукуматлараро хақаро ташкилот ҳисобланади.
Мазкур ташкилотнинг Статути 1919 йил 28 июнда қабул қилинган, 1920 йил 10 январда кучга кирган11.
Миллатлар Лигасининг асосий органлари Лигадаги барча аъзоларнинг йиғини бўлган Мажлис, Кенгаш ва доимий Котибият ҳисобланади.
Унинг асосий вазифаси тинчликни сақлаш ва янги уруш келиб чиқишининг олдини олиш бўлган. Миллатлар Лигаси тинчликни сақлаш учун барча чораларни кўриши керак эди. Башарти, Лиганинг у ёки бу аъзоси ўзига олган мажбуриятларга хилоф равишда уруш очса, Лиганинг асосий аъзолари у билан ҳар қандай савдо ва молиявий муносабатларни узиши, Кенгаш эса, турли манфаатдор давлатларга у ёки бу қўшинлар таркибини олиб чиқиш ҳақида таклиф билан чиқиши шарт ҳисобланган.
Миллатлар Лигаси Статутида тинчликни сақлаш бўйича турли самарали чоралар назарда тутилган. Унда давлатлар қуролланганлигини миллат хавфсизлигини таъминлаш учун керак бўлган миқдоргача чеклаш зарурати тан олинган. Лига кенгашига ҳар бир давлат учун қуролларни чеклаш режасини танлаш ҳамда уларни манфаатдор ҳукуматларга муҳокама қилиш учун тақдим этиш тавсия этилган.
Бироқ, Миллатлар Лигаси тинчликни сақлаш ҳамда халқаро можароларни тинч йўл билан ҳал этиш билан боғлиқ ўзининг асосий вазифасини бажара олмади. Лига аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликлар қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имкониятини йўққа чиқарди. Чунончи, Миллатлар Лигаси Иккинчи жаҳон уруши, шунингдек Япониянинг Хитойга, Италиянинг Эфиопияга (Италия-Абиссиния можароси), Германиянинг Австрия ва Чехословакияга ҳужумининг олдини олишга муваффақ бўла олмади. Ниҳоят, Миллатлар Лигаси ўз мажбуриятларини мазкур тарихий босқичда адо эта олмаганлиги боис, 1946 йил 18 апрелда расман тугатилди, аслини олганда эса, 1936 йилдан бошлаб Миллатлар Лигаси деярли фаолият юритмай қўйган эди.
Миллиатлар Лигаси фаолияти ва унинг Статути бир қатор камчиликлардан ҳоли бўлмасада, Статут ўз даврининг ажойиб ҳужжати бўлиб, унда бугунги кун учун муҳим бўлган бир қатор бандлар мавжуд эди. Унинг моддаларида келтирилган:
- қуролланишни чеклаш;
- низоларни суд тартибида ёки Халқаро одил судлов доимий палатасига мурожаат қилиш йўли билан тартибга солиш;
- ҳудудий яхлитликни ўзаро кафолатлаш;
- тинчликни таъминлаш мақсадида чоралар тўғрисида;
- давлатларга қўлланиладиган санкциялар;
- халқарошартномалар ва халқаро нормаларга риоя қилишни таъминлаш;
- аъзо-давлатларнинг ҳамкорлик қилиш мажбурияти тўғрисидаги қоидалар 1919 йил шароитида энг катта янгилик эди12.
Халқаро ташкилотлар яратилишининг тўртинчи босқичи 1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг ташкил этилиши билан бошланади ва ушбу давр,
биринчидан, замонавий халқаро ташкилотларнинг яратилишида намоён бўлса,
иккинчидан, халқаро муносабатлар, халқаро ҳамкорлик, халқаро ҳуқуқ ривожининг янги босқичини бошлаб берди.
Айнан мазкур босқичда халқаро ҳамкорлик алоқаларида ўзига хос ўринга эга бўлган ташкилотлар: ихтисослашган муассасалар, Европа Кенгаши, НАТО, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа кўплаб тузилмалар таъсис этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |