2.3. Санъаткорнинг маҳорат чўққиси ва созандалик санъати.
Бастакор ва созанда М.Мирзаевнинг ижодий фаолияти, айниқса, урушдан кейинги йилларда гуллаб-яшнади. У 50-80 йилларда ўз устида кўп ишлади, изланди, тинимсиз ижодий меҳнатда бўлиш унинг яшаш тарзига айланди. У йиллар давомида, халқимизнинг севимли хонанда, созанда ва раққосаларига атаб, уларга мўлжаллаб ажойиб асарлар яратиб берар эди.
Масалан, халқимизнинг фахри Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов ижросида бастакорнинг қуйидаги ашула ва яллалари илк бор янгради: «Қачон бўлғай», «Шўхи жононим менинг», «Ёр истаб», «Йўлингда» (З.Фурқат шеърлари), «Якка бу Фарғонада», «Кўзларинг», «Сувратинг», «Ёлғиз», «Яна» (Муқимий шеърлари), «Шайдо бўлибман» (Камтар сўзи), «Зор эттинг» (Жаннати сўзи), «Парво этиб кет» (С.Абдулла сўзи).
Тожик ва ўзбек халқларининг севимли хонандаси, Тожикистон халқ артисти Ҳанифа Мавлонова ижросида бастакорнинг қуйидаги ашулалари машҳур бўлиб кетган эди: «Парвона бўлдим» (Камтар сўзи), «Юрагингни ўйнатдими» ва «Гулчеҳра ёр» (П.Мўмин сўзлари), «Ҳуснингга бу шайдони» (Шуҳий сўзи) «Тонг отгунча» (Дилафгор сўзи). Шуни айтиб ўтиш жоизки, М.Мирзаев, йиллар давомида, М.Турғунбоева номидаги «Баҳор» рақс ансамбли, Ўзбек давлат филармониясининг «Шодлик», «Лазги» ашула ва рақс ансамбллар репертуарини бойитиб келди. У уч юздан ортиқ қўшиқ, ашула, ялла ва рақс куйларини яратди.
Унинг яратган асарлари орасида жуда ҳам машҳур бўлиб кетган, ажойиб «Баҳор вальси», «Дилдор 1 ва 2», «Интизор этма», «Уфори санам», «Гулноз» рақс куйларни ёки «Олтин сандиқ», «Эй гул», «Уч дугона», «Тошкент нахори», «Муҳаббат мактуби» (Т.Тўла сўзлари), «Кўзларимга зиё оламан» ва «Чавандоз қизлар» (Н.Нарзуллаев сўзлари), «Ассалом, келин салом» ва «Оналар» (У.Рашид сўзлари) каби қўшиқларни, рубоб учун яратган «Гўзал Ватаним», «Марғилон қизлари», «Орзу дил», «Зулфизар», «Ёр учрашув», «Дилрабо», «Шодлик» куйлари кенг қанот ёзди.
Бастакор М.Мирзаев она-юрт табиатига, севимли халқига, санъаткорларга ҳар доим ҳайрат ва ҳаяжон билан гўзалликни куй ва қўшиқларида ифодалаб келди. У ўз даврининг машҳур куйчиси эди, шунинг учун унинг ижодида замонавий мавзу устувор турди.3
Шуни айтиш жоизки, М.Мирзаев 1937, 1951, 1959 йилларда Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадаларида, «Катта Фарғона», «Фарҳод ГЭС», «Катта, қўрғон сув омбори», «Тошкент канали» каби йирик иншоотларнинг қурилишларида ижрочилиги ва бастакорлиги билан фаол қатнашди.
У замонавий Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишидаги улкан хизматлари учун қуйидаги унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган: 1945 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1965 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан мукофотланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |