2.1 Муҳаммаджон Мирзаевнинг ҳаёти ва ижоди.
(1913-1999)
Ўзбекистон халқ артисти, бастакор ва созанда Муҳаммаджон Мирзаев ажойиб лирик қўшиқ, ашула ва куйлари билан эл-юрт ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.
У бастакорлик анъаналарини давом эттирган ҳолда яратган асарларида ҳаётни, севги-муҳаббатни, вафо ва садоқатни, мардлик ва жасоратни ардоқлади ва баралла куйлади. 1975 йилдан Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси М.Мирзаев замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишига баракали ҳисса қўшди ва катта мусиқий мерос қолдирди.
Муҳаммаджон Мирзаев Тошкент шаҳрида 1913 йилнинг 13 августида ишчи оиласида туғилди. 1920 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди.
1932 йили Тошкент Тўқимачилик комбинатига ишга кирди ва бўш вақтларида Темирйўлчилар клубида ташкил топган ҳаваскорлик тўгарагига қатнаб, мандолина чалишни ўрганди.
1936 йили Ўзбек филармонияси қошида Т.Жалилов раҳбарлигида ташкил топган «Ўзбек халқ чолғулари ансамбли»га ишга қабул қилинди. Мазкур ансамбл унинг учун катта ижрочилик мактаби бўлди.
Бу ерда М.Мирзаевга Т.Жалилов кўрсатмаси билан, рубобчи Юсуф-Охун қашқар рубобида чалишни ўргатди. Ёш созанда тез орада ансамблда иштирок эта бошлади. Шу аснода у қашқар рубобини омма орасида кенг тарқалишига сабабчи бўлиб қолди.
Дарҳакиқат, мазкур ижодий жамоа М.Мирзаев учун биргина рубоб чалишда эмас, балки ўзбек халқ мусиқа меросини пухта ўрганишга қулай имкониятлар яратди. У машҳур созандалар билан ёнма-ён ишлаб, бўш вақтларида улар билан мулоқотда бўлиб, мусиқа ижрочилиги ва ижодкорлиги сирларини ўрганди ва ҳаётий мактабини шу ансамблда ўтади.2
Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбек филармонияси қошида бир нечта «Фронт концерт бригадалари» тузилди. Шулардан бири 1942 йилда ташкил этилган бўлиб қуйидаги санъаткорлардан иборат эди:
Д.Соатқулов (най), М.Мирзаев (рубоб), С.Алиев (ғижжак), Ш.Ҳамдамов (доира), Н.Наливайко (баян), хонандалар Н.Якубова ва С.Самандарова, лапарчи М.Отонова, ракқоса Т.Маҳмудова. Улар жангчиларига концертлар бериб, фаол хизмат қилдилар.
Маълумки, 1943 йили «Фарҳод ГЭС» қурилиши муносабати билан ишчиларга маданий хизмат қилиш мақсадида бошқарма қошида композитор ва дирижёр М.Насимов раҳбарлигида «Мусиқали драма театри» ташкил топди.
Ўзбекистон «Санъат» бош бошқармаси М.Мирзаевни ушбу театрга мусиқа раҳбари лавозимига тайинлади. Унинг мустақил бастакорлик фаолияти шу жамоада бошланди. Созанда ва ижодкор азамат қурувчиларга атаб ғайрат билан, замонавий мавзуларда янги-янги жозибали қўшиқ ва рақс куйларни яратди ва ансамбл ижро репертуарини бойитиб борди.
1946 йили рубобчи Мирзаев филармонияга ишга қайтди. Икки йилдан сўнг Тошкент Давлат консерваториясида «Ўзбек халқ чолғулари» кафедраси ташкил топди. Бу даргоҳга Мирзаев биринчи талабалар қаторида ўқишга кирди ва 1953 йили битирди. Шу йилдан бошлаб то умрининг охиригача филармония ҳузуридаги «Мусиқа бўлимида» рубобчи-якканавоз вазифасида ишлаб, томошабинларга фаол хизмат қилди.
Унинг ижрочилик махоратига тингловчилар тан беришар эди. Касбий созандаликни, юқори малакали ижрочилик санъатини севимли ўғли Шавкат Мирзаевга отаси мерос қилиб қолдирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |