Асосий воситалар таркиби ва таркибий тузилиши динамикасининг таҳлили
Асосий воситалар деганда корхоналар хўжалик фаолиятида узоқ муддат иштирок этувчи, ўзининг эскирган қийматини яратилган маҳсулот қийматига ўтказиб борувчи ва ўзининг натурал шаклини ўзгатирмасдан сақлаб қолувчи меҳнат воситалари тушунилади. Асосий воситаларнинг таркиби ва таркибий тузилишининг таҳлилига ўтишдан олдин уларнинг ҳар бир тури, гуруҳи ва жами бўйича ҳажми (суммаси)ни ва салмоғини йил боши ва йил охири учун ёки базис ва ҳисобот йиллари учун ҳисоблаб олиш зарур. Буларни ҳисоблашда уларнинг бошланғич ва қолдик қийматларидан фойдаланилади. Таҳлил ҳисобот йили учун амалга оширилса, йил боши ва йил охиридаги қийматлари, агар у қатор йиллар учун амалга оширилса, ўртача йиллик қийматлари ҳажми олинади. Шу кўрсаткичлар асосида ҳар бир тури ва гуруҳининг салмоғи ҳисобланади. Буни аниқлаш учун асосий воситаларнинг турига ва гуруҳига тегишли бўлган қиймати (суммаси)ни 100 фоизга кўпайтириб, натижасини уларнинг жами қийматига бўлиш керак. Асосий воситалар ҳажми ва салмоғи билан боғлиқ бўлган кўрсаткичлар аниқлангандан кейин уларнинг таркиби ва таркибий тузилиши динамикасининг таҳлили амалга оширилади.
Биринчи навбатда асосий воситаларнинг икки гуруҳи бўйича, яъни асосий ва ноасосий ишлаб чиқариш воситалари гуруҳлари бўйича уларнинг ҳажми ва салмоғи динамикасининг ўзгариши таҳлил килинади.
Бунинг учун ҳар бир гуруҳ ва жами бўйича асосий воситаларнинг йил охиридаги ҳажмини (суммасини) йил бошидаги ҳажмига солиштириб, мутлақ ўзгариши аниқланади. Шундан кейин йил охиридаги салмоғини йил бошидаги салмоғига солиштириб, таркибий тузилишидаги нисбий ўзгариши аниқланади. Мутлақ ва нисбий кўрсаткичлар асосида асосий воситалар таркиби ва таркибий тузилишига баҳо берилади ва хулоса қилинади. Агар таҳлил базис йилига нисбатан амалга оширилса, асосий воситаларнинг ўртача йиллик қиймати асосида барча кўрсаткичлар ҳисоблаб олинади ва улар асосида юқоридаги тартиб бўйича таҳлил амалга оширилади.
Асосий воситалар гуруҳлари бўйича таркиби ва таркибий тузилишининг таҳлилидан сўнг қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига тегишли бўлган асосий ишлаб чиқариш воситалари таркиби ва таркибий тузилиши динамикасининг таҳлилини амалга ошириш зарур. Бунда асосий воситаларнинг ҳар бир тури, гуруҳи ва жами бўйича ҳажми ва салмоғининг ўзгариши аниқланиб, баҳо берилади. Таҳлил этиш тартиби асосий воситаларнинг гуруҳлари бўйича амалга оширилган таҳлилдан, яъни юқорида баён қилинган таҳлил усулидан фарқ қилмайди, шунинг учун буерда уларнинг таҳлилига тўхталмадик.
Асосий воситалар таркиби ва таркибий тузилишининг таҳлилини ўсимликчилик ва чорвачилик тармоқлари бўйича амалга ошириш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |