8-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш усули Кўп квартирали уйни бошқариш истиқомат қилувчиларнинг яшаш ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни фойдаланиш қулай ҳамда хавфсиз шароитларини таъминлаш, умумий мол-мулкни лозим даражада сақлаш ҳамда умумий мол-мулкдан фойдаланиш масалаларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олади.
Кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади.
Кўп квартирали уйни бошқариш:
бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан (бундан буён матнда кўп квартирали уйни бевосита бошқариш деб юритилади);
юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи (бундан буён матнда бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи деб юритилади) томонидан шартнома асосида;
битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот (бундан буён матнда ширкат деб юритилади) томонидан амалга оширилиши мумкин.
2-боб. Кўп квартирали уйларни бошқаришда давлат томонидан кўмаклашиш 9-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш органларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Давлат жойлар мулкдорларининг, бошқарувчи ташкилотлар ва бошқарувчиларнинг, ширкатларнинг ҳуқуқлари таъминланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, уларни ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
уй-жой-коммунал соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан стандартларни такомиллаштириш;
кўп квартирали уйларда авария вазиятларини бартараф этишда кўмаклашиш;
коммунал хизматлар ҳақини тўлаш тизимини такомиллаштириш;
уй-жой-коммунал соҳасида хизматлар кўрсатишда рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек имтиёзли кредитлар бериш;
кам таъминланган оилаларга кўп квартирали уйларни сақлаш бўйича ёрдам кўрсатиш;
кўп квартирали уйга туташ ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш;
кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида кадрлар тайёрлашни ва уларни қайта тайёрлашни амалга ошириш;
кўп квартирали уйлардан фойдаланишнинг самарали тизимини яратиш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиш ва бошқа чоралар кўриш.