5-модда. Кўп квартирали уй
Кўп квартирали уй — кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар мажмуидир. Кўп квартирали уй улушли мулк ҳуқуқи асосида жойларнинг мулкдорларига тегишли бўлган умумий мулк (бундан буён матнда умумий мол-мулк деб юритилади) элементларини ўз ичига олади.
6-модда. Умумий мол-мулк
Кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар умумий мол-мулкдир.
7-модда. Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси
Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг зиммасига мазкур ер участкасининг санитария ҳолати ва ободонлаштирилиши учун жавобгарлик юклатилади.
Ҳар бир кўп квартирали уйнинг кадастр паспортида кўп квартирали уйга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар, шунингдек ер майдонининг кадастр режаси мажбурий тартибда бўлиши шарт.
Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси бўлинмасдир ва мустақил ер участкаларига ажратилиши мумкин эмас.
Янги қурилаётган объектлар учун кўп квартирали уйга туташ ер участкаси майдонининг ўлчами шаҳарсозлик нормативларининг талабларига мувофиқ, бинолар ўртасидаги энг кам ёнғинга қарши ва санитар оралиқ масофани таъминлаш, мол-мулкнинг барча қисмларига кириш шароитларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотнинг, бошқарувчининг, кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилган тақдирда, кўп квартирали уй кенгашининг, уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувининг (бундан буён матнда кўп квартирали уйни бошқариш органи деб юритилади) мурожаатидан кейин ўттиз кундан кечиктирилмаган муддатда кўп квартирали уйга туташ ер участкасининг чегаралари ва ўлчамларини белгилаши ҳамда кўп квартирали уйни бошқариш органига бундай ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи зарур ҳужжатларни бериши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |