4-боб. Кўп квартирали уйнинг мулкдорлари
17-модда. Кўп квартирали уйдаги турар жойнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдорлари
Кўп квартирали уйдаги жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйдаги турар жойнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдоридир.
Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчиларидир ва улар умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олиши шарт.
18-модда. Жой мулкдорининг ҳуқуқлари
Жой мулкдори:
умумий мол-мулкни бошқаришда иштирок этиш, кўп квартирали уйни бошқариш органининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш;
кўп квартирали уйни бошқариш органининг фаолияти тўғрисида ҳисобот олиш;
кўп квартирали уйни бошқариш органига кўп квартирали уйни бошқариш бўйича таклифлар тақдим этиш;
жойнинг белгиланган мақсадига мувофиқ ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;
ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойни ижара шартномаси, бепул фойдаланиш шартномаси асосида ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланиш учун бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга.
19-модда. Жой мулкдорининг мажбуриятлари
Жой мулкдори:
ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойдан ҳамда умумий мол-мулкдан қатъий мўлжалланган мақсадда фойдаланиши;
ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойларнинг, умумий мол-мулк қисмларининг ва кўп квартирали уйга туташ ер участкасининг бут сақланишини таъминлаши;
жойларни қайта қуриш ва қайта режалаштиришни фақат жойнинг қулайлигини ошириш мақсадида, бинонинг ва муҳандислик коммуникацияларининг конструктив схемасини бузмаган ҳолда, бинонинг, муҳандислик коммуникацияларининг олд томони ва ташқи кўриниши архитектурасини ёмонлаштирмаган ҳолда амалга ошириши, бунда бинонинг таянч қобилияти ва зилзилага бардошлилиги пасайишига йўл қўймаслиги;
жойга, санитария-техника ускуналарига ва бошқа ускуналарга (водопровод, канализация, марказий иситиш, иссиқ сув таъминоти, газ жиҳозлари ва ҳоказо) нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши;
электр ва иссиқлик энергиясининг, сувнинг, газнинг сирқиб чиқишига ва беҳуда сарфланишига йўл қўймаган ҳолда улардан тежамли фойдаланиши;
кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларига, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини сақлаш бўйича талабларга санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ риоя этиши;
жойда, санитария-техника ускуналарида ва бошқа ускуналарда носозликлар аниқланган тақдирда, шикастланишларни бартараф этиш юзасидан дарҳол мумкин бўлган чораларни кўриши ҳамда зарур бўлган ҳолларда тегишли хизматга хабар қилиши;
авария вазиятлари юзага келган тақдирда ўзи эгаллаб турган жойга авария-тиклаш хизматлари вакилларининг киришини таъминлаши;
кўп квартирали уйдаги жойларда ва умумий фойдаланишдаги жойларда уй ҳайвонларини сақлашга доир талабларга риоя этиши шарт.
Қуйидагиларга:
умумий мол-мулкнинг, шунингдек ҳар қандай бошқа мулкдор мол-мулкининг бузилишига ёки хавфга дучор этилишига;
тегишли рухсатномасиз ҳар хил иморатлар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан тиклашга;
ёнғинга қарши ўтиш жойларини, умумий йўлакларни, иҳоталанган (ўрама) пиллапояларни, захира чиқиш жойларини ва уйнинг бошқа умумий жойларини нарсалар ҳамда ускуналар билан тўсиб қўйишга;
уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда: зинапояларда, чердакларда, ертўлаларда, шунингдек умумий фойдаланишдаги ошхоналарда, балконларда ва пешайвонларда сақлашга;
жойларни қайта қуриш ва қайта режалаштириш бўйича кўп квартирали уйнинг конструктив қисмлари таянч қобилиятини ҳамда зилзилага бардошлилигини бузадиган ишларни ўзбошимчалик билан амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Агар мулкдор ёки у билан бирга яшовчи шахслар бошқа мулкдорларнинг мол-мулкига ёхуд умумий мол-мулкка зарар етказган бўлса, улар етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
Агар умумий мол-мулкнинг фақат мазкур жойдан кирилиши мумкин бўлган конструктив қисмларини текшириш, таъмирлаш ёки алмаштириш зарур бўлса, башарти мулкдор бу ҳақда олдиндан хабардор қилинса, мулкдор кўп квартирали уйни бошқариш органи вакилларининг бу жойга киришига рухсат бериши шарт. Авариянинг олдини олиш ёки унинг оқибатларини тезкор бартараф этиш зарур бўлган шошилинч ҳолларда олдиндан хабардор қилиш талаб этилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |