43-модда. Ширкатдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг йиғилиши Биттадан кўп бўлган уйнинг жойлари мулкдорларини бирлаштирадиган ширкатларда ширкат аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкатдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг қарор қабул қилиш учун йиғилишлари албатта ўтказилиб, уларда мазкур уйдаги барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоиздан кўпи ҳозир бўлиши керак.
Ширкатдаги ҳар бир кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорларининг қарорлари йиғилишни чақириш орқали, сўровнома ўтказиш йўли билан ёки ширкат уставида назарда тутилган бошқа усулда қабул қилиниши мумкин.
Ширкатдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг йиғилиши қуйидагиларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади:
мазкур кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ва ширкат мол-мулкини сақлашга доир ширкат ишлар режасининг бир қисми сифатида умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ишлар режасини;
ширкатнинг даромадлари ва харажатлари сметасининг бир қисми сифатида ушбу кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун даромадлар ва харажатлар сметасини;
умумий мол-мулкни сақлашга доир тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ушбу уйнинг жойлари мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдорларини;
ўтган йил учун ишлар режаларининг, умумий мол-мулкни сақлашга доир даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни.
Жойлар мулкдорларининг йиғилиши жойлар мулкдорларининг маблағларини ширкатдаги бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Ҳар бир кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорлари йиғилишининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади. Баённома кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорлари орасидан сайланган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.
Жойлар мулкдорларининг йиғилиши томонидан қабул қилинган қарор ушбу кўп квартирали уйнинг барча жойлари мулкдорлари учун мажбурийдир.
44-модда. Ширкат бошқаруви Ширкат бошқаруви ширкатнинг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга оширади.
Ширкат бошқаруви ширкат аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган таркибда ва муддатга умумий йиғилиш томонидан сайланади.
Агар кўп квартирали уйдаги барча жойларнинг 30 фоиздан ортиқ майдони бир шахснинг мулки бўлса, мазкур шахс ўз розилиги билан ширкат бошқаруви таркибига киритилади.
Ширкат бошқаруви ширкат бошқарувининг раиси томонидан уставда белгиланган муддатларда, аммо бир ойда камида бир марта чақирилади.
Ширкат бошқарувининг мажлиси унда бошқарув аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли деб топилади.
Ширкат бошқарувининг ҳар бир аъзоси бошқарув мажлисида бир овозга эга.
Ширкат бошқарувининг қарорлари бошқарув аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Ширкат бошқарувининг мажлислари баённома билан расмийлаштирилади.
Ширкат аъзолари ширкат бошқаруви мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.