36-модда. Ширкатнинг мол-мулки
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ширкатнинг мол-мулки пул маблағларидан, бинолар, иншоотлар, жиҳозлар, инвентарлар, транспорт воситаларидан ҳамда ширкат маблағлари ҳисобидан ва қонунчиликда тақиқланмаган ўзга усуллар билан олинган бошқа мол-мулкдан иборатдир.
(36-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ширкатнинг пул маблағлари қуйидагилардан иборат:
ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари;
ширкат аъзоларининг ихтиёрий бадаллари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари;
тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойдалар);
бошқа даромадлар ва тушумлар.
Алоҳида кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари ширкатдан чиққан тақдирда, ширкатнинг ушбу кўп квартирали уйни капитал таъмирлаш мақсадида жойларнинг мулкдорлари томонидан тўпланган маблағлар ҳисобидан шакллантирилган пул маблағларининг тегишли қисми кўп квартирали уйни бошқариш бўйича янги тузилаётган органга белгиланган тартибда ўтказилиши лозим.
37-модда. Ширкатнинг бошқарув органлари
Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ва ширкат бошқаруви ширкатнинг бошқарув органларидир.
Бошқарув ширкатнинг ижро этувчи органи бўлиб, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобдордир.
Қонунга ёки ширкат уставига асосан ширкат номидан иш юритадиган шахс ширкатнинг манфаатлари йўлида виждонан, оқилона ҳаракат қилиши керак ва ширкатга ўзи етказган зарарнинг ўрнини ширкат аъзолари умумий йиғилишининг талабига биноан қоплаши шарт.
38-модда. Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари
Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:
ширкат уставини тасдиқлаш ҳамда зарур бўлган тақдирда унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
ширкатнинг бошқарувини, бошқарув раисини ва тафтиш комиссиясини сайлаш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш;
умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ва ширкат мол-мулкини сақлашга, улардан фойдаланишга ҳамда уларни таъмирлашга доир ишларнинг йиллик режасини, унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;
ширкатнинг йиллик даромадлари ва харажатлари сметасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;
ширкат аъзолари мажбурий бадалларининг миқдорини тасдиқлаш;
бошқарувчининг ёки бошқарув ташкилотининг номзодини тасдиқлаш;
ширкат бошқаруви раисига, аъзоларига ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш;
ширкат ходимларининг иш ҳақи миқдорини ва уларни мукофотлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
ширкатнинг махсус жамғармаларини тузиш ва уларнинг маблағларини сарфлаш тартибини белгилаш;
умумий мол-мулкдан, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларидан ва ширкат мол-мулкидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш;
ширкат аъзоларининг ширкат бошқаруви раиси, аъзолари ҳамда тафтиш комиссияси фаолиятига тааллуқли ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш;
кўп квартирали уйдаги жойларни реконструкция қилиш, қайта қуриш ва қайта режалаштиришни келишиб олиш тартибини белгилаш;
битта уйдаги жойлар мулкдорларининг маблағларидан бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартибини белгилаш, мазкур маблағларнинг ва уларни қайтаришнинг ҳисобини юритиш;
умумий мол-мулкни ижарага бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
қарз маблағларини, шу жумладан банк кредитларини олиш тўғрисида қарор қабул қилиши;
ширкатнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадидан (фойдасидан) фойдаланиш йўналишларини белгилаш;
уюшмаларга (иттифоқларга) ва бошқа бирлашмаларга кириш ҳамда улардан чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |