27-модда. Бошқарувчи ташкилотнинг ва бошқарувчининг фаолияти Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи умумий мол-мулкни сақлашни таъминлайдиган ҳамда сифати умумий мол-мулкни сақлаш бўйича техник регламентлар ва белгиланган қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши керак бўлган хизматларни кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш учун жойларнинг мулкдорлари олдида жавобгар бўлади.
Бошқарувчи фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши шарт ва малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши керак.
Бошқарувчи ташкилот штатида кўп квартирали уйни бошқариш бўйича тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган камида икки нафар мутахассис бўлиши зарур.
Бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчи умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар ҳамда бажариладиган ишлар, уларнинг қиймати ҳақидаги ахборотдан жойлар мулкдорларининг, кўп квартирали уй кенгашининг, ширкат бошқаруви ва тафтиш комиссиясининг эркин фойдаланишини таъминлаши шарт.
Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, хизматлар кўрсатиш ва ушбу ишларни бажаришга тааллуқли қисм бўйича барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади.
28-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан жойларнинг мулкдорлари ўртасида ҳар бир жой мулкдори билан ушбу Қонун талабларига мувофиқ ёзма шаклда, умумий йиғилиш қарорларида кўрсатилган шартлар асосида тузилади.
Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бўйича бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи жойлар мулкдорларининг топшириғига кўра, умумий мол-мулкни бошқариш, лозим даражада сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича келишилган муддат ичида ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш, кўп квартирали уйни бошқариш мақсадига эришишга қаратилган бошқа фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
ўзига нисбатан бошқарув амалга ошириладиган умумий мол-мулкнинг таркиби, кўп квартирали уйнинг манзили;
умумий мол-мулкни сақлашга, ундан фойдаланишга ва уни таъмирлашга оид хизматлар ҳамда бажариладиган ишлар рўйхати, мазкур рўйхатни ўзгартириш тартиби;
шартнома нархини белгилаш тартиби, шунингдек тўловни тўлаб бериш тартиби;
бошқарув шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш тартиби;
бажарилган ишлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳисобот бериш тартиби ва муддатлари.
Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси камида бир йил, лекин кўпи билан беш йил муддатга тузилади.
Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин тарафлардан бирининг ушбу шартномани тугатиш тўғрисидаги аризаси мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай шартнома унинг ўзида назарда тутилган айни ўша муддатга ва худди шундай шартлар асосида узайтирилган ҳисобланади.
Агар бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи шартнома шартларини бажармаса, кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилиш қарорига асосан кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечишга ва бошқа бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатларини ва уйни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, қолдиқ пул маблағларини, умумий мол-мулк таркибига кирадиган жойларнинг калитларини ҳамда кўп квартирали уйдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситаларни ҳамда асбоб-ускуналарни янги танланган бошқарувчи ташкилотга ёки бошқарувчига ёхуд умумий йиғилиш қарорида белгиланган кўп квартирали уйдаги жой мулкдорига топшириши шарт.