Назорат ва муҳокама учун саволлар
1. Ишлаб чиқариш самарадорлигининг моҳияти нимада ва у корхона умумий фаолияти самарадорлигидан қандай фарқ қилади?
2. Самарадорликнинг қандай турларини биласиз? Самаранинг самарадорликдан фарқи нимада?
3. Корхона ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичлари мазмунини очиб беринг. Бу кўрсаткичларни ҳисоблаш усули қандай?
4. Сизнинг фикрингизча, қайси кўрсаткич корхона фаолияти самарадорлигини кўпроқ акс этитради?
5. Корхона фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий йўллари ва омилларини санаб беринг.
6. Самарадорликни иқтисодий кўрсаткич ҳамда тушунча сифатида қабул қилиш мумкинми?
7. Ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда асосий ўрин кимга тегишли: инсонларгами, ресурсларгами ёки фан-техника тараққиётигами?
9- мавзу. Корхонанинг асосий фондлари ва ишлаб чиқариш қуввати
Режа:
9.1. Асосий фондларнинг моҳияти ва уларнинг корхона фаолиятидаги ўрни
9.2. Асосий фондларнинг турлари ва таркиби
9.3. Асосий фондларни ҳисобга олиш, режалаштириш, баҳолаш, эскириши ва таъмирлаш
9.4. Амортизация ажратмалари ─ асосий фондларни такрор ишлаб чиқаришнинг муҳим манбаи
9.5. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва ундан фойдаланишни
яхшилаш йўллари
9.1. Асосий фондаларнинг моҳияти ва уларнинг
корхона фаолиятидаги ўрни
Корхоналар ўз фаолиятини амалга оширишлари учун маълум миқдордаги ишлаб чиқариш воситаларига эга бўлишади. Улар ишлаб чиқаришни юритишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Корхоналар тасарруфидаги барча моддий ва молиявий маблағлар биргаликда − корхона фондлари дейилади. Айрим адабиётларда улар корхона капитали деб аталади.
Назарияда ва амалиётда “фонд” сўзи турли маъноларда ишлатилади. У лотин тилидан олинган бўлиб, биринчидан, давлатнинг, корхоналарнинг ва шу кабиларнинг бирор мақсад учун ажратган пул маблағини, иккинчидан, айрим субъектлар тасарруфидаги моддий нарса (масалан, уруғлик фонди, музей фонди, китоб фонди)ни, учинчидан, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда фаолият юритаётган субъектлар (Халқаро Валюта Фонди, Жамоат Фонди, Ўзбекистон Тикланиш ва Тараққиёт Фонди кабилар)нинг юридик мақомини ифодалайди. Иқтисодий адабиётларда узоқ муддатли активлар таркибидаги асосий воситаларга нисбатан (моддий нарса, моддий мулк нуқтаи назаридан) синоним сифатида “асосий фондлар” тушунчаси ишлатилади. Маълумки, восита ─ бу иш, ҳаракат қуроли.
Асосий фонд − бу хўжалик юритувчи субъектларнинг мулки. У ижтимоий меҳнатнинг маҳсули ҳисобланади. Мулк иқтисодий категория сифатида ҳар қандай жамиятда ишлаб чиқариш муносабатларининг асосини ташкил этади ва уларнинг хусусиятларини белгилаб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |