6.3. Ҳужжатлар реквизитлари ва уларни расмийлаштириш
Ҳар бир ҳужжат шундай расмийлаштирилган бўлиши керакки, унда амалга оширилган муомалалар ҳақида тўла - тўкис фикрга эга бўлиш ва унинг исботловчи кучини таъминлаш учун зарур бўлган барча маълумотлар мавжуд бўлсин. Ҳужжатларнинг таркибий унсурлари ҳисобланган бу маълумотлар унинг реквизитлари деб номланади. Реквизит (лотинча reqnisitum) - бу керакли, талаб қилинадиган деган маънони англатади.
Ўз хусусиятига кўра реквизитлар ҳар хил бўлади. Улар ўзларида акс эттирилган ҳужжатларнинг вазифалари ва муомалаларнинг мазмунига боғлиқ. Мутлақо аниқки, масалан, ишчига иш ҳақи ҳисоблашни расмийлаштирадиган ҳужжат (ишбай ишига наряд)нинг риквизитлари, тўлов талабномаси (товарларнинг сотилишини қайд этилган ҳужжат)нинг реквизитларидан, албатта фарқланади.
Лекин ҳар хил ҳужжатларнинг мазмунидаги катта фарқларга қарамасдан, ҳар қандай муомалани бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун зарур бўлган реквизитлар мавжуд бўлиши керак.
“Бухгалтерия ҳисоби тўғриси”даги Қонуннинг 9-моддасига биноан дастлабки ҳужжатларнинг зарурий реквизитлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
корхонанинг номи;
ҳужжатнинг номи ва номери, унинг тузилиши санаси ҳамда жойи;
хўжалик муомалаларини номи, мазмуни ва миқдорий ўлчови (натура ва пул кўринишида);
маъсулиятли шахсларнинг шахсий имзолари.
“Бухгалтерия ҳисоби тўғриси”даги Қонунда шу нарса алоҳида таъкидланадики, дастлабки ҳисоб ҳужжатларини тузган ва имзолаган шахс, уларни ўз вақтида тузилганлиги, тўғрилиги, ишончлилиги, шунингдек уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун белгиланган муддатларда топшириш бўйича жавобгардир.
Бухгалтерия ҳужжатларини тузишга ҳам маълум талаблар қўйилади. Барча ҳужжатлар ўз вақтида, қоидага кўра, муомала содир бўлаётган дақиқада ёки муомала тугагач, сифатли тузилиши, уларда ишончли маълумотлар бўлиши ҳамда барча мажбурий риквизитларга эга бўлиши керак.
Ҳозирги пайтда бухгалтерия ҳисобида автоматлаштириш воситалари борган сари кўпроқ қўлланилаётганлиги туфайли, ҳужжатлар шунингдек ҳужжатлаштириш талабларига жавоб берадиган тартибда жойлаштирилган (жойланишининг кетма - кетлиги, зарурий маълумотларнинг махсус ажратиб кўрсатилганлиги ва ҳоказо) реквизитларга эга бўлиши керак. Айрим реквизитларнинг шифрлари (рақамли белгилари) ҳужжатда улар тегишли матн мазмуни билан биргаликда кўрсатилиши керак.
Агар йиғма ҳужжат компьютер ёрдамида тузилса, унда бу ҳужжатда унинг мазмунини тавсифловчи сарловҳа, ундаги маълумотларнинг исботловчи ҳужжатларга мувофиқлигини тасдиқловчи шахсларнинг имзолари келтирилади. Исботловчи ҳужжатларнинг вазифаси ахборотни компьютерда бажарганда, у қўл билан тайёрланганга ўхшаш исботловчи ҳужжатнинг барча реквизитларига эга бўлиши керак. Ҳисоб ахборотини у ёки бу машинали ташувчисида автоматик тарзда қайд этилган муомалалар мажмуаси тўғрисидаги якуний маълумотлар кейинчалик барча мажбурий реквизитларга эга бўлган тегишли ҳужжатни тузиш билан тасдиқланиши керак.
Ҳужжатларни сиёҳ, кимёвий қалам билан, ёзув машинкалари ёки компьютерлар ёрдамида ёзиб бериш рухсат этилади.
Ҳужжатлар батартиблик билан тузилиши, матн ва рақамлар шундай аниқ ва равшан ёзилиши керакки, ундан расмийлаштирилган муомаланинг мазмуни ва ҳажмини осонлик билан тушуниб олиш мумкин бўлсин. Ҳужжатдаги имзолар равшан бўлиши керак. Ҳужжатдаги матнда ҳам, рақамли маълумотларда ҳам ҳеч қандай тозалашлар, доғ ва изоҳланмаган тўғирлашларга рухсат этилмайди. Кирим ва чиқим касса ордерларида умуман ҳеч қандай тўғрилашларга йўл қўйилмайди. Ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилиги ва уларнинг юқори сифатли тузилганлиги учун уларга имзо чеккан ходимлар (цех бошлиқлари, омборчилар, кассирлар ва бошқалар) жавоб беради.
Ҳужжатлардан икки марта (қайта) фойдаланишга йўл қўймаслик мақсадида улардан баъзилари ўчирилади. Бу кирим ва чиқим ордерларга бириктириладиган барча ҳужжатлар (аризалар, ишончномалар ва шу кабилар)га тегишлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |