4-мавзу. Баҳолаш ва калькуляция
Режа:
4.1. Қиймат ўлчовининг моҳияти ва аҳамияти
4.2. Бошланғич, қолдиқ, жорий, сотиш ва баланс қиймат тушунчалари
4.3. Калькуляциянинг мақсади, вазифалари ва турлари
4.1. Қиймат ўлчовининг моҳияти ва аҳамияти
Бизга маълумки, корхона фаолиятида ишлатиладиган хўжалик маблағлари ва улар ташкил топиш манбалари турли бўлиб, уларни ўлчов бирликлари, шакл ва тузилишлари, ташкил топишлари ҳар хил кўринишга эгадир. Корхона хўжалик фаолиятида рўй берадиган хўжалик жараёнлари натижасида маблағ ва улар ташкил топиш манбалари ҳам миқдор, ҳам хажм жихатдан ўзгариши ҳам табиий ҳолдир.
Демак, улар ҳисобини юритиш учун ягона ўлчов бирлиги – пулдан фойдаланмасликни иложи йўқ. Корхона мулки ҳисоби юритилаётганда, улар баҳоланади.
Баҳолаш – хўжалик маблағлари, мажбуриятлар ва хўжалик жараёнларини пул ўлчов бирлигида акс эттириш усулидир.
Баҳолаш ва калькуляция хўжалик кўрсаткичларини пулда ифодалаш учун фойдаланиладиган бухгалтерия ҳисоби объектларини пулда ўлчаш усулидир. Бу усулдан фойдаланиш товар - пул муносабатларининг мавжудлиги билан шартланган. Бундай иқтисодиётни ривожлантириш воситаси, қуроллари ҳисобланган пул, нарх, таннарх, фойда, савдо, кредит, молияларни қўллаш катта аҳамиятга эгадир.
Бухгалтерия ҳисобининг объектлари пулда ўлчаш ижтимоий ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ҳақида умумлаштирилган кўрсаткичларни олиш, корхоналарнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳаражатларини уни сотишдан олинган тушум билан солиштириш, тижорат ҳисоб - китоби принцпларига риоя қилиши устидан назорат этиш имконини беради. Фақат қиймат ўлчовдан фойдаланган ҳолдагина ижтимоий ишлаб чиқаришнинг самарадорлиги – муайян корхонада янгитдан яратилган қиймат миқдори ҳақида умумий маълумот олиш мумкин.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг актив ва мажбуриятларини баҳолаш тартиби, усуллари тегишли бухгалтерия ҳисобининг миллий андозалари (БҲМC) билан белгиланади.
Активлар ва мажбуриятларни баҳолашда уларни сотиб олинган нархи ёки ишлаб чиқариш харажатлари баҳолаш учун асос бўлиб ҳсобланади.
4 – БҲМCга асосан товар - моддий қийматликлар таннарх баҳосида ёки соф сотиш баҳосида, шу баҳоларнинг қайси бири кам бўлса, шу қийматда баҳоланади.
Сотиб олинган товар - моддий қийматликларнинг таннархи сотиб олиш харажатларини, транспорт – тайёрлов харажатларини ва сақлаш жойларига олиб келиш харажатларини ўз ичига олади.
Ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ва хизмат)лар таннархи, тўғри ишлаб чиқариш харажатлари (материал, ишчиларнинг иш ҳақи, ижтимоий суғуртага ажратма) ва эгри ишлаб чиқариш сарфларидан ташкил топади.
Хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналарнинг бажарган иш ва хизматларини таннархи хизмат кўрсатиш ва ишларни бажариш учун бевосита сарфланадиган ходимларнинг иш ҳақлари, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган устама харажатлардан, шунингдек бевосита хизмат кўрсатиш учун сарфланадиган материал харажатлардан ташкил топади.
Башарти, товар - моддий қийматликлар шикастланган ёки нархи пастга тушган бўлса, уларни қийматини тиклаб бўлмайди. Бундай ҳолларда товар - моддий қийматликлар сотиш баҳосида баҳоланади.
Амалда, бундай товар - моддий қийматликлар хўжаликда кўпрок йиғилиб қолган ва айланиши секинлашган ҳоллардагина молиявий ҳисоботда активлар сотилишидан кутилаётган суммани кўп кўрсатмаслик учун уларнинг қиймати пасайтирилади.
Тўлиқ ёки қисман эскирган, нархи пастга тушган материал, хом ашёлардан тайёрланган маҳсулот (бажарилган иш ва хизмат)лар бозор (жорий) баҳоларда сотиладиган бўлса, бундай товар - моддий қийматликларнинг қиймати соф бозор баҳосигача пасайтирилмайди. Шу билан бухгалтерия ҳисобини юритишда муҳимлилик ва томойиллари таъминланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |