1. Ўсмирлар жиноятчилигини олдини олиш ижтимоий психологик тадқиқот предмети сифатида
Ёшлар тарбияси, уларни баркамол инсон сифатида шаклланиши муаммосига ҳар бир мамлакатда ўз даврининг асосий масалаларидан бири сифатида қаралган. Жумладан, юртимизда бу соҳага ҳар бир даврвда устивор вазифа сифатида қаралиб келинган.
Фарзанд тарбияси муаммоси азалдан маърифатпарвар аждодларимиз маънавий меросининг мазмунини ташкил этган. Жумладан XIY илм – фанининг ёрқин намоёндаси ҳисобланган Жалолиддин Девонийнинг “Болалар тарбияси ҳақида” ва “Ахлоқи Жалолдин” асарларидаги одоб ахлоқ ва ёшлар тарбиясига бағишланган чуқур фалсафий ғоялари бугунги кунда ҳам ёшларни тўғри йўлга бошлашда, инсоният ва жамиятга нисбатан турли хил қабиҳликларни амалга оширмасликка ундашда мухим аҳамият касб этади.
XX аср бошларида педагогик тараққиётнинг асосчиси Абдулла Авлоний ахлоқни шундай тарифлайди: “ Яхши хулқларнинг яхшилигини ёмон хулқпарнинг ёмонлигини далил ва мисолар билан баён қиладурғон ахлоқдир».3
Ислом динининг муқаддас китоби хисобланган Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларда ҳам ёшлар тарбияси, одоб-ахлоқ, виждон, иймон ва эътиқод тўғрисида ғоят қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилади.
Ижтимоий гуманитар фан йўналишларида бир қатор соҳа мутахассислари ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик, гиёҳвандлик ва алкоголизм каби иллатларнинг ижтимоий-психологик омиллари ва уларнинг олдини олиш борасида илмий тадқиқот ишларини олиб бордилар. Г.М.Андреева, Б.Г.Ананьев, А.С.Белькин, С.А.Белечева, Л.И.Божович, И.Долгова, П.М.Любленский, В.Н.Мясищев, К.Е.Игошев, Л.М.Зюбин, А.Крутецкий, А.Д.Глаточкин, Б.Ф.Райский А. А.Закатов, Б.Т.Кондрашченко, Э.Б.Мельникова каби бир қатор тадқиқотчилар ўз тадқиқотларида вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноятчиликнинг ижтимоий-психологик муаммоларини, хусусан болалар психологиясига макро ва микро муҳитнинг таъсири ва унинг жиноятчилик хулқининг келиб чиқишидаги ўрни, ёшлар жиноятчилигининг асосий сабаб ва мотивлари ҳамда вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида фикр-мулоҳазалар юритишга ҳаракат қиладилар.
М.Н.Алемаскин,Ю.В.Гербеев, И.А.Невский, А.В.Завалюк, А.Жумабоев, Г.А.Уманов, А.И.Островский, Г.М. Миньковский каби бир қатор педагог олимлар, Л.И.Божович, Б.Г Ананьев, А.А.Бодалев, А.НЛеонтьев, Н.Д Левитов, Э.Гозиев, Ғ.Б.Шоумаров, Б.Р.Қодиров, В.М.Каримова, Ш.Баротов, А.Жабборов, Н.А.Согинов Г.Тулаганова, Э.Кулжонов каби психолог тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, болаларнинг онги, хулқи ҳамда фаолияти мазмунини уларни қуршаб олган ижтимоий муҳит белгилайди. Уларнинг фикрига кўра, боланинг онги, хулқи, характери микро ва макро муҳитдаги фаолияти орқали бошқарилади. Шахслараро муносабатлар асосан гуруҳ шароитида, шахс маълум инсонлар даврасида, гуруҳида, жамоада бўлган тақдирда рўй беради. Шунинг учун ҳам мутахассислар жамоаларда рўй берадиган шахслараро таъсирнинг қонуниятлари ва механизмларини билишлари ва уларни гуруҳда одамлар меҳнатини ташкил этишда албатта инобатга олишлари керак.
Ҳар бир шахснинг феъл — атворида, хатти-ҳаракатларида у мансуб бўлган миллат, халқ, худуд, профессоинал тоифа, меҳнат қиладиган жамоаси, яқин атрофдаги муқим гуруҳи, оиласининг таъсиридан пайдо бўлган сифатлари ва хусусиятлари бўлади. Тарихий шарт-шароит, давр, давлат тузими ва ўша жамиятдаги сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий таъсирлар мавжуд бўлиб, бу таъсир макро босқичдаги таъсирлар деб аталиб, яқин муҳитнинг таьсири — микро босқичдаги таъсирлар деб юритилади. Иккала босқичдаги таъсирлар ҳам ижтимоий психологик нуқтаи назардан аҳамиятли ва тарбиявий моҳиятга эгадир. Чунки ҳар бир шароитда шахс ўзига хос ижтимоий ролларни бажаради ва ўзининг «қиёфасини» намоён этади. Меҳнат жамоасида профессионал ролларни бажариш жараёнидаги хулқ-атвори шахснинг маънавий ва психологик кўринишидаги асосий омил бўлиб, катта ёшдаги одам психологиясини тубдан ўзгартириш учун унинг профессионал фаолиятини ҳам ўзгартириш керак, дейилади.4
Шундай қилиб, шахсга бир вақтнинг ўзида турли ижтимоий гуруҳларнинг таъсири бўлиб туради. Тўғри, маълум даврда бир ижтимоий гуруҳнинг шахсга таъсири сезиларлироқ ва аҳамиятлироқ, иккинчисиники эса сал камроқ бўлади. Масалан, ўқувчилик йилларида мактабдаги ўқувчилар гуруҳининг таъсири маҳалладаги ўртоқлар даврасиникидан кучлироқ бўлиши табиий. Ҳар бир шахс учун тараққиётнинг ҳар бир алоҳида босқичида шундай одамлар гуруҳи бўладики, у уларнинг ниятлари, қизиқишлари, ҳаракат нормалари, ғоя ва фикрларига эргашишга тайёр бўлади, ҳаракатларидан андоза олади, уларга тақлид қилади. Бундай гуруҳ психологияда референт гуруҳ деб аталади. Америкалик социологлар референт гуруҳларнинг бир неча турларини фарқлайдилар.
Норматив гуруҳлар — бу шахс учун шундай инсонлар гуруҳики, уларнинг нормаларини у маъқуллайди, уларга амал қилишга ҳамиша тайёр бўлади. Бундай гуруҳларга биринчи навбатда оилани, диний ёки миллий уюшмаларни, профессоинал гуруҳларни киритиш мумкин. Масалан, ўзбек халқи учун дастурхон атрофига ўтирган заҳоти юзга фотиҳа тортиш, мезбонларнинг меҳмонларга «Хуш келибсизлар» дейишлари норма ҳисобланади ва ҳар бир оилада шундай ҳаракатларга нисбатан ижобий установка шаклланади. Бунда бола учун референт ролини отаонаси, катталар, маҳалладаги хурматли инсонлар ўйнайди.
Қиёслаш гуруҳлари — бу шундай гуруҳки, шахс ўша гуруҳга киришни, унинг маъқуллашига муҳтож бўлмайди, лекин ўз ҳаракатларини йўлга солишда унга асосланади ва коррекция қилади. Масалан, талабалар гуруҳида шундай ёшлар бўлиши мумкинки, шахс улар билан умуман мулоқотда бўлмайди, уларнинг фикрлари ёки қарашларини ёқламайди, лекин бу гуруҳ айнан ўшаларга ўхшамаслик ва ўз устида кўпроқ ишлашга ўзини сафарбар қилиш учун керак. Ёки талаба ёшлар сессия якунларига кўра дифференциал стипендия оладилар. ¤ртача ўзлаштирувчи талаба учун «ҳамма талабалар» оладиган стипендия миқдорини назарда тутиб, ўзини тинчлантиради, аълочи эса, ўзиникини нафақат оддий, ўртачалар билан балки, давлат стипендиялари оладиганлар билан ҳам солиштиради. Кўрсатгичлар қанчалик юқори бўлса, шунга мос даъвогарлик даражаси ҳам юқори бўлади, шахснинг қиёслаш гуруҳлари ҳам ортиқроқ бўлади.
Негатив гуруҳлар — шундайки, шахс уларнинг хатти-ҳаракатларидан атайлаб воз кечади, чунки улар шахсий қарашлардан мутлоқ фарқ қилади. Масалан, икки қўшни бир-бири билан муросалари келишмаса, хаттоки, деворларини оқлашда ҳам бири танлаган рангни иккинчиси танламайди. Бири «оқ» деса, иккинчиси — аксинча, «қора» деб тураверади.Ижтимоий муҳитдаги носоғломлик эса бола онги ва хулқида огишларни келтириб чиқаради ва ноадекват хулқни намоён қилишга туртки беради ҳамда жамият томонидан қабул қилинган норма ва санкцияларга қарши боришни маъқул деб биладилар.
Республикамизда вояга етмаганлар жиноятчилигини илмий жиҳатдан ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқотлардан маълум бўладики, вояга етмаганлар жиноятчилигининг ижтимоий-психологик, ёш ва индивидуал психологик хусусиятларининг жиноятчилик хулқи келиб чиқишига таъсири масаласи, жиноятчи шахси психологияси ва унинг ўзига хос хусусиятлари, лиги кузатилади. Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, вояга етмаганлар жиноятчилигининг ижтимоий-психологик омиллари, ёш ва индивидуал психологик хусусиятлари, сабаб ва мотивлари ҳамда вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олишнинг ижтимоий психологик масалалари ва шу кабиларни ўрганиш изчил олиб борилмоқда.5
Вояга етмаганларда хулқ оғиши ва жиноятчилик хулқи бир қатор ижтимоий, психологик, моддий-маиший, маънавий- маърифий, интеллектуал, психофизиологик омиллар таъсири остида юзага келади. Унутмаслик керакки, ушбу омиллар бир-бири билан узвий яқинликда жиноятчилик хулқини келтириб чиқарувчи омил сифатида намоён бўлади. Масалан, олайлик ижтимоий муҳит носоғломлиги вояга етмаганлар шахсига хос бўлган хусусиятлар таъсири остида ғайриқонуний хулқ-атвор мотивига айланиши ва вояга етмаганларда жиноятчилик хулқининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Яъни, шахсдаги жиноятчилик хулқининг келиб чиқишига таъсир кўрсатувчи индивидуал психологик омиллар билан ижтимоий муҳит ўртасидаги ўзаро мослик жиноятчилик хулқини келтириб чиқаради.6 Бошқача қилиб айтганда, макро ва микро муҳитдаги носоғломлик ва уларнинг вояга етмаганлар шахси ҳамда ёш хусусиятлари билан мос келиши жиноятчилик хулқининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ижтимоий муҳит носоғломлиги ҳар доим ҳам жиноятчилик хулқининг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омил сифатида намоён бўлмайди. Қачонки, ижтимоий муҳит носоғломлиги жиноятчилик хулқининг келиб чиқишига имконият яратувчи шахсга хос бўлган индивидуал психологик хусусиятлар билан ўзаро мос тушса, бир-бирини тўлдирса, жиноятчилик хулқини келтириб чиқарувчи омилга айланади. Шунинг учун ҳам носоғлом ижтимоий муҳит айрим болалар ва ўсмирларда жиноятчилик хулқини келтириб чикарса, айримларида эса у омил ролини ўйнамайди. Чунки, уларда жиноятчилик хулқининг келиб чиқишига имконият яратувчи шахсга оид индивидуал психологик омиллар мавжуд бўлмайди.
Бунда вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олишга қаратилган профилактик чора тадбирларни психологик-педагогик жиҳатдан асослаш, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олиш омили сифатида, маҳаллаларда вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олишнинг ижтимоий — психологик масалалари ҳамда жиноятчилик хулқига эга бўлган болалар ва ўсмирларда олиб бориладиган психокоррекцион тадбирлар масаласига ойдинлаштириш зарур бўлади.
Кузатишларимиздан маълум бўлишича, вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олишда энг аввало жиноятчилик хулқининг ижтимоий-психологик, индивидуал психологик, психологик, ҳудудий ва криминологик хусусиятларини ҳисобга олиш талаб этилади. Шунингдек, вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олиш ишлари умумий ва махсус индивидуал тарзда олиб борилиши билан характерланади.
Умумий ижтимоий чора-тадбирларга жамиятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, сиёсий барқарорликни таъминлаш, халқнинг турмуш тарзи ва микро муҳит муносабатларини яхшилаш, фукароларнинг маданий-маънавий ва маърифий салохиятини ўстириш ва бошқалар киради.
Махсус индивидуал характердаги тадбирлар сифатида эса болалар ва ўсмирларнинг шахс хусусиятлари, уларнинг психологияси, дунёқараши, қадриятлар ориентация ҳаётий позицияси, онглилик даражаси ва ижтимоийлашув хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қўллаш тушунилади.7
Профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқишда вояга етмаганларда жиноятчилик хулқининг келиб чиқишигача бўлган даврга, бу даврда олиб бориладиган умумий тарбиявий тадбирларга, уларни такомиллаштиришга, таъсирчанлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Шунинг учун ҳам вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олишда ушбу оралиқ даври муҳим аҳамият касб этишлигини унутмаслик керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |