Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси: Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи (лойиҳаловчи, қидирувчи) буюртмачининг топшириғи бўйича белгиланган муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва (ёки) қидирув ишларини бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса уни қабул қилиб олиш ва ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лойиҳа ва қидирув ишлари шартномасини тасодифан бажариш мумкин бўлмаслиги хавфи буюртмачининг зиммасига тушади.
Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси: Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Ушбу бобнинг қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади. Ушбу Кодекснинг 37, 39, 40, 43, 44, 45, 46, 48, 49 ва 51-бобларида назарда тутилган шартномалар бўйича кўрсатилган хизматлар бундан мустасно.
Йўловчи, багаж ва юк ташишнинг умумий қоидалари: Йўловчи, багаж ва юк ташиш (қуйида ташиш деб юритилади) ташиш шартномаси асосида амалга оширилади.
Ташишнинг умумий шартлари ушбу Кодекс, транспорт уставлари ва кодекслари, бошқа қонунлар ва уларга мувофиқ чиқарилган қоидалар билан белгиланади.
Транспортнинг айрим турларида йўловчи, багаж ва юк ташиш шартлари, шунингдек тарафларнинг уларни ташиш бўйича жавобгарлиги, агар ушбу Кодексда, транспорт уставлари ва кодексларида, бошқа қонунларда ва уларга мувофиқ чиқарилган қоидаларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, тарафларнинг келишуви билан белгиланади.
Транспорт экспедицияси шартномаси: Транспорт экспедицияси шартномаси бўйича экспедитор ҳақ эвазига ва мижоз (юк жўнатувчи ёки юк олувчи) ҳисобидан экспедиция шартномасида белгиланган юк ташиш билан боғлиқ хизматларни бажариш ёки бажаришни ташкил этиш мажбуриятини олади.
Транспорт экспедицияси шартномасида экспедиторнинг экспедитор ёки мижоз танлаган транспортда ва йўналишда юк ташишни ташкил этиш мажбурияти, мижоз ёки ўзининг номидан юк ташиш шартномаси (шартномалари)ни тузиш, юкнинг жўнатилишини ва олинишини таъминлаш мажбурияти, шунингдек ташиш билан боғлиқ бошқа мажбуриятлари назарда тутилиши мумкин.
Қўшимча хизматлар сифатида транспорт экспедицияси шартномасида экспорт ёки импорт учун талаб қилинадиган ҳужжатларни олиш, божхона расмиятчиликлари ёки ўзга расмиятчиликларни бажариш, юкнинг миқдорини ва ҳолатини текшириш, уни ортиш ва тушириш, мижоз зиммасига юклатиладиган божлар, йиғимлар ва бошқа харажатларни тўлаш, юкни сақлаш, уни белгиланган манзилда олиш каби юкни етказиб бериш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга ошириш, шунингдек шартномада белгиланган бошқа операциялар ва хизматларни бажариш назарда тутилган бўлиши мумкин.
Ушбу бобнинг қоидалари транспорт экспедицияси шартномасига мувофиқ экспедиторнинг мажбуриятларини ташувчи бажарган ҳолларга ҳам тааллуқлидир.
Транспорт экспедицияси шартномасини бажариш шартлари, агар транспорт-экспедиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, тарафларнинг келишуви билан аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |