Қайта экспертиза – эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда ўтказиладиган экспертиза тури. Қайта экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари кўпланилган эксперт текшируви усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин. Қайта экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта экспертизани тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим. Қайта экспертизани ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) қайта экспертизани ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у эксперт текширувини ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.
Комиссиявий экспертиза – экспертизада қатнашаётган экспертларнинг ҳар бири эксперт текширувларини тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади. Экспертлар умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди. Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.
Комплекс экспертиза – иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир неча эксперт текширувини ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади. Комплекс экспертизани ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколати доирасида эксперт текширувларини олиб боради. Комплекс экспертизанинг хулосасида экспертларнинг ҳар бири қайси эксперт текширувларини ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси ҳолатларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири хулосанинг ушбу эксперт текширувлари баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади. Умумий фикрни (фикрларни), олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантиришга ваколатли бўлган экспертлар қилади. Агар экспертлар комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида экспертлардан бирининг (алоҳида экспертларнинг) аниқлаган ҳолатлари олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак. Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради. Агар комплекс экспертизани ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, унда ушбу экспертизани ташкил қилиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.