Карнеад 160-129 йилларда Академияни бошқаради. Аркесилай Зенон-стоикка қарши курашган бўлса, Карнеад стоицизм даҳоси Хрисипп, унинг давомчилари бўлган Диоген ва Антипатрларга қарши курашади.
Карнеад ишончли билим мезони ҳақидаги масалани қўяди. Унингча, Эпикур ҳиссий мушоҳадаси ишончли билим мезони бўла олмайди. Ҳатто абстракт, мавҳум тафаккур ҳам бундай мезон бўла олмайди, чунки у зарур материалларни ҳиссий мушоҳада (идрок)да олади.
Карнеадга кўра, ташқи таъсир предмети сезги органида ўзгариш содир қилади, лекин онгга фақат тасаввур шаклида етиб боради; шунинг учун ҳам ишончли билим мезонини фақат идрокни тўғри тасаввур қилишдан қидириш лозим. Тўғри тасаввур нафақат ўзини, балки уни пайдо қилган предметни ҳам онгга етказади ва шу асосда предметни борлиқда қандай бўлса, шундайлигича онгга киритади.
Тасаввурга хос бўлган нарса–унинг ҳам объектга, ҳам субъектга муносабатда бўлиши. Зеро, “Рўй бераётган ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам тақдири азал меваси эмас. Уларнинг баъзи бирлари бизнинг ҳукмимиздадир”162. Шунинг учун ҳам тасаввур объектга мос бўлса, чин, мос келмаса – хато бўлади. Стоиклар тасаввурнинг субъектга муносабатини унинг объектга муносабати деб қабул қилишди. Ҳақиқатан ҳам тасаввурлар биз учун ишончлилик кучи билан бир-биридан фарқ қиладилар. Лекин стоиклар каталептик (тутиб қоладиган - схватывающие) деб атайдиган тасаввурлар уларнинг чин эканлигини кўрсатадиган белгиларга эга эмас. Ҳодисаларнинг ҳақиқий табиатини билиш учун ҳеч қандай мезон мавжуд эмас. Лекин бу кундалик ҳаётда ишлатиладиган мезон мавжуд эмаслигини англатмайди. Бундай мезон бўлиб етарли даражада ишончли тасаввур хизмат қилади. Карнеад ёзади: “Ҳар қандай ҳақиқат нисбийликка йўғрилган ишончдир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳақиқат эҳтимолликдир”163. Қандай даража ва кучга эга ишончлиликнинг етарли бўлиши масаласи ҳар бир алоҳида ҳолда мавжуд мулоҳаза предметининг муҳимлигига боғлиқ.
Карнеад фикрича, тасаввурлар эҳтимоллигининг уч босқичи мавжуд: 1) тасаввур шунчаки эҳтимол характерга эга; 2) тасаввур шунчаки эҳтиморлли бўлиб қолмай, балки бошқа тасаввурларга зид ҳам бўлмайди; 3) эҳтимолли бўлган, бошқа тасаввурларга зид бўлмаган ва ҳар томонлама текширилган тасаввурлар мавжуд.
Биринчи босқич ҳам содда, ҳам мураккаб тасаввурларни қамраб олади. Мураккаб таркибга эга бўлганда, тасаввур якка деб қабул қилиниб, унга йўлдош бўлиб келаётган тасаввурлардан ажратиб олинади.
Иккинчи босқичдаги эҳтимоллик ўзида зиддиятлар йўқлиги билан тавсифланади ва бу икки томонлама текширув асосида тасдиқланади. Бунда тасаввурнинг “зиддиятсизлиги” (яъни бошқа тасаввурларнинг уни истисно қилмаслиги) аниқланади. Бу мазкур тасаввурнинг аниқ, равшан бўлиши, унинг ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмаслигини билдиради.
Эҳтимолликнинг учинчи даражасига текширув тўлиқ бўлиб, ҳеч бир нарсанинг унутилмаганига ишонч ҳосил қилгандан кейин эришилади.
Карнеад фикрича, учинчи босқичдаги тасаввур эҳтимоллиги ҳам мулоҳазанинг тўлиқ чин бўлишини кафолатламайди, фақат унга яқинлаштиради, холос.
Юқорида айтилган фикрлардан шу нарса маълум бўладики, Карнеад, Аркесилайдан фарқли ўлароқ, каталептик тасаввурни бутунлай рад этмайди, уни предмет ва уни идрок этаётган ҳолат билан боғлайди.
Карнеадда муайян даражада скептицизмга ён босиш бор. Хусусан, у предметларни назарий билиш мумкин эмаслиги тўғрисида тезисни илгари суриб, уни асослашга уринади.
Эр.авв. 156 йилда Карнеад Римга дипломатик миссия билан келади ва бу ерда ажойиб фалсафий нутқ қилади ва унда битта тезисни аввал исботлайди, кейин рад этади. Хусусан, биринчи куни адолатнинг инсон табиатига хос, шунинг учун ҳам унга интилиш зарурлигини исботлайди. Иккинчи куни эса, адолатнинг шартли эканлиги, унинг фақат кучсизларга мўлжаллангани, кучлиларнинг унга амал қилиши шарт эмаслигини кўрсатади. Аудиторияда улкан таассурот қолдирган аргументлаш ташқи эффект ҳосил қилиш мақсадига эга эди ва шундай бўлиб қолди, холос.
Карнеад эр.авв. 129 йилда вафот этди, ундан фаол шогирдлар қолишди. Уларнинг орасида кўзга куринарлиси схоларга (мактаб бошчиси) лавозимини эгаллаган Клитомах эди. Бироқ унинг вориси Ларисслик Филон (Митродит билан бўлган урушда Афинадан Римга қочиб борган) охир-оқибатда Карнеад таълимотидан четлашди. Унинг фикрича, чинга ўхшаб кўринган ҳар қандай тасаввурга худди шундай кучга эга бўлган қарама-қарши фикрни – хато мулоҳазани келтириш мумкин. Демак, предметларнинг асл моҳиятини билиб бўлмайди. Албатта, бу предметни бутунлай билиб бўлмайди деган хулоса эмас: унда фақат стоиклар таълимоти рад этилади, холос.
Филоннинг стоицизмни танқид қилишини Аскалонлик Антиох давом эттиради. Аркесилайдан кейин Академия фалсафасининг ривожи йўналишини хато деб ҳисоблайди: у Сократ таълимоти негизида пайдо бўлган фалсафий мактаблар – қадимги Академия мактаблари, Ликей ва Стоя таълимотлари ўртасидаги курашни бартараф этишни, уларнинг ихтилофларининг жиддий, муҳим эмаслигини, умумий томонларининг босим эканлигини ва айнан ана шунга асосланиб уларнинг кучини бирлаштириш, бир томонга қараб йўналтириш орқали уларнинг маънавий бойлигини сақлаб қолиш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлайди. Бу эса Антиох таълимотида эклектик тенденциянинг мавжудлигини кўрсатади. Билиш масалаларини ҳал этишда Академия ва Ликей билан Стоиклар таълимотининг ўртасида туради. Ҳаётнинг олий мақсадини комил инсон табиатига хос ва мос бўлган Ақл, Жон ва Танада ва, демак, комилликка эришишда деб билади.
Антиох фикрича, фақат доно одам эркин (озод) “бой” ва гўзалдир. Доно эмаслар – ақлсизлар ва “қуллар”дир.
Эр.авв. IV асрда пифагорчилик алоҳида фалсафий мактаб сифатида мавжудлигини тугатган. Ҳаётининг охирги пайтида Платон ўз системасига пифагореизмда муҳим деб ҳисоблаган элементларни қўшади. Бу унинг жоннинг тақдири, математик миқдорлар ва фигураларга борлиқнинг муҳим элементлари сифатида қараш, “Тимей”нинг қатор космологик ғоялари бошқа шу каби таълимотлар эди.
Пифагорчилик кўриниши, қиёфасидаги Платон таълимотини Спевсипп (мактаб бошчиси) ва Ксенократлар ривожлантиради. Маълумки, бундай платонизмни ўз вақтида Аристотел танқид қилган эди. Кейинчалик фалсафа соҳасидаги муваффақият материалистик таълимотлар томонига: эпикуреизм ва ва стоицизмга кўчиб ўтади. Платон таълимоти таъсирини йўқота бошлайди, Академия эса Аркесилай ва Карнеад даврида қадимги платонизмдан скептицизмга қараб оғади.
Пифагореизм анъаналарининг кесиб қўйилиши, унинг узил-кесил йўқ бўлишига олиб келгани йўқ. Пифагореизмнинг янги тарафдорлари Платон таълимотидаги пифагорчилик элементларига (Пифагор таълимотига эмас) эътибор қаратдилар. Бу платонизмни реставрация қилишга уриниш эди. Янги пифагореизм ҳақиқий платонизмни Ликей ва Стоя таълимотлари билан қўшишга уринди. Бу янги пифагореизм эр.авв. III асрга қадар бўлган платонизмга, аниқроғи неоплатонизм пайдо бўлган даврга қадар ўз таъсирнини ўтказди. Унинг вакиллари физика, космологияда, (Аристелча) жон масалаларида Платон ва пифагорчиларга суянишади. Дин – бу даврнинг энг таъсирчан кучи.
Эр.авв. 1-асрда янги пифагорчиларнинг таниқли арбоблари Гадеслик Модеарт, Тианлик Аполлонийлар эди.
“Пайғамбар”, “ғаройибот яратувчиси” ролида Аполлоний ўз ҳаётида пифагорчилар идеалини амалга оширишга уринган.
Пифагорчилик руҳидаги платоник бўлган яна бир шахс Херониялик Плутарх (48-120) эди. У биографик жанрда ёзилган “Параллел ҳаёт тасвирлари”, шунингдек, “Платон догмаси” асарининг муаллифидир.
Улар фақат танасиз моҳиятни чин моҳият деб ҳисоблашади. Материя – мавжудот эмас, у шаклни ва моҳиятга ўзининг миқдорий хусусиятларига кўра эришади. Метафизика ва физика категориялари символи (рамзи) – сон. Олий ибтидо – бир ҳамда ноаниқ иккидир. Уларда руҳ ва материянинг қарама-қаршилиги ўз ифодасини топади. Бир сони–борлиқ ибтидоси ва яхшилик, неъмат, мукаммаллик рамзи. ноаниқ икки–номукаммаллик, тартибсизлик ва ўзгарувчанликнинг борлиқдаги манбаи. Баъзи янги пифагорчилар бир сони билан худони айнанлаштирган. Худо–оламнинг яратувчиси ва ҳаракати сабаби, у ўзидан ташқаридаги материяни тартибга келтиради ва ундан барча мавжудотларни пайдо қилади.
Пифагорчи платониклар тўртта бир-биридан мустақил бошланғич асосни эътироф этишади:
танасиз шакл ёки сонлар;
моддий асос;
оламдаги мавжуд эзгулик ва тартиб ибтидоси;
ёвуз дунёвий жон – дунёдаги ёвузлик манбаи.
Бу бошланғич тўрт асосларни тавсифлаш ва қўшишда мантиқий зиддиятлар келиб чиқади. Масалан, қандай қилиб Худо (фаол куч) номукаммал материяга таъсир ўтказади ва унда ўз ифодасини топади, деган савол зиддиятли эди. Бу саволга жавоб берар экан, янги пифагорчилар Худони яхлит танасиз мавжудот сифатида тавсифлашади. Унинг ижобий ҳислати–куч. Худо материядан оламни яратувчи куч. “Ғоялар”–мос якка мавжудотдларнинг прообразлари.
Олам билан Худо ўртасида бўғин тўғрисидаги таълимотни ривожлантиришда яҳудий мутафаккири Александриялик Филоннинг роли катта. У (эр.авв. 30–эрамизнинг 50-йиллари, тахминан) яшаган. 40 ёшида Римга элчи мақомида келган.
Филон фалсафаси иудаизмни грек фалсафаси билан қўшиш тажрибасидан иборат. Унинг қарашлари негизида Моисейнинг Беш китоби ётади, у ана шуни ўз ёзмаларида талқин қилади. Ана шу беш китобда бутун грек донишмандлигини кўради.
Do'stlaringiz bilan baham: |