Прокл (410-485) антик давр неоплоатонизм ривожини якунлайди. Бундай якуннланиш Афинада – Анаксагор, Сократ, софистлар, Платон, Аристотел, Платон мактаби, Аристотел мактаби, Эпикур, стоицизм асосчиси Зенон фаолият кўрсатган жойда амалга ошади. Бу давр мистиканинг кучайиш билан ажралиб туради. Фалсафани илм руҳи тарк этади.
Прокл қарашлари Евклид “Асослари”, Платон асаларига, хусусан “Парменид”, “Тимей”, “Кратил” диалогларига шарҳларида баён қилинган. Улкан назарий асари “Илоҳий элементар таълимот” файласуфнинг бутун неоплатонизм системасини қисқа ҳолда баён қилувчи 211 тезисдан иборат бўлиб, унда “Ягона”, “Ақл”, “Жон”, “Космос” тушунчалари талқин этилади. Бу тезислар мисоллар ёрдамида тушунтирилади. “Платон илоҳиётчилиги” асарида Прокл Ягона ва уч турдаги худо: фикрланадиган, фикрлайдиган ва фикрланувчи–фикрловчи худо тўғрисидаги таълимотни баён қилади. Триадали қуриш ва баён этиш методини Явмлихга қараганда изчилроқ ва дадилроқ ифодалайди. Бунинг негизида предмет ривожланиши триада кўриниши ғояси ётади. Барча ҳодисалар: худолар, тирик мавжудотлар, космос ва фалсафа соҳасидагилар, мифология ва мистикалар триада бўйича ривожланади.
Триадада Прокл уч ҳолатни фарқлайди: биринчиси–ўзида бўлиш. Бошқача номи–сабаб, бўлинмас бирлик, мавжудлик, ота, потенциа, иккинчиси – ўзидан чиқиш, бошқача айтганда, ўз чегарасидан ташқарига эманация сабаб сифатида таъсир этиш. Бу бирликдан кўпликка ўтиш, бўлинишнинг бошланиши, “она”, “энергия”. Учинчи жиҳати–“ўзга борлиғидан” орқага, ўзига қайтиш, тарқоқлик ва кўпликдан яна бўлинмайдиган бирликка кўтарилиш. Шундай қилиб, бу учта ҳолат “жойда бўлиш”, “чиқиш” ва “қайтиш”дир.
Ягона ҳақидаги таълимотда–триаданинг биринчи бўғини тўғрисидаги таълимотда Прокл Ямвлих ишлаб чиққан Ягонанинг бўлиниши тўғрисидаги таълимотга таянади. Ямвлих сингари, у ҳам сўзсиз билиб бўлмайдиган Ягонани бошқа Ягонадан фарқ қилади. Бу бошқа борлиқ ўзида муайян кўпликни мужассамлантиради, бироқ у ҳеч қандай сифатга эга бўлмагани учун Ақлдан аввал келади, Ақл ва сўзсиз Ягона оралиғида мавжуд бўлади. Прокл бу босқични сон деб атайди, бошқача номи – борлиқ усти бирлиги (Ягонаси).
Ягонадан кейин келадиган Ақл ҳам триада кўринишида бўлинади: 1) фикрланадиган Ақл ёки “ўз-ўзида бўлишлик”. Бу босқичда Ақл ўзи учун предмет, ёки “борлиқ”.
Иккинчи босқичда Ақл ўзидан чиқади ва ўз-ўзини тафаккур қилади. Бу интиллектуал ақл, фикрлайдиган ақл, яъни маънодаги “ақл”.
Учинчи босқичда “Ақл” ўз-ўзига қайтади, яъни борлиқ ва тафаккур айнан бир хил бўлади. Бошқача айтганда, бу – ҳаёт ўзидадир. Бу триаданинг Гегел триадасидан фарқи шундаки, Гегелда учинчиси синтез бщлиб, у аввалги иккитасини ўзида мужассамлаштиради, улардан юқори туради ва прогрессни ҳосил қилади. Олий даражадаги худо Проклда ўз-ўзида ҳолида тушунтирилади.
Триада принципини Прокл Жонга нисбатан ҳам қўллайди: илоҳий жон, демон кўринишидаги жон, инсон жони.
Прокл таълимоти неоплатонизмнинг ҳукмронлигини сақлаб қолишга, айни пайтда, унинг ривожига якун ясашга бўлган уриниш натижасидир. Прокл системаси христианликка қарши тура олмас эди. Чунки христианлик империяда, унинг охирги икки асрида ҳукмрон мафкуа, давлат дини мақомига эга эди.
529 йили император Юстиниан декрети билан Афинадаги Платон академияси ёпилади. Антик фалсафа ўзининг минг йиллик умрини тугатади.
Қадимги Академия Платоннинг сўнгги таълимотлари тарқатилгунча, яъни кучини йўқота борганга қадар фаолият кўрсатиб турди. Бу таълимотдан юз ўгирган файласуф Академияни 270-241 йилларда бошқарган Аркесилай бўлди. У кўпроқ Платоннинг илк асарлари ҳамда Сократ таълимотига ён босди. Аркесилай фалсафанинг бош вазифасини стоицизм билан курашда, ишлатиладиган қуролни диалектикада деб билди. У ўз шогирдларидан ҳар бир тезисни исботлаш ва рад этиш билан машқ қилишни талаб этди. Сократ сингари у ҳеч нарса ёзмаган.
Аркесилай доноликнинг идеалини хато фикрлаш, адашишдан ҳоли бўлишда деб ҳисоблайди. Унга эришишнинг йўли–ҳодисаларнинг асл табиати ва моҳияти тўғрисида мулоҳазалар билдиришдан ўзини тийиш. Эпикур идроки ҳам, стоик Зеноннинг католептик тасаввурлари ҳам ҳақиқатнинг хатосиз мезони бўла олмайди.
Католепсиз католептик тасаввур билан келишув сифатида мумкин эмас, чунки фақат тасаввур билан эмас, фақат мулоҳаза билан келишиш, унга қўшилиш мумкин. Аркесилай фикрича, тасаввурларни фикрлаб, предметнинг қандай бўлса, шундай эканлигини аниқлаб бўлмайди. Унингча, бундай тасаввурларнинг мавжуд бўлиши ҳам мумкин эмас. Каталептик тасаввурлар йўқ экан, демак ҳеч бир нарсани билиб бўлмайди. Шу тариқа, Аркесилай бошчилик қилган Академияда скептицизм пайдо бўлади ва Академия ўқувчилари ҳар бир илгари сурилган тезисни исбот қилиш ва рад этишни машқ қилишга ўтадилар. Аркесилай эса, стоицизмнинг моҳиятини англаш, ундаги зиддиятлар ва қийинчилик туғдирадиган масалаларни ечишга киришади.
Do'stlaringiz bilan baham: |