105-модда. Солиқ текширувини ўтказишда ғайриқонуний ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўймаслик
Солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчига ёхуд унинг эгалигида, фойдаланишида ёки тасарруфида бўлган мол-мулкка ғайриқонуний ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўйилмайди.
Солиқ текширувини ўтказишда давлат солиқ хизмати органлари ёки улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари орқали етказилган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрни давлат солиқ хизмати органлари томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши керак. Суд қарорига биноан зарарларнинг ўрнини қоплаш давлат солиқ хизмати органлари қайси мансабдор шахсларининг айби билан зарар етказилган бўлса, ўша мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.
Давлат солиқ хизмати органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлар содир этганлиги натижасида солиқ тўловчига етказилган зарар учун қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14, 985-моддалари.
Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг қонуний ҳаракатлари орқали солиқ тўловчига етказилган зарарларнинг ўрни қопланмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
IV БЎЛИМ. СОЛИҚҚА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
16-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидалар
106-модда. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тушунчаси
Солиқ тўловчининг ушбу Кодексда жавобгарлик белгиланган ғайриқонуний айбли қилмиши (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) солиққа оид ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади.
107-модда. Жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги
Жисмоний шахсларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарлиги ўн олти ёшдан бошлаб вужудга келади.
108-модда. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортишнинг умумий шартлари
Ҳеч ким солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодексда назарда тутилганидан бошқа асослар бўйича ва тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 106 — 121-моддалари.
Ҳеч ким солиққа оид содир этилган айнан битта ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги 210-сонли «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг 24-банди.
Агар жисмоний шахс содир этган солиққа оид ҳуқуқбузарликда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят аломатлари бўлмаса, бу ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодексда назарда тутилган жавобгарлик келиб чиқади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 31 майдаги 8-сонли «Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарорининг 2 — 7, 10, 13, 14-бандлари, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги 210-сонли «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 25-бандининг иккинчи хатбошиси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда қўлланилади.
(108-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 112-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги 210-сонли «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг 25-банди.
Юридик шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда, унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ва бошқа жавобгарликдан озод этмайди.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174, 175, 1753, 2153-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 30 майдаги 8-сонли «Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарори 10-бандининг иккинчи хатбошиси.
Солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилиши уни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.
Шахснинг айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунига қадар у солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор ҳисобланмайди. Жавобгарликка тортилаётган шахс ўзининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбсиз эканлигини исботлаши шарт эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилади. Бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кўп миқдордан ошиши мумкин эмас.
(108-модданинг саккизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар солиқ тўловчи биринчи иш бўйича қарор чиқарилгунига қадар солиққа оид яна бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги иш бўйича қарор чиқарилганидан сўнг аниқланса, ушбу модданинг саккизинчи қисмида назарда тутилган қоидалар бўйича жарима қўлланилади. Бу ҳолда, суд томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича тайинланган жарима миқдорида биринчи қарор бўйича тўланган жариманинг суммаси ҳисобга олинади.
(108-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан тўққизинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Агар солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланилган шахс молиявий санкциялар қўлланилган кундан эътиборан бир йил ичида худди шундай ҳуқуқбузарликни такроран содир этмаган бўлса, у молиявий санкцияларга тортилмаган ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |