111-модда. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб қуйидагилар эътироф этилади:
оғир шахсий ёки оилавий шароитлар кечиши оқибатида ҳуқуқбузарлик содир этиш;
таҳдид ёки мажбурлаш таъсирида ёхуд моддий, хизмат ёки бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли ҳуқуқбузарлик содир этиш;
суд томонидан жавобгарликни енгиллаштирувчи деб топилиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар.
Солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг илгари худди шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилган шахс томонидан содир этилганлиги жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат деб эътироф этилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги 210-сонли «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 43-банди.
112-модда. Молиявий санкциялар ва уларни қўллаш тартиби
Молиявий санкциялар солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик чораси бўлиб, пул ундириш (жарималар ва пеня) тарзида қўлланилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1724, 09.10.2007 й.).
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга — солиқ тўловчиларга молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати ўтказиб юборилганлиги учун пеня ҳисоблаш, шунингдек солиқ тўловчи содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги 210-сонли «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 35-банди.
Солиқ тўловчи жисмоний шахсларга нисбатан молиявий санкциялар фақат суд тартибида қўлланилади, пеня ҳисоблаш ҳоллари бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд ушбу Кодекснинг 17-бобида назарда тутилган молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақли.
(112-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеня материаллар судга берилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда тадбиркорлик субъекти — солиқ тўловчи ўзига нисбатан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаганлиги учун жарималар қўлланилишидан озод қилинади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: суд амалиёти.
Do'stlaringiz bilan baham: |