89-модда. Солиқ текширувларини ўтказиш муддатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текширувини ўтказиш муддати ўттиз календарь кундан ошмаслиги керак.
Солиқ текшируви муддатларини узайтириш давлат солиқ хизмати органининг қўшимча буйруғи билан расмийлаштирилиб, унда олдинги буйруқнинг рўйхатдан ўтказиш рақами ҳамда санаси, текширув ўтказишга илгари жалб этилган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади.
Қисқа муддатли солиқ текширувини ўтказиш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак. Бунда тегишли рухсатномаларсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилинишини, қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилишини ёки реализация қилинишини қисқа муддатли текширишларни, шунингдек тақиқланган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши фактларига барҳам бериш бўйича қисқа муддатли текширишларни ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги лозим.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тегишли солиқ текширувини ўтказиш муддати назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаларига кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органнинг рухсатномасига биноан фақат бир марта узайтирилиши мумкин. Бунда тегишли текширувнинг узайтирилган муддати уни узайтиришнинг асосий муддатидан ошмаслиги керак.
Солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг ижроси суд томонидан тўхтатилган тақдирда, солиқ текширувини ўтказиш муддатини ҳисоблаш ҳам тўхтатилади.
(89-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 03/18/508/2365-сон — 2019 йил 1 январдан кучга киради)
90-модда. Солиқ текширувларини ўтказиш даврийлиги
Олдинги таҳрирга қаранг.
Солиқ тўловчилар молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) бир йилда кўпи билан бир марта, белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда риоя этаётган солиқ тўловчилар молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари эса, икки йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади, ушбу модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
(90-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтлари молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) беш йилда кўпи билан бир марта, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) тўрт йилда кўпи билан бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) уч йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади.
(90-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Янги ташкил этилган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
(90-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 13 сентябрдаги ЎРҚ-295-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 37-сон, 374-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди.
(90-модда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 13 сентябрдаги ЎРҚ-295-сонли Қонунига мувофиқ тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 37-сон, 374-модда)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 39-моддасининг биринчи — бешинчи қисмлари, Ўзбекистон Республикаси «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 10, 101-моддалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу моддада кўрсатилган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширувлардан ўтказилиши мумкин.
(90-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |