82-модда. Солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари Юридик шахс — солиқ тўловчи тўғрисидаги асосий ҳисоб маълумотлари қуйидагилардан иборат:
солиқ тўловчининг идентификация рақами;
номи (тўлиқ ва қисқартирилган номи);
жойлашган ери (почта манзили).
Юридик шахслар — Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асосий ҳисоб маълумотларига қўшимча равишда қуйидагилар ҳам ҳисоб маълумотлари ҳисобланади:
ташкилий-ҳуқуқий шакли;
ушбу Кодекс 35-моддасининг иккинчи қисми асосида солиқ мажбуриятларини мустақил равишда бажарадиган алоҳида бўлинмалар, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг таркибига кирувчи юридик шахслар учун — солиқ тўловчи қайси ташкилотнинг таркибига кирса, шу ташкилот;
давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жой ва тартиб рақами;
тижорат ташкилотлари учун — устав фондининг (устав капиталининг) миқдори;
тижорат ташкилотлари учун, акциядорлик жамиятлари бундан мустасно, муассисларнинг — Ўзбекистон Республикасининг резидентларининг солиқ тўловчи тариқасидаги идентификация рақамини ҳамда ҳар бир муассиснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушини ҳам кўрсатган ҳолда муассисларнинг тўлиқ таркиби.
Жисмоний шахс — солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари қуйидагилардан иборат:
солиқ тўловчининг идентификация рақами;
фамилияси, исми ва отасининг исми;
фуқаролиги;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун — фуқаронинг идентификация рақами (шахсий коди);
паспортининг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи;
яшаш жойи (манзили).
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қуйидагилар ҳам солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотларидир:
давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жой ва тартиб рақами;
фаолият тури;
фаолият амалга ошириладиган жой.
83-модда. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш солиқ тўловчилар ҳамда ушбу Кодекснинг 84-моддасида назарда тутилган органлар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади.
Давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турмаган солиқ тўловчилар аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари уларга белгиланган тартибда ҳисобга туриш тўғрисида талабнома тақдим этади. Бундай талабнома олинганлиги шахсни қонунда белгиланган жавобгарликдан озод этмайди.
LexUZ шарҳи Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1762-моддаси. Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилган юридик ва жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ҳисоб маълумотларидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида бундай ўзгаришлар юзага келган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда маълум қилишлари шарт.
Жисмоний шахснинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда давлат солиқ хизмати органи мазкур солиқ тўловчига тааллуқли барча материалларни унинг янги яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топшириши шарт. Бундай материалларни топшириш-қабул қилиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.
Солиқ тўловчининг талаби бўйича давлат солиқ хизмати органи мазкур солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани, шу жумладан ўзгаришлар киритилган ҳисоб маълумотларини ҳам кўрсатган ҳолда бериши шарт.
Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестридан чиқариш қуйидагича амалга оширилади:
жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — улар вафот этганидан кейин, башарти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти уларнинг меросхўрлари томонидан тўлиқ узилган ёки солиқ қарзи белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилган бўлса;
юридик шахслар — Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — улар тугатилганидан кейин, башарти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти тўлиқ узилган ёки солиқ қарзи белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилган бўлса;
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари — уларнинг Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилишини белгилаган ҳолатлар бекор бўлган, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти тўлиқ узилган тақдирда.