14-боб. Солиқ текширувлари 85-модда. Солиқ текшируви тушунчаси ва шакллари Солиқ текшируви давлат солиқ хизмати органлари томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текширишдир.
LexUZ шарҳи Қаранг:Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуни 3-моддасининг учинчи қисми. Солиқ текшируви солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) ва қисқа муддатли текширув шаклида амалга оширилади.
Солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдир.
Қисқа муддатли текширув солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган, унинг айрим операцияларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги текширувидир.
86-модда. Солиқ текширувларининг турлари Олдинги таҳрирга қаранг. Солиқ текширувлари қуйидаги турларга бўлинади:
тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган текширувлар;
тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлар.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган текширувлар жумласига қуйидагилар киради:
солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш);
жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида ўтказиладиган текшириш ёки таваккалчиликни таҳлил этиш натижаларининг якунлари бўйича давлат солиқ хизмати органлари ташаббусига кўра текшириш.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлар жумласига қуйидагилар киради:
юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текшириш ҳамда фаолияти тугатилаётганда ягона солиқ тўловини тўловчи бўлган якка тартибдаги тадбиркорни текшириш;
тегишли рухсатномаларсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилинишини текшириш;
қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини ёки реализация қилинишини текшириш;
тақиқланган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши фактларига барҳам бериш бўйича текшириш;
ўз фаолиятини расман тўхтатиб турган давр мобайнида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни давом эттираётган жисмоний шахснинг фаолиятини текшириш.
Нотижорат ташкилотларини, Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентларини, шунингдек чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари ҳамда филиалларини ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган текширишлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
(86-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 03/18/508/2365-сон — 2019 йил 1 январдан кучга киради)