55-модда. Овоз бериш тартиби Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.
С айловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки « » ёхуд «х» белгисини қўяди.
Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.
Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозим ва алоҳида сақланади.
56-модда. Сайловчининг турган жойида овоз бериш Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.
Тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.
561-модда. Сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.
Сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.
Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни сурғучлайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.
Сайлов бюллетенлари солинган қоп сурғучланган ҳолда далолатнома билан бирга сайлов участкасига олиб борилади ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади.
(561-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)