50-модда. Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар
Участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар тегишли тарзда жиҳозланиши ва қуйидагиларга эга бўлиши керак:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг устида ва ичида);
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби (бинонинг ичида);
сайлов участкасининг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа;
яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари;
сайлов қутилари;
(50-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонунига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
зарурат бўлса, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари;
кузатувчилар учун алоҳида жойлар;
сайлов санасига бағишланган плакатлар;
сайлов участкасининг харитаси;
участка сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчиликлар жадвали ҳақидаги ахборот;
сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд;
барча рўйхатга олинган номзодларнинг Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан нашр қилинган таржимаи ҳоли ва дастури;
зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга бўлган компьютерлар, сейф, канцелярия товарлари);
ёнғинга қарши воситалар.
Овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозим.
51-модда. Овоз бериш вақти ва жойи
Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.
(51-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |