КИРИШ
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурияти. Дунё миқёсида шўрланишга мойиллиги юқори бўлган ҳудудларда қурилиш материаллари тузли эритмалар таъсирида емирилиб муддатидан олдин яроқсиз ҳолга келиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жаҳонда шўрланиш ва намлиги юқори бўлган ҳудудлар учун қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда бир қатор самарали технологиялар ишлаб чиқилган бўлиб, уларда асосан минерал ва техноген хомашёлардан ташкил топган композицияларни таркибига модифицирловчи қўшимчаларни қўшиш, пишириш жараёнини такомиллаштириш, янги тур кристалл тузилишли моддалар олиш каби технологиялар саноат миқёсига тадбиқ қилиниб борилмоқда. Шу билан бирга энергия ва ресурс тежамкор технологияларни тармоқ корхоналарига жорий қилиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёлардан комплекс фойдаланиш, техноген чиқиндиларни қўллаш ҳисобига маҳсулот таннархини камайтириш каби масалаларга катта эътибор қаратилмоқда. Аммо шўрланиш ва намлиги юқори бўлган ҳудудларда узоқ йиллар хосса ва хусусиятини йўқотмасдан турадиган, нисбатан кам энергия сарфлаб эксплуатацион хоссалари юқори бўлган, арзон, экологик тоза, тақчил бўлмаган хомашёлар асосида олинадиган маҳсулотлар олиш масаласи ўта долзарб ва ўз ечимини кутиб турган муаммолардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга қурилиш соҳасида анъанавий деворбоп материал саналиб келинаётган керамик ғиштни ўрнига замонавий иссиқлик ҳимояловчи материалларнинг жорий қилиниши соҳа корхоналарини таназзулга учрашига олиб келиши мумкин. Буни олдини олишнинг ягона йўли улар негизида ўта харидоргир, экологик тоза ва арзон бўлган турдош материаллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Шундай материаллардан бири керамик йўлак тошидир.
Бугунги кунда Оролбўйи минтақасида йўлаклар, махсус майдончалар учун мўлжалланган тўшама қопламалар полимер бетон ва бетон асосида бўлиб, улар ташқи таъсирларга жуда чидамсиз, юзаларида "оқ доғлар" ҳосил қилади, механик таъсирларда "увалиб" кетиш ҳолатлари кузатилади. Бундай салбий хусусиятли материалларни ўрнини босадиган муқобил ашёларни Республикамизда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси» тўғрисидаги Фармони ҳамда 2019 йил 25 майдаги ПҚ-4335-сон «Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2017 йил 18 январдаги ПҚ-2731-сон «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида»ги Қарорлари ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бўлган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни бажаришга ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |