боб бўйича қисқа хулоса
Терминлар масаласига бағишланган тадқиқотлар кўлами жуда катта бўлиб, уларда термин ва терминологиянинг турли назарий ва амалий масалалари атрофлича ўрганилган. Бундай масалаларга термин билан умумадабий тилдаги сўз ўртасидаги муносабатлар, терминологик система билан умумадабий тил ўртасидаги муносабатлар, терминларнинг шаклланиши, тараққиёти, детерминологизация, терминлар таржимаси кабилар киради.
Экология фанлараро фан бўлиб, унинг объекти табиий фанлар ва гуманитар йўналишлар, фундаментал ва амалий илмий фаолиятни яқинлаштиради.
Замонавий экологиянинг лексикаси ва терминологияси шаклланиш босқичида тургани маълум. Чунки турли илмий йўналишларнинг экологиядаги интеграциялашуви жараёни ҳали тугамаган. Экологиянинг айрим йўналишлари ноаниқлиги сабабли эса “экология” терминининг ўзи ҳам универсал характерга эга, деб юритила бошланади. Натижада “экологик таълим”, “экологик фикрлаш” ва “экологик дунёқараш” каби иборалар юзага келмоқда.
Замонавий экология бир неча фандан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос тушунча аппаратига эга. Экологиянинг у ёки бу йўналишидаги мутахассис унга таниш тушунчалар орқали ўз нуқтаи назарини шакллантиради.
Аввалига турли лексик қатламлар таркибида ўрганилган эколексика, кейинчалик экология фанининг юзага келиши натижасида мустақил лексик семантик гуруҳлар сифатида тадқиқ этила бошланди.
Қадимдан пайдо бўлган эколексика ижтимоий соҳаларга мансуб бўлгани туфайли улар тараққий этгани сари такомиллашиб борган. Бу, ўз навбатида, уларга бўлган лисоний қизиқишни ҳам табиий равишда орттирган ва улар ҳақида янги тадқиқотларни юзага келтирган. Ушбу тадқиқотларда ҳам ҳар қандай тараққий этган тилдаги эколексиканинг хусусиятларида умумийлик борлиги аниқланган.
Барча дунё тилларида экологияга оид лексика жуда қадимдан шакллана бошлаган ва ривожланган. Унинг пайдо бўлишида жуда кўп омиллар муҳим роль ўйнаган. Экология лексикаси экологияга оид тушунчалар пайдо бўлиши билан шакллана бошлаган. Лекин у шу кунга қадар алоҳида лексика қатлами сифатида ўрганилмаган.
Ўзбек экологик лексикаси ўз тарихий тараққиёт даври мобайнида бошқа тилларнинг таъсирига ҳам учради. Умумтуркий сўзлар дастлабки экономинациялар жумласига киради. Уларнинг аксарият қисми ҳозирга қадар бу тилларда сақланиб қолган. Айни шу сўзлар кейинги экосўзлар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Инглиз ва ўзбек тилларида эколексикани ўрганиш мисолида ҳам шу нарса аён бўлдики, ҳар бир тил дунёни турлича қисмларга ажратади ёки ҳар бир тил орқали дунё турлича, яъни турли лисоний воситалар ва усуллар ёрдамида қисмларга бўлинади, ундаги объектлар бир - бирига ўхшаш ёки фарқли тил воситалари ёрдамида номланади. Ҳар бир тил ўзининг беқиёс миллий хусусиятлари билан буюк замонавий экологик таълимотни яратиш ва ифодалашда фақат ўзига хос тарзда ноёб “қурилиш” материали сифатида хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |