3.2. Мис ва унинг қотишмалари
Мис ва унинг қотишмаларини олиш. Хозирги вақтда мис таркибида мис колчедани (СuFеS2) бўлган сульфид рудаларйдан олинади. Мис рудаларининг бойитилган концентрати (таркибида 11—35% Сu бўлган) куйдирилиб, таркибидаги олтингугурт камайтирилади, сунгра мис штейни олиш учун суюқлантирилади.
Штейнга суюқлантириш мақсад мис ва темирнинг олтингугуртли бирикмаларини руда аралашмаларидан ажратиб олишдир. Штейнлар таркибида 16—60% Си бўлади.
Мис штейнлари конверторда суюқлантирилади, ҳаво билан пуфланиб, таркибида 1—2% темир, рух, никель, мишьяк ва бошқа аралашмалар бўлган хомаки мис олинади. Хомаки мис қўшилмалардан тозаланади (рафинирланади). Рафинирлангандан сунг мис миқдори 99,5—99,99% га етади (техник тоза бирламчи мис ҳосил бўлади). Тоза миснинг 11 та маркаси мавжуд (М006, М06, М1б, М1У, М1, М1р, М1ф, М2р, МЗр, М2 ва МЗ). Энг яхши М006 мис маркасидаги аралашмаларнинг умумий йиғиндиси 0,01% га, МЗ. маркасида эса 0,5% га тенг.
Тоза пиширилган миснинг механик хоссалари қуйидагича: σв = 220 — 240 МПа, НВ 40 — 50, σ - 45 — 50%. Тоза мис электротехника мақсадларида ишлатилади ва сим, чивиқ, тасма, листлар, полосалар ҳамда трубалар кўринишида ишлаб чиқарилади. Механик мустаҳкамлиги кам бўлганлигидан тоза мис конструкцион материал сифатида ишлатилмайди, балки унинг рух, қалай, алюминий, кремний, марганец, кургошин билан қотишмаси ишлатилади
Мисни легирлаб, механик, технологик, эксплуатацион хоссалари яхшиланади. Мис қотишмаларининг учта группаси бўлади: латунлар, бронзалар ва миснинг никель билан қотишмалари.
Латунлар. Мис асосли иккита ёки кўп компонентли қотишмаларга латунлар дейилади, уларда рух асосий легирловчи элемент хисобланади. Рухдан бошқа элементлар киритилганда, киритилган элемент номи билан аталувчи махсус латунлар ҳосил бўлади, масалан, темир-фосфор-марганецли латунлар ва ҳоказолар.
Мисга қараганда латуннинг мустахкамлиги, коррозияга чидамлилиги катта, яхши ишланади (кесиб, қуйиб босим остида ишланади). Латунь таркибида 40—45% рух бўлади. Рух миқдори бундан кўп бўлса, латуннинг мустахкамлиги камайиб, муртлиги ортади. Махсус латунларда легирловчи элементлар миқдори 7—9% дан ортмайди.
Қотишма латуннинг бош харфи Л билан белгиланади. Ундан сунг қотишманинг асосий ташкил этувчиларининг бош ҳарфлари ёзилади: Ц — рух (цинк), О — қалай (олово), Мц—марганец, Ж— темир (железо), Ф — фосфор, Б-бериллий ва хоказо. Ҳарфдан кейин келувчи рақамлар легирловчи элементларнинг процентда берилган миқдорини билдиради. Масалан, ЛАЖМц 66-6-3-2 маркали алюминий-темир-марганецли латунь таркибида 66%) мис, 6% алюминий, 3% темир, 2% марганец бўлиб долгами рухдан иборат.
Бошқа рангли металлар қотишмасига ухшаш латунлар ҳам технологик белгиларига кўра қуймабоп ва деформацияланадиган хилларга булинади. Қўймабоп латунлар (ГОСТ 17711—72) шаклдор қуймалар учун, мўлжалланган бўлиб, улар қуйма парчалари кўринишида етказиб берилади (11-жадвал).
Деформацияланадиган латунлар (ГОСТ 15527—70) Л90 (томпак), Л80 (ярим томпак) каби оддий латунлар, ЛАЖ 60-1-1, ЛС63-3 каби мураккаб латунлар кўринишида ишлаб чиқарилади. Латунлар сим, чивиқ, тасма, полосалар, листлар, трубалар ва бошқа прокатланган ҳамда пресслаб тайёрланган буюмлар кўринишида етказиб берилади. Латунлар умумий ва химия машинасозлигида кенг қулланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |