Aim.uz
Касб этикаси тушунчаси ва унинг моҳияти
Касб этикаси – касбларга хос ахлоқ ҳақидаги таълимот бўлиб, умумий ахлоқий тамойил ва нормаларни, турли касбларнинг хусусиятларини ҳисобга олиб, тадбиқ этишидан иборатдир. Касб этикаси-жамият томонидан қабул қилинган ахлоқ қоидаларини кишиларнинг ихтисосликларига нисбатан тадбиқ қиладиган, касбий бурч, шаън, ор-номус, қадр-қиммат каби хатти-ҳаракатларнинг мажмуи, умумий ахлоқнинг кишилар касб-коридаги ўзига хос кўриниши. Касб этикаси атамаси кишилар ўртасидаги касбий фаолият билан боғлиқ муносабатларга маърифий тус берадиган хулқ-атвор кодексидир, дейиш ҳам мумкин. Касб этикаси умумий этиканинг бир қисми бўлиб, ҳар қандай алоҳида, махсус, конкрет нарса сингари умумий нарсадан фақат ўзига хос шакл ўзгариши билангина эмас, балки умумий нарсани ўз ичига ололмайдиган ўзигагина хос жиҳати билан бойроқдир. Умумун, касб этикаси барча учун бирдек тааллуқли бўлмаган, балки муайян касб-кор эгаларигагина тегишли ижтимоий хулқ-атвор қоидалари, меъёрларидир. Масалан:
1. Педагогнинг касб этикаси. Педогог, аввало, нима учун бу касбни танлаганини теран англамоғи, инсонларни қандай тарбиялаш кераклигини тушуниб етмоғи керак. Бу эса педагогик фаолият ва этикетнинг асосий омилидир. Боланинг ички дунёсига кириб бориш, ишонган дўсти бўлиши, уни эзгуликка йўналтириш, жамиятга фойдали инсон этиб вояга етказиш, унда масъулият ҳиссини шакллантириш-педагогиканинг бош тамойилидир. Касб этикаси қонун-қоидалари меҳнат фаолияти жараёнида шаклланиб, такомиллашиб боради. Касбий омилкорлик, ўз ишини яхши билиш, қайси касб бўлишидан қатъий назар, ахлоқий меъёрларнинг бошланишидир ва ҳ.к.
2.Журналист этикаси.
3.Шифокор этикаси ҳақида ҳам шундай фикр юритиш мумкин.
4.Ҳуқуқ этикаси. Ҳозирги вақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари касб ахлоқида уч турдаги ахлоқий норма ва тамойиллар амал қилади:
1) Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари касб ахлоқининг асосий мазмунини умуминсоний ахлоқий нормалар ташкил қилади. Лекин уларнинг баъзилари, масалан, жасурлик, бурчга содиқлик, адолатпарварлик асосий аҳамиятга эга бўлади.
2) бу ерда яна фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига хос ахлоқий норма ва тамойиллар амал қилади. Масалан, маълумотларнинг сир сақланиши, бошлиқлар ва бўйсунувчилар ўртасидаги ўзига хос муносабатлар ва шу кабилар.
3) шу билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилишнинг фақат у ёки у хизматига тааллуқли бўлган ахлоқий норма ва тамойиллардир. Масалан, фуқаролар билан ишлаш жараёнида қўлланиладиган оператив хатти-ҳаракатлар қоидалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига конфиденциал ёрдам берган фуқароларнинг сирини сақлаш ва ҳ.к., бу қоидалар шакл жиҳатидан умуминсоний қоидалардан фарқ қилиши мумкин, лекин ўзининг ахлоқий мазмунини сақлаб қолади.
Ахлоқ ва ҳуқуқнинг муносабати қуйидагиларда намоён бўлади:
бирлиги ва ўхшашлигида;
фарқли томонларида;
ўзаро таъсирида.
Специфик, махсус жиҳат умумий нарсага тўла-тўкис кирмаслиги сабабли профессионал, касбий этиканинг тамойил ва нормалари нисбатан мустақилдир. Шунга кўра, профессионал, касбий этиканинг ўзи ҳам нисбатан мустақилдир.
Профессия лотинча «proffessio» - сўзидан олинган бўлиб, расмий равишда кўрсатилган машғулот, ихтисос, меҳнат фаолияти тури бўлиб, муайян тайёргарликни талаб қилади ва тирикчилик манбаи ҳисобланади.
ЮНЕСКОнинг 1974 йил ноябрида Парижда ўтказилган XYIII Бош ассамблеяси «Илмий ходимларнинг статуси тавсиялари» деб аталган ҳужжат қабул қилди. Польша Халқ Республикасида илмий ходимларнинг этикавий кодекси проекти тайёрланди1. Профессионал этика ахлоқнинг специфик назарияси сифатида ижтимоий меҳнат тақсимоти билан ихтисослар ва профессионал ахлоқ спецификаси пайдо бўлишига боғлиқ равишда вужудга келади.
Ижтимоий меҳнат тақсимоти меҳнатнинг бир тури билан банд бўлган кишилар гуруҳларининг профессионал жиҳатдан ажралиб чиқишига асос солди. Маълумки, профессионал гуруҳларнинг ҳаммаси бир вақтнинг ўзида вужудга келгани йўқ. ишлаб чиқарувчи кучларнинг муттасил ривожланиши натижасида дастлаб ихтисосларнинг кичик гуруҳи бўлган меҳнатнинг янада ихтисослашуви жараёнида улардан янги-янги ихтисосликлар ташкил топади.
Касбларнинг мавжудлиги кишилар ўртасидаги профессионал алоқаларнинг ўзига хос хусусиятларини пайдо қилади. Меҳнат объектига, меҳнат қуролларига, усул ва вазифаларига қараб, кишидан муайян турдаги ҳаракатларни, ритмларни, методларни, психологик реакцияларни талаб этадиган вазиятларнинг такрорланмас ўзига хослиги вужудга келади. Ҳар бир касбнинг ўзига хос усули пайдо бўладики, инсон ўзининг субъектив туйғулар олами, интилишлари, ахлоқий фикри билан унга жалб бўлади.
Профессионал муносабатлардаги хилма-хил вазиятлар орасида касбнинг нисбатан мустақиллигини, спецификасини характерлаб берадиган энг типик вазиятлар ажралиб чиқа бошлайди. Бу эса ўз навбатида, кишиларнинг хатти-ҳаракатлар спецификасини, хулқ-атвор нормаларининг ўзига хослигини келтириб чиқаради. Шундай қилиб, профессионал муносабатлар сифат жиҳатидан барқарорлик касб этиши биланоқ, бу ҳол меҳнатнинг характерига мувофиқ алоҳида ахлоқий дастурлар шаклланишига, яъни профессионал ахлоқнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Профессионал ахлоқ ўз нуфузига, шон-шавкатига эга бўлиб, унинг баъзи ўзига хос жиҳатлари ҳам мавжуд. Ҳар бир ихтисос ҳамда ўхшаш ихтисос гуруҳлари учун қуйидаги асосий хусусиятларни кўрсатиш мумкин:
профессионал ахлоқнинг марказий категоряси бўлмиш профессионал бурчни адо этиш учун ахлоқнинг ижтимоий муҳимлиги;
мазкур ихтисос учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ахлоқий талаблар муайян аспектларнинг салмоғи;
ахлоқий талабларнинг конкрет бажарилиши ва у ёки бу ихтисос вакиллари онгида мустаҳкамланиб қолган қоидалар, урф-одатлар, майллар, таомилларнинг мавжудлиги.
Бу ўзига хос хусусиятларнинг барчаси, турган гапки, бир бутун умумий ахлоқий талаблар зарурлигини инкор этмайди, уларнинг моҳиятини, умумий маъносини ўзгартирмайди, профессионал жамоалар ёки профессионал гуруҳларнинг аъзоларини жамиятда таркиб топган ахлоқ принципларига риоя қилишдан қутқармайди. Аксинча профессионал ахлоқ мавжудлиги туфайли умумий ахлоқий йўл-йўриқлар бунда ихтисослашиб, қўшимча таъсир кучига эга бўлади, кучаяди, изчилроқ ва қовушимлироқ бўлиб қолади. Бошқача қилиб айтганда, профессионал ахлоқнинг ҳар бир шакли нисбий мустақилликка эгадир. Шундай қилиб, ахлоқ масаласида унинг умумий тамойил ва нормаларини мутлоқлаштиришга ҳам, профессионал ахлоқнинг ўзига хос хусусиятларини ошириб кўрсатишга ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Уларга диалектик яхлитликдагина қараш лозим.
Профессионал ахлоқ якка ҳолда бўлмай, умумий ахлоққа унинг таркибий қисми сифатида кириши, айни вақтда баъзи ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши сабабли профессионал этика ҳам умумий этикага нисбатан айрим назарий тармоқдир. Унинг предмети профессионал ахлоқнинг ўзига хослиги, аниқ тарихий шароитларда унинг шаклланиши ва ривожланишининг қонуниятлилигидир.
Ихтисосликларнинг ўзи меҳнат турларининг объекти ва ҳажми билангина эмас, балки таъсир кўрсатиш мақсадлари билан ҳам фарқланади. Шу сабали, профессионал этиканинг конкрет турлари мавжуд. Улар қуйидагича: педагогик, шифокорлик, юридик, партиявий, ҳарбий, театр, спорт, дипломатик, туристик (сервис) ва бошқа турларини кўрсатиш мумкин.
Хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг профессионал вазифаси харидорлар, мижозлар, туризм-сервис йўналиши ва ҳоказолар билан хушмуомалада ва самимий муносабатда бўлишдан ва ҳ.к.лардан иборатдир. Сотувчи товарнинг дефектларини харидорга айтиши, бу товарни яна қаердан топиш мумкинлиги ва ҳ.к.лардан уни воқиф қилиши шарт. Ҳатто табассум ҳам хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг профессионал жиҳатидир. Юқорида айтилган талаблар қатъий ўзига хос хусусиятга эга эмас, одамларнинг ҳаммаси бир-бирларига меҳрибонлик ва самимият билан муомалада бўлиши, ростгўй, адолатли бўлиши зарур деган ва ҳ.к. эътирозлар туғилиши мумкин.
Шундай эканлиги шак-шубҳасиз, аммо барча ихтисосликлардаги сезгирлик, инсонийлик, масъулиятнинг сифати айни бир хилда эмас, ҳар қайсисининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда тафовутлари бор. Масалан, медик ихтисослигида сезгирлик, инсонийлик энг юксак даражада зарурий характер касб этади ва бу хусусиятлар врачда, айниқса, ривожланган бўлиши керак. Юрист ёки ҳарбий кишининг фаолиятида сезгирлик ва инсонийлик тиббиёт соҳасидагига ўхшамайдиган бошқача, ўзига хос шакл касб этиши мумкин. Бироқ, профессионал гуруҳлар кишиларнинг хулқ-атворига нисбатан қандай қўшимча талаблар билан фарқ қилмасинлар, бу талаблар умумий ахлоқ талабларида бари-бир бир-бирига ўхшайди.
Шундай қилиб, илмий порофессионал этика - назарий фандир, этиканинг ўзига хос қисмидирки, унинг методологияси тарихий ва конкрет-ижтимоий, умуминсоний ва миллий, диалектик ва ижодий, мантиқий-илмий, амалий ва ҳаётий ҳисобланади. Профессионал этиканинг предмети профессионал ахлоқдир, у ҳам профессионал муносабатларнинг ахлоқий нормаларга таъсири, ихтисосларнинг ижтимоий вазифалари, мақсадлари ва социал тараққиётдаги аҳамиятидан иборат мураккаб жараённи ўрганади, ахлоқнинг умумий тамойиллари ва нормаларининг профессионал муносабатлар амалиёти таъсири характерини очиб беради.
Профессионал этиканинг мақсади меҳнат фаолияти объекти – инсонга муносабат бирор ихтисослик вакили бўлмиш ҳар бир киши онгига, руҳиятига қай тариқа сингиши ва хатти-ҳаракатларида қай тариқа намоён бўлишини кўрсатишдан иборатдир.
Профессионал этика масалаларини ўрганиш бизни умумийдан алоҳидага томон, муҳимдан шу муҳим нарса ўзига хос йўсинда намоён бўладиган ҳодисаларга томон олиб боради. Бу ҳол ахлоқнинг унинг барча аниқ кўринишларида кенгроқ билиш ва уни шахснинг амалий фаолияти билан боғлаш имконини беради. Жумладан, туризм-сервис соҳасидаги ходимларнинг профессионал вазифасида ҳам умумийлик, хусусийлик ва алоҳидалик хусусиятлари мавжуд.
Профессионал этикада фаолиятнинг психологик ва ахлоқий фазилатлар у ёки бу турларининг алоқасини ижтимоий манфаатларнинг айрим шахснинг маслаги, дунёқараши, эътиқоди, миллий ғурури, қизиқишлари ва истеъдоди билан мос келишини кузатиш мумкин.
Профессионал этика бурчни, профессионал ор-номусни, шон-шарафни, қадр-қимматни, маънавий покликни, садоқатни тушунишда объектив ва субъектив жиҳатнинг, ички ва ташқи жараённинг диалектик бирлигини янада чуқур англаш учун материал беради.
Профессионал этиканинг мазмунини белгиловчи баъзи ўзига хос жиҳатлар ана шулар бўлиб, унинг амалий аҳамияти у ёки бу ихтисослик вакилларининг ахлоқий-психологик тайёргарлик даражасини янада юқори поғонага кўтариш имкониятидир, бизнинг стратегик мақсадимиз бўлган, мустақил Ўзбекистонда озод ва обод, Ватан эркин ва фаровон ҳаётни қуришга ҳиссамизни қўшишдан ҳамда ўзимизни англаб ва дунёга ўзимизни англатишдан иборатдир.
Умуман, этиканинг жамият тараққиётидаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг этика ислоҳотлар туфайли янгиланаётган жамиятда тобора ўз юксак мавқеини эгаллаб, юксалиб тараққиётга хизмат қилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |