Металл қуйманинг тузилиши. Ўсувчи кристалларнинг шакли уларнинг бир-бирига тегиш шартлари билангина эмас, балки қотишманинг таркиби, қўшилмалар борлиги ва совиш режими билан ҳам белгиланади. Одатда, кристаллар ҳосил бўлиши механизми дендрит (дарахтсимон) характерга эга.
Дендрит кристалланиш зарраларнинг нотекис тезликда ўсиши билан характерланади. Зарралар ҳосил бўлгач, уларнинг ривожланиш атомлар жойлашишининг зичлиги катта ва улар орасидаги масофа кичик бўлган текислик ҳамда панжара йўналишларида содир бўлади. Бу йўналишларда бўлғуси кристаллнинг биринчи тартибли ўқлари (1) деб аталувчи узун шохчалар пайдо бўлади. (5-расм) Кейинчалик биринчи тартибли ўқлардан янги иккинчи тартибли ўқлар (2), иккинчи тартибли ўқлардан эса учинчи тартибли ўқлар (3) ўсиб чиқади ва ҳ.к. кристаллана бориш давомида юқори тартибли ўқлар ҳосил бўлиб, улар аста-секин суюқ металл эгаллаб турган оралиқларни тўлдира боради.
Пўлат қуйма олишнинг реал процессини қўриб чиқамиз. Пўлат қуймалар металл қолипларла (изложницаларда) ёки узлуксиз пўлат қуйиш қурилмаларида совитиш йўли билан олинади. Иссиқликнинг бир хил тезликда чиқишини таъминлаш мумкин бўлмаганлиги учун қолипда пўлат бутун ҳажм бўйича бир вақтда қота олмайди. Шунинг учун пўлат қолипнинг совуқ девори ва тубида кристаллана бошлайди, сўнгра суюқ металлнинг ичи томон ёйилади.
Суюқ металл қолип деворлари 1 га текканда дастлабки пайтда ўқлари тенг бўлган майда кристаллар зонаси 2 ҳосил бўлади. (6-расм)
Қаттиқ металл ҳажми суюқ металл ҳажмидан кичик бўлганлигидан қолип девори билан қотган металл орасида ҳаво қатлами ҳосил бўлади ҳамда металл деворига тегиши натижасида девор қизийди, шунинг учун металлнинг совиш тезлиги камаяди ва кристаллар иссиқлик чиқаётган устунсимон кристаллардан ташкил топган зона 3 ҳосил бўлади. Қуйманинг ички зонаси 4 да секин совиш оқибатида тенг ўқли ориентирланмаган катта ўлчамли кристаллар ҳосил бўлади.
Қуйманинг энг охирида совийдиган юқори қисмида совиш жараёнида металл ҳажмининг кичрайиши оқибатида чўкиш чуқурчаси 6 пайдо бўлади. Чўкиш чуқурчаси остидаги зона 5 да металл чўкиш ғоваклари кўп бўлганлигидан қуймада зичлиги паст бўлган қисми олиб ташланади. Олиб ташланган қисми қайта эритишда фойдаланилади.
Қуйма бир жинсли бўлмаган химиявий таркибга эга бўлиб, у қанча катта бўлса, қуйма шунча йирик бўлади. Масалан, пўлат қуймада олтингугурт ва фосфор концентрацияси қуйма сиртидан марказга томон ва пастдан юқори томон кўпайиб боради. Қуйманинг айрим зоналар бўйича химиявий бир жинслимаслиги зоналликвация деб аталади. У металлнинг механик хоссаларига салбий таъсир кўрсатади.
6-расм. Пўлат қуйманинг тузилиш схемаси
а-қуйманинг ташқи қисмида дендритларнинг жойлашиши, б-қуйманинг тузилиши; 1-қолип девори; 2-майда тенг ўқли кристаллар; 3-дарахтсимон кристаллар; 4-тенг ўқли катта ўлчамли ориентирланмаган кристаллар;
5-чўкиш ғоваклари; 6-чўкиш бўшлиғи.