www.ziyouz.com кутубхонаси
24
чиқиб ўтиришди. Уларнинг атрофини 9 та ёш ит доира бўлиб ўраб олишди. Улар орқасида эса
худди хор капеллаларидаги ашулачилар қатори каби бошқа чўчқалар ўтиришарди. Уларнинг
орқасидан бошқа ҳайвонлар жой олишди. Ҳамма ҳайвонларнинг диққати минбарда савлат
солиб ўтирган уч чўчқага каратилганди. Наполеон бир ҳафталик топшириқларни кескин ва
қатьий оҳангда йўғон овоз билан тушунтирди. Сўнгра "Англия ҳайвонлари" қўшиғини бир
марта куйлашганларидан кейин тарқалишди.
Сноубол фермадан ҳайдалганининг учинчи якшанбасида Наполеон шамол тегирмонининг
қурилишини бошлаш ҳақида буйруқ берди. Буни эшитган ҳайвонлар ҳайрон бўлишди.
Наполеоннинг ўз қарорини ўзгартириш сабабини билолмасдан ақллари шошиб қолди. Улар лол
қолиб бир-бирларига қарардилар. Напалеон ишнинг мураккаблиги ва қийинчиликлари ҳақида
муфассал гапирди. Ҳатто қурилишга сарфланадиган маблағ ҳисобига ҳайвонларга бериладиган
озиқ-овқатнинг миқдори камайиши мумкинлигини айтиб уларни огоҳлантирди. Шамол
тегирмонининг лойиҳаси мукаммал тайёрланганди. Унинг устида махсус тузилган чўчқалар
гуруҳи уч ҳафта давомида тинимсиз ишлади. Ишчи гуруҳи шамол тегирмони қурилишига бир
йил сарфланиши ҳақидаги ўзининг хулосасини берди. Скуийлир бўлса ҳайвонлар орасида
ўзининг тушунтириш ишларини бошлаб юборди. У кечқурунлари ҳайвонлар қонини қизитиб
юборадиган оташин нутқларни сўзларди:
— Ўртоқлар,-деб мурожаат қиларди у. Ҳурматли раҳбаримиз ўртоқ Наполеон шамол
тегирмони қурилишига ҳеч қачон қаршилик қилган эмаслар. Аксинча, уни ҳимоя қилишганди.
Сноуболнинг гўдаклар боқиладиган хона полига чизилган лойиҳаси асли ҳурматли раҳбаримиз
Наполеон томонидан яратилганди. Сноубол уни ўғирлаб олган эди. Шамол тегирмонининг
қурилиши ҳақидаги ғоя ҳам дастлаб ўртоқ Наполеон томонидан кўтарилганди. Шу пайт
ҳайвонлар орасида ўтирган қайси бир ҳайвон:
-Нима учун ўртоқ Наполеон шамол тегирмони қурилишига қаршилик қилганди?- деб сўраб
қолди.
- Ўртоқлар,-деб жавоб бера бошлади Скуийлир,- бизнинг раҳбаримиз ўртоқ Наполеон
хушёр, эпчил ва уддабурон. У рўй берувчи воқеаларни олдиндан кўра олгани ҳамда
Сноуболнинг яширин ҳаракатларини сезганлиги учун ҳам шундай қилган эди. Асл ҳақиқатни
очиб, Сноуболнинг душманлигини фош этиш мақсадида шамол тегирмонининг қурилишига
қаршилик қилишганди. Бизнинг ғалабамизни кўролмаган Сноубол хавфли душманимиз эди.
Таъсирчан ва чиройли маърузалари билан ўзининг асли мақсадини ниқоблаб олганди. «Ҳайвон
ферма»сини ичидан туриб ташқи душманларимиз билан ҳамкорликда қўпорувчилик ишларини
олиб боришга тайёргарлик кўраётганди. Доно раҳбаримиз ўртоқ Наполеон эса буни сезиб
турарди. Шу боис ҳам шамол тегирмонининг қурилишига ўзини қаршидек қилиб кўрсатганди.
Бу Сноуболнинг душманлигини фош этиш ва бўладиган кўнгилсиз ишларнинг олдини олиш
учун қилинган ишлардан бири эди. Буни ҳарбийлар ва сиёсатчилар тактика деб атайдилар.
Скуийлир охирги жумлани уч маротаба баланд овоз билан такрорлади ва думини
ликкиллатиб, мароқ билан айёрона кулди. Ҳайвонлар бу сўзнинг маъносини аниқ
тушунмасалар-да Скуийлирнинг сўзларидаги ишонтириш қуввати уларнинг ақлларини ўғирлаб,
муҳокама қилиш ҳофизасини йўқотди. Унинг устига итлардан учтаси таҳдид солиб иррилади.
Натижада Скуийлирнинг фикрлари ҳайвонлар томонидан сўзсиз қабул қилинди.