Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Илмий тадқиқот ишининг натижалари 2 та халқаро, 11 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 24 та илмий-услубий иш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертация-лари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 6 мақола, шундан 5 та республика ва 1 таси хорижий журналларда чоп этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация таркиби кириш, учта боб, умумий хулосалар, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссертация ҳажми 140 бетни ташкил этади.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Кириш қисмида диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати асосланган, мавзу бўйича хорижий илмий тадқиқотлар шарҳи ва муаммонинг ўрганилганлик даражаси ёритилган, тадқиқот мақсади ва вазифалари, шунингдек, объект ва предмети шакллантирилган; ишнинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишига мослиги кўрсатилган ҳамда илмий янгилиги, натижаларнинг ишончлилиги, назарий ва амалий аҳамияти, натижаларнинг амалиётга жорий этилиши, эълон қилинганлиги, ишнинг тузилиши борасида маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг “Бўлажак математика ўқитувчилари касбий тайёргарлигида фанлараро интеграциянинг назарий асослари” деб номланган биринчи бобида бўлажак математика ўқитувчилари касбий тайёргарлиги мазмунини интеграциялаш муаммолари, касбий тайёргарлигида математик фанларни ўқитиш жараёнида интегратив ёндашувлар илмий ва педагогик нуқтаи-назардан таҳлил этилган ҳамда математика фанлари мазмунини ахборот-коммуникация технологиялари асосида интеграциялашнинг педагогик асослари ёритиб берилган.
Таълимни интеграциялаш, унинг илмий-методик асосларини тадқиқ этиш, шакл ва методларини ишлаб чиқиш давлат таълим стандарти ва узлуксиз таълим тизими билан боғлиқ долзарб масаладир. Бугун янги ижтимоий-иқтисодий шароитда амалга оширилаётган таълим тизимининг интеграцияси бозор иқтисодиёти ўзгаришлари талабларига мос келиши; ўқув жараёнининг моддий-техник ва ахборот базаси билан етарлича таъминлаш; таълим-тарбия жараёнига юқори малакали илмий-педагогик кадрларни жалб этиш ҳамда сифатли ўқув-методик ва дидактик материаллар тайёргарлиги; таълим тизими билан илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, интеграцион билимларни амалда қўллаш айниқса муҳим долзарблик касб этмоқда.
Таълимни такомиллаштиришдаги турли ёндашувлар, фанларни ўқитишда интеграция ва уни таъминлаш муаммолари бўйича илмий-методик ишларни таҳлил қилиш натижасида бўлажак математика ўқитувчиларининг касбий тайёргарлигини такомиллаштиришда интегратив ёндашувни татбиқ этиш бўйича илмий изланишларга зарурат мавжудлиги ҳақидаги хулосага келинди. Мавжуд илмий изланишлар интегратив таълимнинг самарадор эканлигини ва унинг замонавий талабларга мослигини таъкидлайдилар. Бироқ интегратив таълим моҳиятини талқин этишда ягона фикрнинг мавжуд эмаслиги, интеграция муаммоси ҳали етарлича ишланмаганлигини кўрсатади. Айниқса, интегратив дарслар тузилмасига мос талабларга асосланган методик тизимнинг мавжуд эмаслиги, интегратив ёндашув асосида касбий фаолият самарадорлигининг оширишнинг электрон-методик таъминотининг ишланмаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Тадқиқот ишида интеграциянинг луғавий маънолари, изоҳлари, таърифлари ва уларнинг таълимда қўлланилиши илмий жиҳатдан таҳлил қилинди ва улар асосида интеграция тушунчасига берилган таърифларни умумлаштирган ҳолда, қуйидагича муаллифлик ёндашуви асосида таъриф берилди: интеграция – тизимнинг, бир бутун организмнинг бир-биридан фарқ қилувчи алоҳида бўлакларининг ўзаро боғланганлигини англатувчи ҳамда худди шу ҳолатни келтириб чиқарувчи жараёндир.
Бугунги кунда бўлажак математика ўқитувчиларининг касбий тайёргарлиги мазмунини ифодаловчи математик фанлар ва умумтаълим фанлари интеграциясининг моҳияти, мазмуни ва ташкил этиладиган интегратив дарслар бўйича методик тизим талабларини ишлаб чиқиш зарурлиги аниқланди. Бундай методик тизимни яратиш бўлажак математика ўқитувчиларининг касбий тайёргарлик мазмунини интегратив ёндашув асосида такомиллаштирилиши асослаб берилди. Жамиятнинг тез суръатлар билан ривожланиши, унинг глобаллашуви, ахборот оқими ва ахборот-коммуникация технологияларининг тез суръатларда ривожланиши, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига, жумладан, таълим соҳасига ҳам ўз таъсирини ўтказиши таълим мазмуни, ўқитиш методлари ва технологияларига ўзгаришлар киритишни талаб этмоқда. Айниқса, таълим мазмунини интегратив ёндашув асосида мунтазам янгилаб бориш муҳим стратегик масалалардан бири ҳисобланади.
Фан-техника ва технологияларнинг жадал тараққиёти туфайли илмий ахборотлар кўлами кескин ошаётган бугунги кунда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва оммавийлаштириш долзарб масалалардандир. Бу масаланинг ечими эса, ўз навбатида, таълим, фан-техника, технология ва ишлаб чиқаришнинг ягона интеграциялашган тизимини ташкил этишни талаб этади.
Бўлажак математика ўқитувчилари касбий тайёргарлигини такомиллаштиришнинг қуйидаги асосий функциялари, йўналишлари, тамойиллари ва имкониятлари аниқлаштирилди (1-жадвалга қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |